Ўзбекистон | 16:11 / 12.10.2022
5107
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда фуқарони 2 500 доллар эвазига Миллий гвардияга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди

Дастлабки суриштирувда ушбу шахс яна кўплаб инсонларни алдаб, уларнинг пулларини ўзлаштиргани аниқланган.

Фото: AP

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 3 октябрь куни, Термиз шаҳар Мажнунтол маҳалласида яшовчи, М.Сухроб шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзига нисбатан фирибгарлик қилмоқчи бўлаётган шахсга қонуний чора кўришни сўраган.

Унинг аризасига асосан, 2022 йил 3 октябр куни Термиз шаҳар А.Авлоний маҳалласи ҳудудида, вилоят ИИБ ва ДХХ бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда, шаҳарнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи С.Самандар М.Сухробнинг ишончига кириб, ўзининг ҳарбий қисмда ишлашини ва уни Миллий гвардияга ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, 2 500 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 5,5 миллион  сўм пул олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, С.Самандар бир неча кишига нисбатан фирибгарлик қилиб, уларнинг пулларини ўзлаштириб кетгани аниқланган.

Жумладан, 2022 йил август ойида, Д.Далернинг ишончига кириб, унинг укасини жазони ижро этиш колониясидан озод қилишини айтиб, 2,5 миллион сўм олган. Ш.Саодатга банкдан кредит чиқариб беришини айтиб, 2,5 миллион сўмлик бир жуфт тилла зирагини олиб кетган.

Бундан ташқари, С.Самандар 2022 йил май ойида, Т.Толибнинг ишончига кириб, бундан 10 йил муқаддам қарз бўлган М.Авазов ва Я.Авазовдан 25 миллион сўм пулларини олиб беришини айтиб, 500 АҚШ доллари ва унинг шахсий ҳужжатларини олиб кетган.

Шунингдек, 2022 йил 3 сентябр куни Б.Барнонинг ишончига кириб, 1 дона тилла узук ва 1 жуфт тилла зиракларни 10 сентябр куни пулини беришини айтиб олиб кетган.

Қайд этилишича, 2022 йил 3 октябр куни С.Самандарга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид