ЙТҲ қурбонларидан бири 19 кунлик куёв. Пойтахтдаги аянчли ЙТҲ бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди
9 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Махтумқули кўчасида юз берган аянчли йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида аввалроқ хабар берилганди. Kun.uz ҳодисада жабрланганлар даволанаётган шифохонага бориб, беморлар ҳамда шифокорлардан, шунингдек, автоҳалокат натижасида вафот этган йўловчилардан бирининг яқинларидан изоҳ олди. Суриштирувларимиз давомида марҳумлардан бири 19 кунлик куёв экани маълум бўлди.
Мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган икки нафар шахс айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жарроҳлик бўлимида даволанмоқда. Жабрланувчилардан бири авария вақтида Nexia-3 автомобилининг орқа қисмида бўлган йўловчи бўлиб, марказ нейрохирурги Дониёр Исроилов ушбу беморнинг ҳолати ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.
“Бемор бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси билан ётқизилган. Марказимизда у керакли барча текширувлардан ўтказилиб, зарур даволаш муолажалари тайинланган. Назоратда бўлган даврда беморда мия симптомлари анча камайган. Ўзини яхши ҳис қилмоқда”, дея Дониёр Исроиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шу ўринда қизиқ бир ҳолат. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 9 октябрда содир бўлган авария ҳақида маълумот бераркан, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганларнинг бири Nexia-3 ҳайдовчиси экани ҳақида хабар берганди. Буни ушбу йўл-транспорт ҳодиса ҳақида турли нашрларда чиққан хабарлар ҳам тасдиқлайди.
Бироқ суриштирувларимиз давомида бу маълумот нотўғри экани маълум бўлди. Аварияда ҳалок бўлганларнинг ҳар иккиси Nexia-3 йўловчиси бўлиб, ҳодисада оғир жароҳат олган ҳайдовчи ҳозир шифохонада даволанмоқда.
“Марказимизга олиб келинган вақтда беморда кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, 9 ва 10-қовурғалар ҳамда бел умуртқасининг синиши, бош мия чайқалиши аниқланган. Шу ташхислар билан бемор шифохонамизга ётқизилган. Ҳозирги кунда у керакли муолажаларни олмоқда. Аҳволи қониқарли. Беморнинг ҳаётига хавф солувчи омиллар йўқ”, дейди Жамшид Жабборов.
Ҳозирги вақтга келиб Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ўзи тарқатган хабарни таҳрирлаб, матндан ҳайдовчи вафот этганига оид маълумотни олиб ташлаган. Бироқ хабарнинг дастлабки варианти Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Telegram-каналида сақланиб қолган бўлиб, унда вафот этганларнинг бири ҳайдовчи экани қайд этилганини кўриш мумкин.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Худойберганов ҳодиса вақтида Nexia-3’да беш киши бўлганини айтганди. Бироқ авария пайти машинада бўлган йўловчилардан бири бу маълумотни рад этди.
“Акамлар билан “Тапоич”дан уйга қайтаётгандик. Мен машинанинг орқа ўриндиғида ўтиргандим, ҳайдовчининг орқа тарафида. Машинада мен билан бирга 4 киши бор эди. Йўлда ухлаб кетаётгандим. Авария бўлганини билмай қолдим. Машинадан тушиб, “шок” ҳолатида озроқ ўтирдим. Акамларнинг тепасига бордим. Шу билан мениям шифохонага олиб кетишди. Кейин нима бўлганини билмайман”, дейди ЙТҲ натижасида жабрланган йўловчи.
Ҳодиса тафсилотларини суриштираётган вақтимизда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошқарувни йўқотиб, мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасига ва икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган BMW ҳайдовчисининг интервьюсини эълон қилди.
“Учинчи қаторда кетаётгандим. Ўртада кетаётган Gentra йўлимга чиқди. Мен ўрта “полоса”га қочдим. У кейин яна жойига қайтгиси келиб қолди. Шу пайт мени сиқиб қўйди, тормоз босдим, уёғини билмайман. Машина сузиб кетиб қолди. Кейин тепага чиқиб кетдим. Ҳушимга келгач, машинани ўчирдим. Марҳумларнинг яқинлари, оила аъзоларидан узр сўрайман. Мен уйдан бундай бўлишини хоҳлаб чиқмаганман”, — дейди у.
Ижтимоий тармоқларда 9 октябр куни рўй берган аварияга сабабчи бўлган BMW’га оид бошқа видеолар ҳам тарқалмоқда. Машинанинг рақами ва туси Махтумқули кўчасида йўл-транспорт ҳодисасига учраган, ҳозирги вақтда жарима майдонида сақланаётган автомобилники билан бир хил.
Kun.uz мухбири аянчли автоҳалокат натижасида дунёдан кўз юмган инсонларнинг хонадонларида ҳам бўлиб, марҳумларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
“Йигирма олти йил. Орамизда энг охирги уйланганлардан бири эди. Яқинда уйлантиргандик. Чилласи ҳам чиқмаганди. Энг оғир томони ҳам шу”, дейди марҳумнинг дўсти Беҳрўз Ўктамов.
“Энг яхши кўрадиган жияним эди у. Укамдай кўрардим. Ҳаммага ёрдам бериб юрган инсон эди. Ҳеч кимнинг кўнглига озор бермаган. Оилада тўртта фарзанд: уч қиз ва бир ўғил. Марҳум оиланинг ягона боқувчиси эди. Ҳалигача ишонмаяпман. Ўн тўққиз кунлик куёв эди. Илтимос, йўлларда ҳаракатланганда тўғри юринглар” дейди марҳумнинг қариндоши Шерзод Шоназаров.
Эслатиб ўтамиз, инсонлар ўлимига сабабчи бўлган ЙТҲ бўйича Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
17:02 / 10.11.2024
Россиядаги ЙТҲда 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
10:30 / 10.11.2024