Жаҳон | 08:26 / 13.10.2022
10071
3 дақиқада ўқилади

G7 молия вазирлари Украинани қўллаб-қувватлаш давом этишини маълум қилди

«Катта еттилик» Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашда давом этади», - дея маълум қилди Вашингтондаги вазирлар йиғилиши иштирокчилари. Улар Россияни Украинага қарши «адолатсиз ва шафқатсиз уруш»ни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

Фото: Shutterstock

«Катта еттилик» мамлакатлари молия вазирлари Киевни Россиянинг ушбу мамлакатга ҳарбий тажовузкорлиги муносабати билан узоқ муддатли ёрдам давом эттирилишига ишонтирди. 12 октябр, чоршанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг молия идоралари раҳбарлари: «Катта еттилик» Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашда давом этади», деб маълум қилди. «Катта еттилик» мамлакатлари вакиллари Украинага қисқа муддатли молиялаштириш эҳтиёжларини қондиришда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришди, деб ёзади AFP агентлиги.

Молиявий G7 Россияни Украинага қарши «адолатсиз ва шафқатсиз уруш»ни зудлик билан тугатишга чақирди. Вазирлар, шунингдек, Россия нефти нархини чеклаш масаласида «катта муваффақиятга эришганликларини» ва Австралиянинг бу вазифада иштирок этишини олқишладилар. Тахминларга кўра, бундай чора Россиянинг Украинага қарши урушни молиялаштириш имкониятларини чеклайди. Россиядан нефтга нарх чегарасининг жорий этилишига жаҳон энергия нархлари ўсишини жиловлаш йўлларидан бири сифатида қаралмоқда.

Вашингтонда «Катта еттилик» мамлакатлари молия вазирлари ва марказий банклари раҳбарларининг учрашуви Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки бошқарув органларининг кузги сессияси доирасида бўлиб ўтди. Ҳозирда G7'га Германия раислик қилмоқда.

Россия нефти нархининг максимал чегараси Европа иттифоқи томонидан 6 октябрда тасдиқланган Россияга қарши санкцияларнинг саккизинчи пакетида кўзда тутилган. 2022 йил декабридан Россия нефтини, 2023 йил февралидан эса Россияда ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотларини учинчи давлатларга ташишга тақиқ кучга киради. Шунингдек, Россиядан нефть билан боғлиқ молиявий ва бошқа хизматларни кўрсатиш тақиқланади.

Европа операторларига Россиядан нефть ва нефть маҳсулотларини учинчи давлатларга фақат белгиланганидан паст нархда сотиб олинган тақдирдагина ташишга рухсат берилади. У аниқ қандай бўлиши кераклиги кейинроқ аниқланади.

Саккизинчи пакетга, шунингдек, Россиядан жами 7 миллиард евролик товарлар, жумладан, тайёр пўлат маҳсулотлари, машиналар, транспорт воситалари, айрим кимёвий моддалар, кийим-кечак, чарм, керамика ва заргарлик буюмлари импортини тақиқлаш ҳам киритилган. Янги санкциялар Европа иттифоқи фуқароларига Россия давлат корхоналарида юқори лавозимларни эгаллашни ҳам тақиқлайди.

Мавзуга оид