Ўзбекистон | 12:57 / 13.10.2022
16398
3 дақиқада ўқилади

Uzcard яна хусусийлаштирилди

Давлатнинг Uzcard'даги 75 фоизлик улуши компаниянинг қолган тўрт нафар таъсисчисига сотилган. Давлат активларини бошқариш агентлиги сентябр ойида рўй берган хусусийлаштириш ҳақида ОАВда тарқалган хабарлардан кейингина расмий маълумот берди.

Фото: Uzcard

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ (Uzcard) яна хусусий компанияга айланди. Ундаги 75 фоиз давлат улуши компаниянинг қолган 25 фоизига эгалик қилган Камрон Акбаров, Тимур Азадов, Мансур Усмонов ва Обид Ағзамхўжаевга ўтказилди. Энди уларнинг ҳар бири компанияда 25 фоизлик улушга эга.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, хусусийлаштириш бўйича битимлар қиймати баҳоловчи компания хулосасига асосан жами 210,1 млрд сўмни ташкил этган.

Компаниядаги давлат улушини сотиб олишда бошқа таъсисчилар “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланган.

“Жамиятнинг устав фондидаги 75 фоиз давлат улуши жамиятнинг қолган 4 нафар иштирокчилари томонидан, имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда, ўз улушларининг миқдорига мутаносиб равишда ҳар бирига 18,75 фоиздан Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуни ҳамда Мулкни баҳолаш миллий стандартининг талабларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жалб этилган мустақил баҳоловчи "Real Excellent Valuation" МЧЖ томонидан баҳоланган қийматда, жамиятнинг устав капиталидаги давлат улушини сотиб олиш истаги билдирилган.

Шунга кўра, “Ягонa умумреспубликa процессинг мaркaзи” МЧЖнинг 75 фоиз давлат улушини жамиятнинг қолган 4 нафар иштирокчиларига ўз улушларининг миқдорига мутаносиб равишда баҳоланган қийматда, жами 210,1 млрд сўмга сотиш юзасидан олди-сотди шартномалари имзоланган.

Ўз навбатида, мазкур шартномаларга мувофиқ, жорий йил сентябр ойида Давлат активларини бошқариш агентлигининг хусусийлаштириш жамғармасига келиб тушган ушбу маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланган”, – дейилади “Давактив” ахборотида.

Эътиборлиси, ўтган ойда рўй берган хусусийлаштириш ҳақида октябр ойи ўртасига келиб, бу борада оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлардан кейингина маълумот бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг май ойида тадбиркор Ойбек Турсунов Uzcard'нинг 75 фоиз улушига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Аммо орадан бироз вақт ўтиб, Турсуновнинг 75 фоизлик улуши 5та давлат банки – Ўзмиллийбанк (51 фоиз), Асакабанк (6 фоиз), Ипотекабанк (6 фоиз), Ўзсаноатқурилишбанк (6 фоиз), Алоқабанк (6 фоиз) тижорат банкларига ўтказилди.

2022 йил август ойида компания устав капиталидаги 5 та давлат банкининг жами 75 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилгани ва бу улуш тўлиқ сотилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид