Чироқни ўчиринг! Энергия инқирози Европа футболига зарба бермоқда
Топ-лигалар пулни тежаш йўлларини изламоқда – улар ҳатто ўйинларни эртароққа кўчиришга мажбур.
Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар ва Европага газ билан нефт етказиб беришнинг қисқариши, айниқса, Россия энергия манбаларига қарам бўлган мамлакатларда коммунал хизматлар нархи бир неча баробар ошишига олиб келди.
Мисол учун, Германияда феврал ойида электр энергияси учун тўловнинг ўртача нархи ойига 127,78 евро эди, август ойида эса 469,35 еврога кўтарилди (Embert маълумотларига кўра); Англияда октябр ойидан бошлаб коммунал хизматлар нархи 80 фоизга ўсиши башорат қилинган эди (бу эса йилига 2500 фунт стерлинг!). Бошқа мамлакатларда ҳам вазият яхши эмас.
Европа Иттифоқи аъзолари энергетика секторидаги инқирозни енгиш учун бир қатор ташаббусларни ишлаб чиқди ва чиқишда давом этмоқда. Масалан, Германия ҳукумати уй хўжаликлари, кичик ва ўрта бизнес вакилларига ойлик газ тўлови миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилишини маълум қилди – бунинг учун 96 миллиард евро ажратиш режалаштирилган.
Буюк Британияда электр энергияси учун ягона ҳисоб-китоб тўлови схемаси ва унинг кафолатланган нархи бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, давлатлар умумий тежамкорлик доирасида фуқаролардан жамоат жойларида иситиш ҳароратини бир неча даражага пасайтириш, термостатлар ва иссиқ сувни ўчиришни сўрамоқда.
Европа давлатларида авж олган энергетика инқирози аллақачон футболга ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлади – қишдан «беталафот» чиқиш учун клублар қатъий тежамкорлик режимига ўтишига тўғри келади.
Европа оммавий ахборот воситаларида келгуси ойлар чорак асрнинг энг қийин даври деб номланмоқда, шунинг учун ҳатто энг бойлар ҳам янги шароитларга мослашишга мажбур.
Футболдаги ечим: ўйинлар вақтини эртароққа суриш, прожекторларни ўчириш
Европанинг турли мамлакатларида аксарият лигалар умумий бир қарорга келишди – электр энергияси учун тўловни камайтириш мақсадида стадионларда ёритиш мосламаларидан фойдаланиш вақтини қисқартириш.
Стадионни ёритиш қоидалари турли лигаларда турлича, лекин юқори дивизионлардаги ареналар учун ўртача талаблар 1500 дан 2500 люксгача. УЕФА стандартларига кўра, Чемпионлар Лигаси ўйинлари ўтказиладиган стадионларнинг ёритилиши 2000 люксдан юқори бўлиши керак, Бундеслигада минимал ёритиш 1600 люкс, иккинчи дивизионда – 1200 люкс бўлиши талаб этилади.
Агар футбол майдони ўртача 7140 кв.м. (105х68) бўлса, уни ёритиш учун 14,2 млн люкс (7140 х 2000 люкс) ёки камида 150-300 минг ватт электр энергияси талаб қилинади.
Стандартларга кўра, ўйиннинг бошланиш вақтидан қатъи назар (яъни ҳатто кундуз куни бўлса ҳам) барча стадионларда прожекторлар ёниб туриши керак, шунда телевизион тасвир бир хил бўлади.
Стадиондаги ёруғлик мосламаларининг қуввати лицензиялаш талабларининг бир қисмидир ва барча клублар унга амал қилиши шарт.
Италия
А Серия раҳбарияти ўйин кунларида ёритиш мосламаларининг ишлашига тўрт соатлик чеклов қўйди: 12:30 - 18:00 оралиғида бошланадиган ўйинларда прожекторлар старт ҳуштагидан 1 соат олдин ёқилади, олдингидек 1,5 соат эмас. Янги қоидалар прожекторлардан фойдаланиш вақтини тахминан 25 фоизга қисқартириши керак, бу эса клубларга катта ёрдам бериши мумкин.
«Бугунги кунда стадионларни ёритиш VAR ва голни аниқлаш технологиясининг тўғри ишлашини таъминлаш учун ҳам зарур. Аммо биз истеъмолни сезиларли даражада камайтириш учун ўйиндан олдин ва кейин ёритишни максимал даражада камайтириш керак деб топдик. Бу ҳозирча биринчи қадам. Биз энергетика инқирозининг оғир палласида муносиб намуна бўлишимиз керак», деди А Серия президенти Лоренцо Казини.
C Серияда электр энергиясидан фойдаланишни минималлаштириш учун барча ўйинларни кундуз куни ўтказиш таклиф қилинмоқда. Масалан, «Виртус Верона» раҳбарияти бу фикрни қўллаб-қувватламоқда: клуб ўтган йили стадионнинг энергия таъминоти учун 450 минг евро тўлаган, бу йил эса харажатлар 900 минг еврога яқинлашяпти – С Серия клуби учун жуда катта рақамлар.
Аммо А Серияда ўйинлар вақтини кундуз кунига кўчириш қийинроқ, чунки ТВ шартномалари қимматроқ ва қатъий тартибга солинади.
Германия
Германияда ҳам прожекторлардан фойдаланиш чекланяпти. Масалан, Нюрнберг шаҳар кенгаши стадиондаги прожекторларни фақат соат 21:00 гача ёқишга рухсат берди. Натижада, маҳаллий клуб ўйинларни эртароққа кўчиришга мажбур бўлди.
«Қишда газ ва электр қуввати тақчил бўлиши мумкин», – дейилади шаҳар кенгаши баёнотида. «Шунинг учун биз энергияни қандай тежашни муҳокама қилдик. Прожекторлардан фойдаланишни чеклаш ва майдонни иситиш тизимини ўчириш тўғрисида қарор қабул қилинди».
10 октябр куни ўтказилган «Ҳерта» – «Фрайбург» ўйини иккинчи бўлимида томошабинлар ўтирадиган трибуналардаги барча ёруғлик мосламалари ўчирилди, прожекторлар фақат майдонни ёритди.
«Биз аллақачон соат 15:30 да бошланадиган ўйинлар учун зарур бўлган прожекторлар сонини камайтирдик. Энди синов тариқасида 17:30 да бошланадиган ўйинларда ҳам шундай қилдик», деди «Ҳерта» матбуот котиби Маркус Юнг.
Бундеслига стадионларида энергия истеъмолини чеклаш бўйича Италиядаги каби ягона ечимга келиш қийин: баъзи ареналар клубларга тегишли эмас, шунинг учун лампаларни алмаштириш ёки янги қуёш панелларини ўрнатиш каби кўплаб ўзгаришлар уларнинг ваколатига кирмайди.
Бироқ, клублар ўз имкониятига қараб тежаш вариантини изламоқда. Масалан, «Бавария» ўз аренасининг ташқи LED ёриткичлари ишлаш вақтини қисқартирди ва хоналардаги ҳароратни икки даражага пасайтирди. «Ҳоффенҳайм» ва «Боруссия Мёнхенгладбаҳ» ҳам ички, ҳам ташқи ёритишни, жумладан, автотураргоҳларни ёритиш мосламаларини тежамкор режимга ўтказди. «Вердер» март ойидаёқ «энергия ишчи гуруҳи»ни ташкил қилди, улар тежамкорлик бўйича ечим излаш билан шуғулланмоқда.
Ҳаммадан ҳам «Байер»нинг омади келди. Клуб аввалдан газ ва нефтдан узоқлашиш бўйича ечимларни топган эди. Масалан, стадион майдонининг иситиш тизими «метеостанция билан боғланган бўлиб, ундан фақат зарур ҳолларда фойдаланишни таъминлайди». Бундан ташқари, клуб шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланади.
«Биз ҳозирги инқироз ҳолати бевосита таъсир қилмайдиган иккита энергия манбасидан фойдаланмоқдамиз», деб маълумот берди «Байер» раҳбарияти. «Биз одатда яшил электр энергиясини олдиндан сотиб оламиз, бу эса узоқ муддат давомида энергия хавфсизлигимизни таъминлайди».
Аммо муаммо ҳали ҳам сақланиб қолмоқда ва у жуда жиддий. Ҳа, олдинда жаҳон чемпионатининг бир ойи бор, бу кўп нарсаларни тежашга ёрдам беради. Бироқ, кейинги ўйинлар қишда ўтказилади. DFL собиқ директори Андреас Реттиг муаммо ечими сифатида туб ўзгаришларни таклиф қилмоқда: тизимни «баҳор-куз»га ўзгартириш.
«Футбол ўйинлари мартдан декабргача ўтказилади. Прожекторлар, майдонни ёки хоналарни иситиш тизимидан жуда катта маблағни тежаб қолиш мумкин», деди у.
Аммо бундай ўзгариш қисқа муддатда амалга ошириладиган жараён эмас.
Англия
Англия Премер-Лигаси клублари тежамкорлик бўйича ҳеч қандай баёнот беришмади. Бироқ оммавий ахборот воситаларида жамоалар прожекторлардан фойдаланиш вақтини қисқартириш бўйича кўрсатма олгани ҳақида маълумотлар бор.
EFL (Чемпионшип, 1 Лига ва 2 Лига) раҳбарияти барча клублар билан йиғилиш ўтказган. Шундан сўнг, «Мансфилд» клуби энергияни тежаш мақсадида ўйин бошланишини соат 13:00 га кўчирган (одатда барча ўйинлар соат 15:00 да бошланади).
Бошқа клублар ҳам ундан ўрнак олиш имкониятини ўрганмоқда. Аммо лига раҳбарияти клубларни тезкор қарор қабул қилмасликка чақирди.
EFL фикрига кўра, ўйинни эрта бошлаш мантиқан тўғридек туюлади. Аммо бунда ўйинларни жонли эфирда кўрсатиш имконияти туғилади (ҳозир 15:00 – 17:00 оралиғида ўйинлар намойиш этилмайди). Шу сабабли, чипта сотишдан ва ўйин кунлари тушадиган бошқа даромадлар йўқотилиши мумкин. Бундан ташқари, клублар бир кун олдин меҳмонхонада тунашига тўғри келади, бу эса қўшимча харажатларни юзага келтиради. Натижада тежаш самараси нолга тенг бўлиб қолади.
Испания
Бироқ, барча лигалар ҳам янги воқеликка мослашмаяпти – масалан, Испанияда улар ҳозирча энергия ресурсларини чеклаш бўйича ҳеч қандай чора кўрмасликка қарор қилишди. Бунда пандемия давридан ўрнак олишди, ўша вақтда ижро ҳокимияти футболга кўплаб имтиёзларни берган эди, чунки футболга бориш одамларни бирлаштиради ва дунёда бўлаётган воқеалардан чалғитади.
Мавзуга оид
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024
Россияда мигрантларни назорат этадиган «Мигрант ID» жорий қилиниши мумкин
13:46 / 16.11.2024