Жаҳон | 20:24 / 16.10.2022
18388
2 дақиқада ўқилади

Белгород области ҳудудига зарба берилди

Расмийлар бир неча киши жабрланганини маълум қилган.

16 октябр куни Белгород области зарба остида қолди, регионда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган. РИА Новости ўз мухбирига асосланган ҳолда 16 портлаш ҳақида хабар берган.

Губернатор Вячеслав Гладков дастлабки маълумотларга кўра бир оиланинг уч вакили жабрлангани тўғрисида маълум қилди. Кейинроқ у Белгород районидаги катта ёшли кишида контузия кузатилгани, шунингдек Шебекинский округида истиқомат қилувчилардан бири минага тушиб, товон қисмини йўқотгани ҳақида хабар берди.

«Осторожно, новости» каналида жойлаштирилган видеолардан бирида одамлар аэропортда портлаш рўй берганини муҳокама қилишган. Бу маълумот расман тасдиқланмади.

Гладков зарбалар ким томонидан амалга оширилгани тўғрисида тўхталмаган; бунгача у регион ҳудуди ўққа тутилишида Украинани айблаб келарди. Украина ҳукумати эса ўз қоидасига кўра Россия ҳудуди бўйлаб берилган зарбалар учун расман жавобгарликни зиммасига олмаган.

  • Сўнгги кунларда Белгород области ҳудуди мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. 13 октябр куни Белгородда кўп қаватли уй томи қулаб тушганди — тахминларга кўра, бунга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси тушиши сабаб бўлган. 14 октябр куни эса шаҳарда ракета зарбалари оқибатида электр нимстанциясида, 15 октябр куни — нефт базасида ёнғин келиб чиқди.
  • Бу зарбалар Россия Украина ҳудудини, жумладан энергетика инфратузилмаларини ўққа тутиш суръатларини ошириши фонида берилмоқда. Ёппасига ўққа тутиш ҳолатлари Қрим кўпригидаги портлашдан кейин бошланган, ФХХ бу портлаш учун жавобгарликни Украина махсус хизматларига юклаган.

Мавзуга оид