Белгороддаги сирли отишма ва чалкашликлар. Журналистлар тахминий айбдорнинг оиласини топишди
Яқинларининг сўзларига кўра, у армияга бориш ҳақида ўйламаган ва отишмадан беш кун олдин ғойиб бўлиб қолган.
«Озодлик радиоси»нинг Тожикистондаги хизмати Белгород областидаги полигонда оммавий қотиллик содир этгани айтилаётган шахслардан бирининг оиласини топишга муваффақ бўлди. Гап 24 ёшли Эҳсон Аминзода (Эҳсони Тожиддин) ҳақида кетмоқда. Расмий равишда Россия ҳукумати уни айбланувчи сифатида эълон қилмаган. Аммо бир неча кун олдин тармоқда оддий аскар Эҳсон Аминзонда номига ёзилган гувоҳнома Белгород областида ҳалок бўлганлар сурати билан бирга эълон қилинди. Шу билан бирга Эҳсон ўт очганлар ёки қурбонлар орасида эканига аниқлик киритилмаган.
Аминзоданинг яқинлари у Украинадаги урушда қатнашмоқчи бўлмагани ва диний радикал эмаслигини айтган. Уларнинг сўзларига кўра, у Россияга етти ой аввал борган ва Москвадаги ресторанлардан бирида патент асосида ишлаган. Аминзоданинг дўстларидан бири аноним равишда, дўстининг урушда қатнашиш нияти бўлмагани, пул топиб, ватанига қайтиб, уйланиш ниятида бўлганини айтган.
«У радикал кайфиятдаги одам эмасди, бошқа ёшлардан фарқ қилмасди. Агар у радикал бўлганида, ҳеч қачон ресторанда ишламаган бўларди», — дейди манба.
Яқинларининг айтишича, Аминзода билан алоқа 10 октябр куни, полигондаги отишма юз беришидан беш кун олдин узилиб қолган. Унинг укаси Фируз Аминзоданинг айтишича, 10 октябр куни кечқурун Эҳсон унга қўнғироқ қилиб, дўстлари билан учрашмоқчи эканини айтган (дўстларидан бирининг сўзларига кўра эса, Эҳсон «Люблино» метро бекати ёнида таниш йигит билан учрашган»). Шундан сўнг унинг телефони ўчирилган.
«У қандай қилиб Белгородга бориб қолганини билмаймиз», — дейди Фируз Аминзода. Унинг айтишича, уни ҳарбий прокуратурага чақиришган.
Эҳсоннинг отаси Тожиддин Аминзода «Озодлик» радиосига ўғлининг ўлимини тасдиқлаган, бироқ у ҳақида гапиришдан бош тортган.
Аминзода қандай қилиб Россия армияси таркибига кириб қолгани номаълум. Октябр ойи ўрталарида Москва метроси яқинида сафарбарликка мос одамларни топиш бўйича рейдлар ўтказилганди. Аммо Аминзоданинг яқинлари айтишича, у Россия фуқаролигига эга бўлмаган. Демак, расмий равишда ҳарбий комиссарлар уни армияга олиб кетиш ҳуқуқига эга бўлмаган.
Сафарбарлик кўплаб қонунбузарликлар билан давом этмоқда, бироқ нашрлар ҳали Россия фуқаролиги бўлмаган шахслар армияга мажбуран жўнатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Лекин, хорижликлар ихтиёрий равишда урушга бориши мумкин. «Эҳсон Аминзода» исми ёзилган гувоҳномани тармоққа жойлаган украиналик, лекин Кремл учун ишловчи блогер Анатолий Шарийнинг постидан маълум бўлишича, Белгород областидаги полигонда ўт очган аскарлар кўнгиллилар бўлган.
ОАВда отишмада ҳалок бўлган 11 кишининг исмларини эълон қилинди. Ушбу рўйхатдаги икки киши тирик бўлиб чиқди. Ҳалок бўлганларнинг исмлари рўйхатини дастлаб Astra, кейинроқ эса Baza сайтлари нашр этди.
Аммо икки ҳарбий хизматчи — Денис Синицин ва Алексей Сапкалов журналистлар билан боғланиб, уларнинг исмлари рўйхатга хатолик билан тушиб қолганини айтган. Синициннинг сўзларига кўра, у бошқа ротага ўтказилган ва отишма куни Белгороддаги Солоти полигонида бўлмаган. Сапкалов эса у ерда умуман бўлмаганини билдирган.
Солоти қишлоғидаги полигондаги оммавий қотиллик 15 октябр куни содир бўлди. Мудофаа вазирлиги ва Тергов қўмитаси хабарларига кўра, 11 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, 15 нафари яраланган. Норасмий равишда ўлимлар сони кўпроқ: 22 дан 28 кишигача бўлгани ҳақида хабар берилган, аммо бу маълумотлар ҳали тасдиқланмади.
Мудофаа вазирлиги қотиллик «МДҲ давлатларидан бири»нинг икки фуқароси томонидан содир этилганини маълум қилди (аноним гувоҳларга кўра, ҳужум қилганлар уч нафар бўлган, улардан бири қочиб кетган). Вазирлик ҳодисани теракт деб атади. Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатилганини эълон қилди, бироқ айнан қайси моддага асосланиб иш очилганини маълум қилмади.
Astra нашрига кўра, қотиллик диний мотивлар сабаб юз берган. Командир Андрей Лапин гўёки уч аскарнинг (доғистонлик, озарбойжонлик ва адигейлик) армияда қолишдан бош тортганидан ғазабланган ва Украина билан урушни «муқаддас» дея атаган. Асли тожикистонлик аскарлар эса (норасмий маълумотларга кўра, иккинчи ўт очувчи ҳам Эҳсон Аминзода каби тожикистонлик бўлган) мусулмонларнинг кофирларга қарши урушигина муқаддас бўлишини таъкидлаган. Бунга жавобан Лапин гўёки Аллоҳни «заиф» ёки «қўрқоқ» дея атаган.
Бироздан сўнг ўқ отиш майдончасидаги тожиклар бошқа мусулмонларга четга чиқишни буюриб, Лапинни отиб ташлаган ва бетартиб ўқ уза бошлаган. Улар бошқа ҳарбийлар томонидан ўлдирилган.
Astra нашри, бу маълумот эълон қилинган вақтда, унинг манбаси ва у можаро иштирокчилари деб атаган одамларнинг шахсини тасдиқлай олмаганини маълум қилган. Манбанинг сўзларига кўра, ҳужум қилганлар уч нафар бўлган ва уларнинг исмлари Бекзот, Ами ва Ануше бўлган.
Astra нашри ҳужум қилганлар ва ҳалок бўлганлар рўйхатини эълон қилди ҳамда бу рўйхатда жиноят содир этганликда гумон қилинаётган икки нафар шахс – Раҳмонов Меҳроб ва Аминзода Тожиддиннинг исми-шарифи пайдо бўлди. Ва ҳалок бўлганлар рўйхатида Андрей Лапиннинг исми чиқмади. Рўйхатда Николай Липин номи бор эди, аммо у «кўнгилли сафарбар» деб қайд этилган.
Полигонда неча киши отишмани бошлагани ва нима учун бундай қилгани ҳали ҳам расман эълон қилинмади. «ВЧК-ОГПУ» Телеграм канали Тожикистондаги исми ошкор этилмаган суҳбатдошларига таяниб, иккинчи ўт очувчи Муҳаммад Дилшодбойзода бўлиши мумкинлигини хабар қилди.
«У 10 октябр куни Москвада Эҳсон Аминзода билан бирга ғойиб бўлган. Маълумотларга кўра, уни Эҳсон билан бирга ‘мажбуранʼ сафарбар қилишган бўлишлари мумкин», — деб ёзади ушбу манба.
«ВЧК-ОГПУ» хабарида айтилишича, Эҳсоннинг яқинларига у ғойиб бўлган куни уни «Люблино» метро бекатида полиция тўхтатиб қолганини айтишган. Эҳсоннинг оиласи билан гаплашган «Озодлик радиоси» бу ҳақда тўхталмаган.
Мавзуга оид
12:30 / 04.11.2024
Рада сафарбарлик тезлиги секинлашиши билан боғлиқ муаммо ҳақида маълум қилди
22:40 / 11.10.2024
Россия армиясидан Қозоғистонга қочган 6 нафар дезертир Европа визасини олди
23:40 / 27.09.2024
Украина Қуролли Кучлари фронтга келган янги аскарларнинг ярмидан айрилмоқда
19:45 / 16.09.2024