Жаҳон | 13:50 / 20.10.2022
12729
2 дақиқада ўқилади

ISW: Россия чекинишни Каховска ГЭСга зарба бериш билан яшириши мумкин

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Днипронинг ўнг қирғоғидан россиялик ҳарбийларнинг олиб чиқиб кетилишини яшириш ва Украина қўшинларининг ушбу дарёдан ўтиши олдини олиш ёки кечиктириш учун Каховска ГЭСга сохта байроқ остида ҳужум қилишга ахборот майдонини тайёрламоқда. 

Фото: РИА Новости

Америкалик таҳлилчилар 18 октябр куни Украинадаги Россия кучлари қўмондони Сергей Суровикиннинг Киевнинг Херсон областида ҳалокатли сув тошқинига олиб келадиган Каховска ГЭС тўғонига зарба бериш нияти ҳақида олинган маълумот тўғрисидаги баёнотини эслатди.

Украинанинг ушбу области оккупацион маъмурияти раҳбари Володимир Сальдо бу баёнотни қўллаб-қувватлади ва Россия кучларини Херсондан юқори оқимда жойлашган тўғонларга зарба беришни режалаштираётганликда айблади. 

«Афтидан, Россия ҳукумати  Россия кучлари томонидан тўғонни вайрон қилиш учун ахборот майдонини яратиш ҳамда кейинги зарар ва йўқотишлар учун Украинани жавобгарликка тортиш мақсадида Каховска ГЭСга Украинанинг хаёлий ҳужуми ҳақида огоҳлантиришларни тарқатишга ҳаракат қилмоқда», - дейди америкалик экспертлар. 

ISW маълумотларига кўра, Кремл Россия Қуролли кучларининг учинчи шармандали чекиниши ҳақидаги хабарларни яшириш учун бундай ҳаракатлардан фойдаланиши мумкин. 

Аввалроқ Херсон областининг оккупацион ҳукумати Херсонни тарк этиб, Днипронинг чап қирғоғига кўчаётгани хабар берилганди. Бу ҳақда Россия томонидан эгаллаб олинган Украина минтақасининг «губернатори» Володимир Сальдо маълум қилди. 

Украинадаги Россия қўшинлари қўмондони Сергей Суровикин ушбу лавозимга тайинланганидан бери берган биринчи интервьюсида фронтдаги вазиятни «таранг» деб атади. 

«Херсон шаҳрининг ўзи бўйича бизнинг кейинги режаларимиз ва ҳаракатларимиз юзага келаётган ҳарбий-тактик вазиятга боғлиқ бўлади. Такрор айтаман, вазият бугунги кунда жуда қийин», - деди Суровикин ва «қийин қарорлар қабул қилиши» мумкинлигини қўшимча қилди.

Мавзуга оид