Ўзбекистон | 11:39 / 21.10.2022
22385
9 дақиқада ўқилади

Ҳалокатга бораётган маиший тил, унутилган қонун, оммавий саводсизлик ва қўшёзувлилик – ўзбек тили муаммолари ҳақида суҳбат

21 октябр – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган – ўзбек тили байрами куни. Расман шундай, лекин бугун жамиятда, мамлакатда ўзбек тилининг мавқейи, ҳурмати хурсандчилик қиладиган аҳволдами?

Kun.uz мухбири ўзбек тилининг бугунги оғриқли масалалари атрофида филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ҳамда Маънавият ва давлат тили масалаларини ривожлантириш департаменти масъул ходими Ғофур Ҳамро билан интервью ўтказди.

Ғофур ака, икки йил давомида ўзбекистонлик олимлар, зиёлилар «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири устида жиддий ишлашди. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у дастлаб Вазирлар Маҳкамаси, Парламент палаталари муҳокамасидан ўтди, аммо кейинчалик қонуннинг кейинги тақдири ҳақида халқимизга бирор маълумот берилмади. Бутун миллат тақдирига оид бутун бошли қонун йўқолиб қолди.

Хўш, нега йўқолди, қаерга йўқолди ва ким йўқотди?

Ғофур Ҳамро:

– Аввало, «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда ишланиши, унинг таҳрирланган қисмлари устидаги ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасида ҳам, кейинги босқичларда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу қонун муҳокамага қўйилди. Кейин кўриб чиқиш учун қайтарилган ва ҳозир кўриб чиқилмоқда.

Бу таҳрир устида олимлар узоқ вақт ишлаган эди. Шунча иш бажарилгач, яна нимаси ишланиши керак?

– Қонун лойиҳаси тайёрлангач, уни Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқади. Ўз вазифасини бажаргач, кейинги босқичга муҳокама учун чиқаради.

– Хўш, ҳозир бу қонун қаерда?

– Бу саволни бошқаларга ҳам бергансиз-ку.

– Ғофур ака, тўғрисини айтганда, бу қонун икки муҳокамадан «тишлари синдирилган» ҳолда кейинги босқичга ўтган эди. У қайтадан қабул қилиш учун кўриляптими ва бу сафар “тишли” бўладими?

Бу масала, албатта, қайта кўриб чиқилади.

– Қанча вақтда қонун қабул қилиниб, кўриб чиқилиши мумкин?

– Бу масаланинг ўзининг белгиланган регламенти бор. Шунга кўра кўриб чиқилади ва маълумот бериб борилади.

 – Бугун ўзбек тилида саводлилик даражаси жуда ёмон аҳволда. Буни ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар ёки ёзилаётган постлардан ҳам кўриш мумкин. Ўзбек тилида саводлилик даражаси нега бу аҳволга тушиб қолди?

Бахтиёр Менглиев:

 – Саводхонлик ҳам бир маданият. Бу маданият ҳар бир даврда ўзига хос даражага эга бўлади. Ўтган асрларни мисол қиладиган бўлсак, одамлар ёзув машинкаларидан оммавий фойдаланмаган. Фақат қўлёзмалар билан иш кўрилган. Бу даврда ахборот технологиялари ривожланмаганлиги сабабли ёзув энг юқори маданият сифатида қаралган. Бугун нафақат Ўзбекистонда, балки дунё бўйича ҳам қўлда ёзиш саводхонлиги ўтган асрдагидек эмас. Чунки дунёнинг энг йирик тилларидаги саводхонликни таъминлайдиган асосий жиҳат ахборот технологиялари бўлиб қолган. Бу бир жиҳатдан саводхонлик даражасини ҳам таъминлашга хизмат қилади.

Ўтган даврдаги мактаблардаги саводхонликка бўлган талаб ва шароит бугунгидан фарқ қилгани маълум. Бизнинг давримизда синфда 20-25 киши таҳсил олар эди. Бунда ўқитувчи ҳар бир ўқувчи билан ишлаш имкониятига эга бўлган. Ҳозир эса мактабларда белгиланган сиғимдан 2-3 баробар кўп ўқувчи таҳсил олмоқда. Бир синфда 30-40 нафар ўқувчи ўқишини ҳам инобатга олиш керак. Ўқитувчи уларнинг ҳар бири билан аввалгидек ишлаш имкониятига эга эмас.

Бундан ташқари, сўзлаш тинглаш орқали амалга ошади. Ёзиш эса, ўқиш орқали амалга ошади. Кўп ўқиган яхши ёзади, кўп тинглаган яхши гапиради. Нутқнинг бу тўрт хил малака кўриниши икки жиҳатдан ўзаро боғлиқ. Бугунги кунда китобхонлик анча камайиб кетганлиги ва талаб даражасида эмаслиги ҳам саводхонликнинг паст даражада эканлигидан далолат. Шунинг учун ҳам китобхонлик давлатимиз томонидан устувор масала сифатида кўрилаётгани бежиз эмас.

Китобхонлик даражасининг пастлаб кетишига эса, ижтимоий тармоқларнинг кенг ривожланиб кетганлиги ва талаб даражасидаги бадиий адабиётларнинг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда. Илгари турли ёшга мўлжалланган бадиий адабиётлар бўлар эди. Болалар адабиёти жуда ривожланган пайтлар эди. Ҳозир болалар ёзувчисини қўл билан санасангиз, бармоғингиз ортиб ҳам қолади. Бугунги давр болаларнинг ёшига мос адабиётларни яратишни тақозо қилади. Бу, аввало, болалар адабиётининг тили билан боғлиқ. Масалан, бошланғич синф ўқувчилари учун бадиий асар ёзаётган адиб, шоир бу ёшдаги болаларнинг лексик нутқи қай даражадалигини билади деб ўйлайсизми? Ёзувчининг қўлида шу ёшдаги болаларнинг лексик сўзлари луғати бор деб ўйлайсизми?

Агар инглиз тили луғатига оид бир сўзни қидирувга берсангиз, бу сўз А1 даражага мансуб сўз деб чиқариб беради. Демак, у ерда сўзларнинг даражаси аниқ белгилаб қўйилган. Бизда ана шу даража йўқ. Бизда бу даражаларни ишлаб чиқиш нафақат ўқувчининг оғзаки ва ёзма саводхонлигини ошириш, балки адиблар асарларининг ҳам ўқишлилик даражасини ошириш масаласи катта муаммо бўлиб турибди.

Қозоқбой Йўлдошев:

– Биздаги саводхонлик даражасининг тушиб кетишини интеллектни қадрламаслик ва унинг баҳосини билмаслик билан изоҳлаган бўлар эдим. Ҳозир одамлар оммавий равишда ўқимай қўйди. Грамматикамиз эса орфоэпик эмас, балки орфографик принципга асосланган. Бошқа туркий тилларнинг жуда кўпчилигида сўзларни айтилганидек ва эшитилганидек ёзишга ҳаракат қилишади. Бизда эса айтилганидек ва эшитилганидек эмас, балки белгилаб қўйилганидек ёзиш қоида қилиб қўйилган. Бу тилимизнинг ва саводлиликнинг юксалишига хизмат қилмайди. Бизда ўз тилимизнинг хусусиятларини ва қоидаларини бегоналарнинг талабларига мослаштиришга мойиллик кучли. Тутуқ белгиси бирон жойда алоҳида талаффуз қилинмайди. Сўз айтилаётганда бу ерда тутуқ белгиси борлиги англашилмайди ҳам. Аммо биз уни ёзаётганда қўллашимиз кераклигини қоидалаштириб қўйганмиз.

Бу муаммоларнинг ҳаммасига кам ўқишлилик сабаб бўлмоқда. Чунки кўз орқали идрок этилмасдан туриб, бизнинг грамматикамизда хатосиз ёзишнинг имкони йўқ. Олдинги авлод кўз билан идрок қилар эди. Бугунги авлод эса қулоқ билан идрок қиляпти. Бадиий савия билан кўчадаги савия орқали гапириш қанчалик фарқланган бўлса, олдинги авлод билан ҳозирги авлоднинг саводхонлик даражаси ҳам худди шундай фарқ қилади.

Бахтиёр Менглиев:

– Яна бир фактор бор. Устозларимдан бири айтиб берган эди. «Фарғона вилоятидаги бир туманга бир комиссия таркибида бориб қолдик. Мактаблардаги синфхоналарга кириб кузата бошладик. Биз кириб борган бир синфнинг ўқувчилари шундай чиройли ёзяптики, ҳаттоки хатоси ҳам йўқ. Биз атайлаб уюштиришди деб ўйладик. Бошқа синфга тасодифан, бостириб кирдик. Бу мактабда ҳамма шунақа экан. Бошқа мактабга бордик. У ерда ҳам шунақа экан. Бу тумандаги барча мактабларнинг саводхонлиги ҳам, ҳуснихати бир-биридан ажралиб турар эди. Сабабини суриштирсак, бу туманга бошланғич синф ўқитувчиси 10 йиллар давомида мудир бўлган экан. У кишининг талаби фақат саводхонлик бўлган экан. Тўғри ва чиройли ёзиш бўйича ҳар бир мактабга бевосита бориб, шу масалани ўрганар экан. У бўшаб кетганига анча бўлди, лекин шу тенденция сақланиб қолди». Шундан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Бугунги кунда саводли бўлиш маданият белгиси бўлмай қолди. Аслида у маданият даражасида бўлиши керак.

Ғофур Ҳамро:

– Яна бир омил шундаки, бугунги она тили дарсликларимизда машқлар йўқ. Масалан, чиройли нутқ сўзлаш учун бу матнни 20-30 марта такрорлаш керак бўлади. Шунда у сизга кўникма бўлиб шаклланади. Бизнинг дарсликларимизда эса бундай такрорлаш механизмига асосланган машқлар йўқ. Ҳ ва х ни ажрата олмаслик бугунги куннинг энг катта муаммоси. Бу муаммонинг олдини олиш учун ўқитувчи мактабда ўқувчини тинимсиз машқ қилдириши керак. Дарсликларда эса бундай одатлантирувчи машқлар учрамайди. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид