Ўзбекистон | 10:56 / 22.10.2022
18883
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги ўзбек тили байрами қатнашчиларига тожикча китоблар совға қилган. Вазирлик изоҳ берди

Ўзбек тили байрамига бағишлаб ўтказилган тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иштирокчиларнинг айримларига тожик тилида ёзилган китоблар тарқатган. Ҳолат бўйича вазирлик Kun.uz’га изоҳ берди.

Фото: Қитмир мухбир телеграм канали

Қитмир мухбир телеграм каналининг ёзишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан тадбир ташкил қилган. Унда фаол қатнашган иштирокчиларга тожик тилида ёзилган китоблар совға қилинган.

“Ўзбек тилида тўғри ва равон сўзлашиш маданиятини юксалтирайлик, тилимизни ривожлантирайлик”, деб иштирокчиларга тожик тилида ёзилган китоб совға қилишибди”, – деб ёзган канал муаллифи.

Хабар эълон қилингандан кейин, турли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида муҳокамаларга сабаб бўлган.

«Вале иштирокчиларга тожик тилидаги китоблар совға қилинганига нима дейсиз? Буни Мир Алишер Навоий ҳазратлари кўрганида борми, нақд «Муҳокамат-ул луғатайн» китоби билан ташкилотчиларнинг бошларига урган бўлармиди?» – дея киноя қилган RakursUz Telegram-канали муаллифи журналист Муслим Мирзажонов.

Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, тадбир учун китоблар сотиб олинганда уларнинг ичига тожик тилидагилари ҳам қўшилиб қолган.

“Ҳозир кимларга тожик тилидаги китоблар тарқатилган бўлса, аниқлаб ўзбекча китоблар билан алмаштириб бериляпти”, – деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева.

Мавзуга оид