Ўзбекистон | 10:06 / 25.10.2022
30838
2 дақиқада ўқилади

Андижон туманига ҳоким тайинланди

Бахтиёр Маматкаримов Андижон тумани ҳокими этиб тайинланди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Бахтиёр Рустамович Маматкаримов 1980 йил Қўрғонтепа туманида туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институти, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини, 2021 йили эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда “Асакабанк” давлат акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти филиали валюта шуъбаси пул алмаштириш шохобчаси кассири, кассир-назоратчиси, валюта бўлими мутахассиси лавозимидан бошлаган.

2003-2007 йилларда “Асакабанк” давлат акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти филиалида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2007-2009 йиллар Марказий банк Андижон вилояти бош бошқармасида, 2009-2016 йиллар “Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банкида ишлаган.

2016-2019 йилларда “Нефтгазинвест” масъулияти чекланган жамиятида гуруҳ раҳбари ва 2019-2020 йиллар “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси иқтисод ва молия бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.

2020 йилдан ҳозиргача “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг молия ва маркетинг бўйича ўринбосари бўлиб ишлаётган эди.

Андижон туманига 2021 йил февралидан буён ҳокимлик қилиб келган Абдужаббор Эгамбердиев 2022 йил августида қабулига келганларга пойгакдан жой берганидан кейин интернетда машҳур бўлганди.

2022 йил сентябрда президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раҳбарлигидаги йиғилишда Абдужаббор Эгамбердиев давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга нисбатан ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид