Энг ҳалокатли кўприк қулашлари: уларнинг аксарияти Ҳиндистонда рўй берган
30 октябр куни Ҳиндистоннинг ғарбий қисмидаги осма кўприк қулаши оқибатида камида 141 нафар инсон ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар сони янада ортиши мумкин. Чунки бедарак кетганлар ҳам бор.
ТАСС 2008 йилдан буён кўприк қулаши оқибатида инсонлар кўп ўлган фалокатларни санаб ўтди. Ҳалокатларнинг аксар қисми Ҳиндистонда рўй бергани диққатга сазовор.
2008 йилнинг 16 ноябрида Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир музофоти Ури шаҳри яқинида тоғда қурилаётган кўприк синов чоғида қулаган. 28 киши вафот этган. Ҳалокатга сабаб қилиб кўприк конструкциясидаги нуқсонлар кўрсатилган.
2011 йилнинг 23 октябрида Ҳиндистоннинг Бижанбари шаҳри (мамлакат шарқидаги Ғарбий Бенгалия штати)да осма ёғоч кўприк қулаши оқибатида 31 киши вафот этган ва 100 дан ортиқ инсон майиб бўлган. Қулашдан олдин кўприк устида маҳаллий сиёсий етакчилар томонидан митинг ўтказилаётган эди.
2011 йилнинг 26 ноябрида Индонезиянинг Борнео оролида Маҳакам дарёси узра 710 метрли Кутай Картанегара осма кўприги узилиб тушади. Кўприк 2001 йилда қурилган эди. Аварияга сабаб қилиб, таъмирлаш ишларидаги хатолар кўрсатилган. 38 киши ҳалок бўлган. Кўприк 2015 йилга келиб қайта тикланган.
2015 йилнинг 31 мартида Ҳиндистоннинг Колкатта шаҳрида қурилаётган эстакаданинг 150 метрли қисми қулаб тушади. Конструкция машиналар устига қулаган ва босиб қолганларнинг 27 нафари вафот этган.
2018 йилнинг 14 августида Италиянинг Генуя шаҳрида Моранди автомобил кўприги (виадук) қулаб тушади. Кўприк қулашидан олдин унда 30 та енгил машина ва учта юк машинаси бўлган. Воқеа 43 нафар қурбонга сабаб бўлган. Ҳалокатга иншоотга техник хизмат кўрсатиш жуда ёмон ташкил қилингани сабаб рўй берган: унинг муҳим элементлари 25 йилдан ортиқ таъмирланмаган. 2019-2020 йилларда бузиб ташланган Моранди виадуки ўрнидан янги Сан-Жоржо кўприги қурилган.
2021 йилнинг 3 майида Мексика пойтахти Мехико шаҳри жанубидаги «Оливос» бекати яқинида метрополитеннинг 12-линияси поезди йўл ўтказгич кўприк билан бирга қулаган. Конструкциялар 10 метр баландликдан автомобил йўлига қулаб тушган. Фавқулодда ҳодиса оқибатида 26 киши ўлган, 79 киши жароҳатланган. Ерусти транспорти тизими раҳбарияти берган маълумотларга кўра, метро кўприги 2019 йилда тўлиқ текширувдан ўтказилган, 2020 йилда қўшимча текширув ҳам ташкиллаштирилган. Ўшанда ҳеч қандай жиддий муаммолар топилмаган.
XXI асрда энг кўп қурбон келтириб чиқарган кўприк қулаши 2005 йилнинг 29 октябрида Ҳиндистоннинг Валукоду шаҳри (мамлакат шарқидаги Андҳра-Прадеш штати) яқинида рўй беради.
Муссон ёмғирлари Чиннеру дарёсининг бўғиб қурилган сув омбори тўғонини ювиб юборади. Катта сув оқими шу дарё узра қурилган темирйўл кўприги секцияларидан бирини вайрон қилади. Тез орада зарар етган кўприкдан локомотив ва ҳиндларнинг Дивали байрамидан қайтаётган инсонлар билан лиқ тўла еттита вагон қулайди. Вагонлардан айримлари тўлиқ сувга ғарқ бўлади. Қутқарув операциясида ҳаттоки Ҳиндистон ҳарбий денгиз кучларининг ғаввослари ҳам иштирок этади. Чўкиб кетган вагонлардан «ҳаво халталари» шарофати билан жон сақлаб қололган бор-йўғи 10 киши қутқарилади. 114 киши қурбон бўлади, 200 га яқин киши турли даражада тан жароҳатлари олади.
Мавзуга оид
20:33 / 07.11.2024
Ҳиндистонда уч кун ичида 10 та фил нобуд бўлди
01:52 / 07.11.2024
Кашмир Ҳиндистонни махсус автономия мақомини тиклашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди
11:56 / 06.11.2024
Инсон матонати: 22 йил давомида тоғни йўниб йўл очган одам
17:51 / 05.11.2024