Ўзбекистон | 15:19 / 01.11.2022
7456
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси ёввойи ҳайвонларни сақлаш тўловига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонунни қабул қилди

Қонунга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича питомниклар, зоологик коллекцияларни ҳисобга олиб қўйиш гувоҳномаси учун йиғим ундирилмайди. Фақат ДХА ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 10 фоизи тўланади.

Фото: Олий Мажлиси

1 ноябр куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Қонун лойиҳасининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 18 октябрда кўриб чиқилган биринчи ўқилишида айрим эътирозлар бўлиб, улар иккинчи ўқиш учун тайёрланган лойиҳада инобатга олинган. Қонунга киритилган ўзгартиришлар ҳақида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Бахтибой Алдамуродов маълумот берди.

“Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш мобайнида спикер томонидан қонуннинг 43-моддасида ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларини эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлаш учун талаб этилаётган рухсатнома гувоҳномага ўзгартирилиши фуқароларга қандай енгилликлар бериши ҳақида фикр билдирилган эди.

Рухсатнома бериш жараёнида Экоқўм томонидан 2 хил тўлов ундириб келинган. Биринчидан, ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича питомникларни, шунингдек, зоологик коллекцияларни ҳисобга олиб қўйганлиги учун БҲМ 10 фоизи миқдорда пул ундириб келинган. Иккинчидан, ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш учун БҲМ 10 фоизи миқдорида тўлов ундирган.

Лекин ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш учун БҲМнинг 10 фоизида тўлов ҳар бир ҳайвон турига нисбатан қўлланиб, тўлов миқдорининг ҳайвон турига бир неча баробар ортиб кетиши мумкинлигини келтириб чиқармоқда. Қонунга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш бўйича питомниклар, шунингдек зоологик коллекцияларни ҳисобга олиб қўйиш гувоҳномаси учун йиғим ундирилмайди. Фақат ДХА ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 10 фоизида тўлов ундирилади”, – деди қўмита вакили.

 

 

Мавзуга оид