Иқтисодиёт | 11:50 / 02.11.2022
34840
8 дақиқада ўқилади

Глобал инқирозларга қарши курашиш ва инклюзив бозор иқтисодиётини қуриш учун Ўзбекистон ислоҳотларни давом эттириши керак — Анна Бьерде

3-4 ноябр кунлари Самарқандда II Ўзбекистон Иқтисодий форуми бўлиб ўтади. Форум меҳмонларидан бири – Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде анжуман олдидан Kun.uz'га тақдим этилган мақоласида Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий тараққиётда ўз олдига қўйган катта мақсадларга эришиш учун нималарга эътибор қаратиши кераклиги ҳақида сўз юритади.

Анна Бьерде

Шу йилнинг октябрь ойида мен Тошкентга ташриф буюрган эдим. Биз улкан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда давом этаётган мамлакат раҳбарияти билан сермаҳсул музокаралар ўтказдик. Мулоқот давомида давлат расмийлари камбағалликка барҳам бериш ва фуқаролар ҳаёти фаровонлигини ошириш бўйича чораларни давом эттиришар экан, яқин келажакда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бориши таъкидланди.

Бу ҳафта мен яна мамлакатга қайтяпман. Биз Самарқандда бўлиб ўтадиган II Ўзбекистон Иқтисодий форуми иштирокчилари билан жаҳон иқтисодиётига таъсир кўрсатаётган амалдаги инқирозлар оқибатларини, шунингдек ушбу инқирозли вазият оқибатлари билан самарали курашиш ва инклюзив бозор иқтисодиётини қуришда давом этиш учун муҳим бўлган чора-тадбирларни муҳокама қиламиз.

Ўзбекистон сўнгги 5 йил ичида амалга оширилган бозор ислоҳотлари натижасида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда муваффақиятларга эришди. Мамлакат 2030 йилгача аҳоли жон бошига даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш каби улкан мақсадларига эришиши учун ўсишнинг амалдаги суратларини сақлаб қолиши лозим.

Афсуски, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бошқа мамлакатларда бўлгани каби, COVID-19 пандемияси инқирозидан кейин Ўзбекистоннинг иқтисодий тикланиш жараёни Украинадаги уруш натижасида янада мураккаблашди. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги инфляция ошишига олиб келувчи озиқ-овқат ва энергетика нархлари кўтарилиши фонида шаклланаётган бозорлар ва ривожланаётган мамлакатларда ЯИМ 0,2% га қисқаради. 2023 йилда минтақа иқтисодиётида ўсиш кузатилади, бироқ унинг суратлари пастлигича қолади ва бу кўрсаткич 0,3% ни ташкил этади.

Бундан ташқари, бизнинг қисқа муддатли прогнозларимизга турли пасайтирувчи хатарлар таъсир кўрсатмоқда. Масалан, хомашё ва истеъмол товарлари нархларининг юқорилиги, Хитой ва Европа иттифоқида иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиш эҳтимоли, жаҳон банклари фоиз ставкаларининг ошиши ва глобал молиявий бозорларда шартларнинг кескинлаштирилиши. Келажак яна бошқа кўплаб ноаниқликларга тўла, бу эса иқтисодий прогнозлаштириш учун қийинчиликлар туғдиради.

Яхши хабарлардан бири шундаки, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти Жаҳон банкининг 2022 йил баҳоридаги прогнозига қараганда юқорироқ суръатларда ривожланмоқда. Ҳозирги ҳисоб-китобларимизга кўра, ушбу мамлакатлар иқтисодиётининг ўртача ўсиш суръатлари 2022 йилда 3,7% ни ва 2023 йилда 3,9% ни ташкил этади.

2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотлари мамлакатнинг ташқи таъсирларга чидамлилигини янада оширишга хизмат қилди. Ҳисоб-китобларимизга кўра, 2022 йилда мамлакат ЯИМ 5,3% га ошади. Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 23 та давлат ичида Арманистон, Хорватия, Грузия ва Черногория билан бир қаторда энг тез ўсаётган иқтисодиётлардан бирига айланади. 2023 йилда эса мамлакат иқтисодиёти 4,9% га ўсиши кутилмоқда – бу кейинги йилда Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун прогноз қилинган энг юқори ўсиш сурати ҳисобланади.

Биз Ўзбекистонда амалга оширилган бозор ислоҳотларининг улкан натижаларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Охирги 5 йил ичида ҳукумат валюта ва савдо операциялари учун чекловларни камайтирди, авваллари давлат томонидан белгиланган қатор маҳсулотлар ва хизматлар нархи либерализация қилинди, шунингдек бизнес юритиш учун шароитлар яхшиланди. Солиқ кодексининг қайта кўриб чиқилганлиги давлат бюджетини янада шаффофроқ қилди ва аҳолининг заиф қатламлари эҳтиёжлари инобатга олинишини таъминлади. Мамлакат расмийлари жорий қилган инфляцион таргетлаш ва янги фискал қоидалар истеъмол нархлари ва давлат қарзини назорат остида сақлашга ёрдам беради.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимида ҳам муваффақиятларга эришилди. 2020 йил январ ойидан бошлаб ҳукумат ижтимоий ёрдам оладиган кам таъминланган уй хўжаликлари сонини оширди (2019 йилда 0,6 миллион, 2021 йилда 1,2 миллион, 2022 йил апрелида қарийб 1,8 миллион бенефициар уй хўжаликлари). Жаҳон банки ушбу ва бошқа соҳаларда ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади.

Сўнгги йилларда иқтисодиётнинг алоҳида секторларига кўпроқ эътибор бериш мақсадида ислоҳотлар чуқурлаштирилаётгани кўзга ташланмоқда. 2022 йил апрелида “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” янги қонун қабул қилинди. Ҳужжат муаммоли, лекин фаолият юритишга қодир корхоналарни таркибий жиҳатдан ўзгартиришни, иш ўринлари ва маҳсулдор тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган капитални ҳимоя қилишни, шунингдек иқтисодиётда бозор тамойилларига ўтишни тезлаштиришни рағбатлантиришни мақсад қилиб қўйган.

2022 йил июлида Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Хусусийлаштириш тўғрисидаги янги қонун эса давлат мулки объектларини сотиш бўйича трансформацион дастурни амалга ошириш учун шароитлар яратади. Ҳозирги кунда мамлакат парламенти рақобат тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ҳам иш олиб бормоқда. Ушбу ҳужжат мулкчилик шаклидан қатъи назар мамлакатдаги барча корхоналарга тенг шароитлар яратиш йўлида олдинга ташланган қадам бўлади.

Ҳукуматнинг 2026 йилгача камбағалликни 2 бараварга қисқартириш ва 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг аҳоли жон бошига даромади ўртача бўлган мамлакатлар гуруҳининг юқори қисмига кириши бўйича катта мақсадларига эришиш учун ислоҳотлар мувофиқлаштирилиши ва босқичма-босқич амалга оширилиши даркор. Уларга эришиш учун мамлакат аҳоли жон бошига даромадининг ўсиш суратларини жадаллаштириб, йилига камида 9% га етказиш лозим. Ушбу масалада расмийлар нималарга эътибор қаратишлари керак?

Хусусий секторни ривожлантириш учун тенг шароитлар яратиш ҳамда меҳнат унумдорлиги ва аҳоли даромадлари ўсишини секинлаштирувчи иқтисодиётда ноқонуний ғаразли манфаатларни қондириш хатарлари билан курашиш йўналишларида янада кўпроқ ишлар қилиниши лозим. Халқаро рақобатбардошликни яхшилаш учун Ўзбекистон ишлаб чиқариш омиллари (ер, капитал, энергия, хомашё ва ишчи кучи каби) бозорларини либерализация қилишда давом этиши, барча хўжалик субъектлари улардан тенг равишда фойдаланишлари учун шароитлар яратиши керак. Шунингдек, халқаро савдони олиб боришдаги харажатларни қисқартиришда давом этиш муҳим.

Шу билан бирга, нархларни либерализация қилиш жараёнининг якунига етказилиши, давлат корхоналарининг ислоҳ қилиниши, молиявий тизимнинг ишлаши ва бизнес учун шароитларнинг яхшиланиши ресурслар бозор механизмлари асосида тақсимланмаслиги муаммосини ечиш ҳамда меҳнат унумдорлигини ошириш учун муҳим аҳамият касб этади.

Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги давлат хизматлари сифатини ошириш мамлакатда инсон капиталининг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини ривожлантиришга давлат инвестицияларини йўналтиришда давом этиш эса ўтиш даврида ислоҳотларнинг камбағал ва заиф аҳоли қатламлари учун таъсирларини юмшатади. Ислоҳотлар натижасида амалга ошадиган қатор ўзгаришлар айрим фуқароларнинг фаровонлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун, уларга пухта тайёргарлик кўрилиши ва босқичма-босқич амалга оширилиши лозим.

Бу йил биз Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллигини нишонламоқдамиз. Яқин келажакда биз ҳукуматга барча фуқаролар фаровонлигини оширишга йўналтирилган инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётини қуришда ёрдам беришда давом этамиз. Бизнинг молиявий ва таҳлилий кўмагимиз мамлакат билан янги беш йиллик Ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилади. Ушбу дастур Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида назарда тутилган, иқтисодиёт ва жамиятни трансформация қилишни давом эттиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам беради.

Мен Самарқанддаги Иқтисодий форум иштирокчилари билан юқорида келтирилган мавзулар бўйича мазмунли ва қизиқарли муҳокамаларни интиқлик билан кутяпман. Ўтган йилги форум Ўзбекистонда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлидаги мавжуд муаммолар ва имкониятлар тўғрисида очиқ муҳокамалар учун платформа яратди. Мен кутилаётган тадбир доирасида ушбу диалогнинг давом этишига умид билдираман.

Мавзуга оид