Жаҳон | 09:03 / 02.11.2022
7863
3 дақиқада ўқилади

Тинков Instagram'дан Россия фуқаролигидан чиқиши ҳақидаги баёноти ўчганига изоҳ берди

Бизнесмен Олег Тинков Instagram'да Россия паспортидан бош тортганини ёзди, эртаси куни бу пост йўқолиб қолди. Тинковнинг сўзларига кўра, у уни ўчирмаган.

Фото: Bloomberg

Бизнесмен Олег Тинков интернет-тролларни Россия фуқаролигидан чиқишини эълон қилган Instagram'даги постини ўчириб ташлашда айблади. «Путиннинг троллари қандайдир йўл билан Инстага етиб келди, менинг постим йўқолиб қолди. У Россиянинг мустақил Украинага бостириб кириши сабабли Россия фуқаролигидан чиқишга қарор қилганимни айтганди. Мен бу урушга ва тинч аҳолининг ўлдирилишига қаршиман», — деб ёзган Тинков 1 ноябрь, сешанба куни.

Бир кун аввал у Россия фуқаролигидан воз кечишини маълум қилган эди. «Мен буларнинг барчасини кўришни истамаяпман ва Путин фашизмига алоқадор бўлмайман! Менинг собиқ ватандошларим тинч одамларни ўлдириб, талон-торож қилаётганини кўришни хоҳламаяпман», - дейди тадбиркор. У бошқа ишбилармонларни ундан ўрнак олишга, «фашизм учун ишламасликка», «бизнесларини ва фуқаролигини тарк этишга» чақирди.

Олег Тинков Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери бир неча бор урушга қарши баёнотлар билан чиққан. Хусусан, апрель ойида у «Италияда украиналик қочқинларга ва Россияда россиялик ярадорларга бевосита ёрдам бермоқчи»лигини ёзган. Кейинроқ у Instagram'да пост эълон қилди, унда у «коллектив Ғарб»дан Россия президенти Владимир Путинга «юзни сақлаб қолиш» ва «қирғинни тўхтатиш» учун Украинадаги мавжуд вазиятдан «аниқ чиқиш» имкониятини беришни сўради. Унинг таъкидлашича, содир бўлаётган воқеалардан «битта бенефициарни» кўрмаяпти. «Бегуноҳ одамлар ва аскарлар ўлмоқда», деб ёзади Тинков. Унинг фикрига кўра, рус генераллари «бош оғриғи билан уйғониб, армия аслида қобилиятсиз эканини англадилар».

«Тинкофф» банки ўз таъсисчисининг баёнотларидан узоқлашди ва буни «шахсий фикр» деб атади. Май ойида Тинков Россия ҳукуматини ўз оиласининг «Тинкофф» банки ва «Тинкофф Страхование»га эгалик қилувчи TCS Group корпорациясидаги улушини сотишга мажбурлаганликда айблади. Тадбиркор Украинадаги урушга қарши очиқ чиқиш қилган куннинг эртасига Россия президенти маъмурияти вакиллари «Тинкофф» банки раҳбарияти билан боғланиб, миллийлаштириш билан таҳдид қилишди, деди тадбиркор. Шу билан бирга, гап Кремл томонидан унга юкланган ва нархи муҳокама қилиниши назарда тутилмаган «умидсиз сотув» ҳақида борган.

Март ойи охирида тадбиркор Британия санкцияларига учради: унинг яхталарига мамлакат портларига кириш, самолётларига эса ҳаво ҳудудида парвоз қилиш тақиқланди. Лондон кейинроқ чекловларни бекор қилди.

Мавзуга оид