WSJ: Эрон Саудия Арабистонига ҳужум қилиши мумкин
Америкаликлар Эрон Саудия Арабистонига ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирилди.
Саудия Арабистони ҳукумати АҚШга Эрон подшоҳлик ҳудуди бўйлаб, шунингдек Ироқ Курдистонидаги америкалик ҳарбийлар базаси ҳам жойлашган Арбил шаҳрига зарбалар йўллашга тайёрланаётгани тўғрисидаги разведка маълумотларини тақдим этган. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар бермоқда.
«Биз бу таҳдиддан хавотирдамиз ва Саудия Арабистони билан ҳарбий ва разведка каналлари орқали доимий алоқада бўлиб турамиз. Биз ўзимизнинг ва минтақадаги ҳамкорларимизнинг манфаатларини ҳеч қандай иккиланишсиз ҳимоя қиламиз», — деган АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили.
ОАВ Эрон Жомкорон масжиди узра қизил байроқ кўтарилганига эътибор қаратмоқда. Қизил туғнинг кўтарилиши уруш эълон қилинишини англатади. Сўнгги марта қизил байроқ 2020 йилда Қосим Сулаймоний ўлдирилганда кўтарилган эди.
WSJ нашри ёзишича, Саудия Арабистони ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлар, шунингдек АҚШ қуролли кучлари жанговар шай ҳолатга келтирилган. Разведка маълумотларига кўра, режалаштирилган ҳужумлардан мақсад Эрон жамияти эътиборини Маҳси Аминийнинг ўлимидан кейин бошланган ва бутун мамлакатни қамраб олган оммавий намойишлардан чалғитиш ҳисобланади.
- Октябр ойида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий Саудия Арабистонидан ушбу мамлакатда форс тилида эфирга чиқувчи телеканаллар Эрондаги намойишларни ёритишини тўхтатишни талаб қилганди. «Бу бизнинг сўнгги огоҳлантиришимиз, чунки сиз медиа орқали бизнинг ички ишларимизга аралашмоқдасиз», — деганди у. Эрон ҳукумати сентябр ойининг иккинчи ярмида бошланган намойишларда АҚШ ва Исроилни айблайди.
- Сентябр ойида Эрон Ироқ Курдистонига баллистик ракеталар ва дронлар орқали зарба йўллаганди. Reuters маълумотига кўра, ўшанда 13 киши ҳалок бўлиб, 58 киши яраланган. Hengaw ҳуқуқ ташкилоти Эрон ҳужумларидан мақсад курд қуролли тузилмалари ва Эроннинг сургундаги мухолиф партиялари лагерлари ҳамда штаб-квартиралари бўлганини маълум қилганди.