Жаҳон | 20:45 / 02.11.2022
11700
2 дақиқада ўқилади

Хитой дунёдаги энг йирик iPhone заводини карантинга ёпди 

Коронавирус тарқалиши туфайли Хитой ҳукумати дунёдаги энг йирик iPhone заводи жойлашган Чжэнчжоу аэропортининг иқтисодий зонасини ёпди. 

Фото: AP

Хитой ҳукумати Чжэнчжоу шаҳридаги саноат паркини карантинга олди. Бу ҳудудда дунёдаги энг йирик iPhone ишлаб чиқарувчи завод жойлашган. 

«Ҳэнан провинциясидаги Чжэнчжоу аэропорти иқтисодий зонаси аҳолиси яшаш жойини фақат COVID-19 тестини топшириш ва зарур тиббий ёрдам олиш мақсадида тарк этиши мумкин. COVID-19 профилактикасини ўтказаётган кўнгиллилар ва зонанинг асосий ходимлари бундан мустасно», дейилади ҳудуд маъмурияти баёнотида.

Ҳудуддаги йирик iPhone заводига эгалик қилувчи Тайваннинг Foxconn технологик гиганти ўз ходимларига иш ўрнини тарк этмаслиги учун 4 баробар кўп миқдорда мукофот ваъда қиляпти. Аввалроқ, ушбу заводда коронавирус юқтирган одам аниқлангани ҳақидаги хабардан сўнг, ишчилари карантинга олинишдан қўрқиб, оммавий равишда қочиб кетишган эди. 

Маҳаллий ҳокимият вакиллари саноат зонаси аҳолиси ҳар куни коронавирус учун тест топшириши кераклигини таъкидламоқда. Улар «ҳар қандай қонунбузарликларга қатъий чоралар кўрилиши» ҳақида огоҳлантирмоқда. 

Хитой ҳукумати коронавирусга қарши «муросасиз кураш» сиёсатини олиб бормоқда, гарчи у ижтимоий-иқтисодий вазиятга салбий таъсир кўрсатса-да. Коронавирус аниқланган ҳолларда қишлоқлар, шаҳарлар, савдо марказлари, завод ва фабрикалар зудлик билан карантинга ёпиляпти. 

Мавзуга оид