Жамият | 22:22 / 02.11.2022
37978
5 дақиқада ўқилади

“Ягона йўл суғуртали тиббиётга ўтиш” – профессор Ўзбекистонда дорихоналарнинг кўплиги ҳақида

Ижтимоий тармоқларда қозоғистонлик аёл пойтахтимиздаги дорихоналарни кўриб, ҳайратга тушгани акс этган видео тарқалди ва бу муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz мавзу юзасидан кичик ижтимоий сўров ўтказди.

Сўровда қатнашган юртдошларимизнинг фикрича, Ўзбекистонда дорихоналар кўплиги халқимизда тиббий билимларнинг бироз етишмаслиги, шунинг баробарида йилдан йилга янги-янги касалликлар пайдо бўлаётгани, беморлар сони ва дориларга эҳтиёж ҳам шу сабабли ортиб бораётгани билан боғлиқ.

Айримлар дорихона соҳаси бизнесга айланиб кетгани, дориларнинг нархи қимматлиги, айрим шифокорлар дорихоналар билан келишув асосида ишлаши, шу сабабли беморларга керак-нокерак дориларни ҳам ёзиб бераверишини таъкидлаб, мутасаддилар ушбу муаммога етарлича эътибор қаратмаётганидан нолишган.

Баъзи респондентлар эса атроф-муҳит ва экология муаммолари оқибатида касалликлар кўпайиб бораётгани, талаб бўлгани сабабли дорихоналарнинг ҳам сони ўсиб бораётганини айтишган.

Шунингдек, дорихоналарнинг кўплигини яхши ҳолат деб баҳолаганлар ҳам бор. Уларга кўра бирор беморга тезликда дори керак бўлганда ёхуд биттасидан топилмаган дори бошқасидан топилиши сабабли дорихоналарнинг кўп бўлгани маъқул.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг фикрича, қаерда тиббиёт қолоқ бўлса, шу ерда фармакологик бизнес гуркираб ривожланади.

“Бу ерда муаммо дорихоналарда эмас. Фармакологик компанияларда ҳам эмас. Бу бозор иқтисодиёти. Гап тиббиётда.

2-3 кун аввал қўшни давлат фуқаросининг Тиббиёт Академияси ёнида дорихоналар кўплигидан ҳайратга тушгани видеосини кўрдим. 2018 йил Қозоғистон суғурта тиббиётига ўтди. Ўзим яқинда икки ойда тўрт-беш марта бориб, беморларни кўриб келдим. У ерда суғурта тиббиёти амалда ва барча давлат шифохоналари энг зарур дорилар билан таъминланган.

Суғурта тиббиёти нима? Касаллик кўрсатилган. Айнан стандартда кўрсатилган дориларни ёзиш керак. Кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас. Агар биз суғурта тиббиётига ўтадиган бўлсак ва тиббий таълимни жойига қўйсак ҳамда психосоматик тиббиётни йўлга қўйсак, ўз-ўзидан дорига мурожаат қилаётганлар камаяди ва дорихоналар ҳам қисқаради. Сўнгра уларга кетаётган маблағ чойхоналарга, кутубхоналарга ва бошқа маиший соҳаларга йўналтирилади.

Мана шу уч муаммо бартараф этилса, уч йил ичида бу муаммолар ҳам ечимини топади, балки президент орзу қилганидек, оддий шифокорнинг ойлигини 1000 долларга чиқариш учун пул ҳам топилар?

Дорилар давлат бюджети ҳисобидан ҳам сотиб олиняпти. Ана шу сарфланаётган млрд пуллар ярмига камаяди ва бу шифокорларнинг ойлиги учун сарфланади.

Тўртинчи омил, бу реклама. ОАВнинг қайси соҳасини олманг, дорилар рекламаси бисёр. ОАВда дори рекламаларини буткул чеклаш керак. Қозоғистон фуқаросининг видеосидан уялдим. Агар у қўшни республикадан эмас, дейлик, Германиядан келганида уялмасдим. Чунки уларнинг даражасига етишимизга анча бор.

Аммо Ўзбекистонда дорихоналар кўплигидан ҳайратга тушаётган аёл қўшнимиз. Яқин-яқингача улар биздан тиббиётни ўрганиб юрган. Илмий даражаларни бизда ёқлаб юрган қўшни давлат бугун тиббиётда биздан илгарилаб кетяпти. Буни тан олиш керак. Шунинг учун бу масалани тиббиётни ислоҳ қилиш орқали ечиш мумкин. Сизнинг бориб дорихоналарни ёп дейишга ҳаққингиз йўқ. Дорихона очма дейишга ҳам ҳаққингиз йўқ. Тиббиёт қаерда қолоқ бўлса, фармакологик бизнес ўша юртда гуркираб ривожланади”, дейди Зарифбой Ибодуллаев.

Мутахассисга кўра, шифокорларнинг беморларига кўп дори ёзиб беришини суғуртали тиббиётга  ўтиш орқалигина бартараф этиш мумкин.

Зарифбой Ибодуллаев

“Агар суғуртали тиббиёт ҳақида қарор қабул қилинса, у ерда қайси касалликка қандай ва неча турдаги дори кераклиги кўрсатиб берилган. Барча тиббий муассасаларнинг қўлида ўша стандарт туради. Суғуртали тиббиёт далилларга асосланган ва бу ерда ортиқча дори киритилмайди.

Агар сизга у ерда кўрсатилмаган дори ёзиб берилса, судга мурожаат қилишга ҳаққингиз бор. Суғуртали тиббиётнинг амалдаги судлари бор. Кучли-кучли олимлар уни текширади. Иккинчидан, стандартда ёзилган дориларни қабул қилгач, бемор тузалади. Чунки уни бир шифокор ёки профессор ишлаб чиқмаган. Бутун дунёда ҳар бир касаллик бўйича экспертлар гуруҳи бор. Улар ишлаб чиққан.

Тиббиёт талабалари ҳам ўша стандартни ўқийверади ва шу бўйича ёзаверади. Натижада уларнинг тажрибаси ошади, касалликлар камаяди, ногиронлар сони қисқаради”, дейди Зарифбой Ибодуллаев.

Бахтиёр Тўхтаев суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдулатиф Умаров.

Мавзуга оид