PepsiCo компаниясининг катта таваккали: «Капиталистлар ичимлиги» бўлган Pepsi Cola СССРга қандай кириб келганди?
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида турли ҳудудларини ўз таъсир доирасига олиш учун СССР ва АҚШ кескин рақобат олиб борди. Оқибатда, улар бир-бирига сиёсий ва иқтисодий душманга айланди. Ана шундай шароитда АҚШнинг йирик компанияларидан бири PepsiCo катта таваккал билан СССРда ўз корхонасини очади. Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан, 2022 йил мартда компания бу давлатда салқин ичимликлар ишлаб чиқаришни тўхтатди. Шу тариқа PepsiCo орадан 50 йил ўтиб Россия бозорини номаълум муддатга тарк этди.
1917 йилда содир бўлган Октябр тўнтариши Евросиёнинг жуда катта минтақасида бозор қонуниятларини ўзгартириб юборди. Россия империяси тугатилиб, ўрнига «советлар мамлакати» пайдо бўлар экан, янги тузум хусусий мулк эгаларига қарши аёвсиз кураш бошлайди.
Аввалига завод ва фабрикалар тортиб олинади. Кейин дўкондорларга ҳужум бошланади. 1920-йиллар охирига келиб коллективлаштириш баҳонасида бутун мамлакат бўйлаб одамларнинг ер ва мулклари охиригача тортиб олинади. Шу тариқа асрлар давомида шаклланиб келган хусусий мулк муносабатлари тўлиқ маҳв этилади.
1930-йилларда мамлакатда жуда катта қурилишлар бошлаб юборилади. Аммо керакли мутахассислар етишмасди. Ана шу пайтда СССРга дунёнинг турли давлатларидан кўплаб компаниялар ўз мутахассислари билан келиб ишлайди. Улар орасида АҚШликлар ҳам бор эди.
1937 йилда Сталин қатағонлари бошлангач, хорижий мутахассисларнинг бир қисми қочиб қутулади. Бошқалари эса айғоқчиликда айбланиб, жазоланади. Шундан сўнг узоқ йиллар давомида СССРнинг Ғарб давлатлари билан иқтисодий алоқалари энг ёмон кўринишга келади.
Сталин вафотидан кейин бир муддат СССР ва АҚШ муносабатлари юмшагандай бўлади. Мамлакат раҳбари Никита Хрушчев АҚШга ташриф буюради.
Бунга жавобан 1959 йилда Москвада АҚШ миллий саноат кўргазмаси ташкил этилади ва унга вице-президент Ричард Никсон ташриф буюради. Аммо 1960-йиллар бошида содир бўлган Кариб инқирози даврида СССРнинг Ғарб билан алоқалари яна ёмонлашади.
1964 йил 14 октябрда СССР раҳбари ўзгаради. Хрушчев ўрнига Леонид Брежнев КПСС марказий қўмитаси бош котиби бўлади. Ўша пайтда Вьетнам уруши давом этаётган ва унда АҚШ армияси жанубликларга, СССР ҳарбийлари шимолликларга ёрдам бераётган эди. Шу сабабли ҳар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар совуқлигича қолади.
Совет-АҚШ алоқаларининг илиқлашиши
1969 йилда АҚШда ўтказилган сайловларда Ричард Никсон ғалаба қозонади ва мамлакат президенти бўлади. Никсон урушда муваффақиятсизликка учраётган АҚШ ҳарбийларини Вьетнамдан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилади. Шу билан бирга Совет иттифоқи билан иқтисодий алоқаларни тиклашга киришади. Шундан сўнг СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар илиқлаша бошлайди.
1972 йилда Ричард Никсон Брежнев таклифига кўра СССРга давлат ташрифи билан келади. Унгача АҚШ президентлари орасида фақат Франклин Рузвелт 1945 йилда СССРга келганди. Рузвелтнинг ташрифидан кейин орада ўтган 27 йил мобайнида АҚШнинг бирорта президенти совет иттифоқига келмаган.
Орадан икки йил ўтиб, 1974 йилда Ричард Никсон СССРга иккинчи марта келади ва ҳар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар анча жонланиб қолади.
СССРда Pepsi Сola корхонасининг қурилиши
СССРда Pepsi Сola авваллари сотилмаган. Фақат 1959 йилда Москвада ўтказилган АҚШ миллий саноат ярмаркасида бу ичимлик илк бор тақдим этилганди.
АҚШ Миллий саноат ярмаркасининг ташкилотчиси вице президент Ричард Никсон эди. Ўшанда ярмаркада PepsiCo компанияси бош директори Доналд Кендалл ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашади.
Ярмарка бўлиб ўтган кунларда унга ташриф буюрувчиларга Pepsi Сola ҳам тақдим этилади ва бу ичимлик кўпчиликнинг меҳрини қозонади.
PepsiCo компанияси ўшандаёқ СССР бозорига киришни хоҳлаганди. Аммо Кариб ҳавзасида жойлашган Куба ороли туфайли келиб чиққан можаро туфайли бу амалга ошмай қолади.
Ричард Никсоннинг совет иттифоқига 1972 йилда амалга оширган биринчи ташрифида СССР ва АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик шартномалари имзоланади. Шундан сўнг ҳар икки мамлакат ўртасида маҳсулот айирбошлаш бошланади.
Ўша пайтда СССРда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар орасида америкаликларнинг талабига жавоб берадиганлари йўқ эди. Шу сабабли улар асосан хомашё сотиб олади ва ўрнига тайёр маҳсулотлар жўнатилади.
Жумладан, 1973 йилда СССРга АҚШдан Pepsi Сola салқин ичимлигининг биринчи партияси етиб келади. Ичимлик совет харидорларига манзур келгач компания раҳбарлари СССР савдо министрлиги билан музокара ўтказиб, СССРда завод очиш бўйича келишувга эришади. Шу тариқа PepsiCo капиталистик Ғарбдан келиб СССРда маҳсулот ишлаб чиқарган илк компанияга айланади.
Ўша пайтда PepsiCo’нинг барча корхоналар давлатга тегишли бўлган СССРда салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи корхонани очиши катта жасорат эди. Бунинг устига, Ғарб маҳсулотлари СССРда «Капиталистлар маҳсулоти» деб талқин қилинар, бундай шароитда харидорларни жалб қилиш бироз қийин бўлиши эҳтимоли ҳам бор эди.
Ғарб давлатлари билан иқтисодий алоқалари унча яхши бўлмаган советлар кейинчалик арзимаган нарсани баҳона қилиб PepsiCo’нинг корхонасини тортиб олиши мумкин эди. Компания ана ана шундай қалтис вазиятда жиддий таваккалга қўл уради.
1973 йилда Краснодар ўлкасидаги Новороссийск шаҳрида янги завод қурила бошланади ва у 11 ойда битади. 1974 йилда завод ишга туширилади ва у ерда Pepsi Сola ишлаб чиқарила бошланади. Бу ичимликка қўшиладиган асосий қўшимча PepsiCo’нинг Ирландиядаги заводидан келар эди.
Ўша пайтда Новороссийскдаги корхона бир суткада 160 минг шиша идишда Pepsi Сola ишлаб чиқарган. Ўзаро келишувга кўра СССРда ишлаб чиқарилган ичимлик ёрлиғига бренд номи кирилл алифбосида ёзилган эди.
Pepsi Сola оддий совет лимонадларига қараганда анча сифатли бўлгани учун тезда мамлакат бўйлаб оммалашади. Шундан сўнг компания ишлаб чиқаришни кенгайтира бошлайди.
Кейинги йилларда бирин-кетин бошқа шаҳарларда ҳам заводлар очилади. Жумладан, 1978 йилда Евпоторияда, Ленинградда (ҳозирги Санкт-Петербург), Новосибирск ва Москвада Pepsi Сola ишлаб чиқарилади.
Pepsi Сola 0,33 литрли шиша идишга қуйилар ва турли шаҳарларда 45-50 тийиндан сотиларди.
Москва олимпиадаси туфайли келиб чиққан рақобат
Маълумки, АҚШнинг турли йирик компаниялари ўзаро рақобатда ишлайди. Шу жумладан PepsiCo ва АҚШнинг яна бир йирик компанияси Coca-Cola Company дунё бўйлаб ўзаро рақобатда ишлаган.
1979 йилга келиб PepsiCo ва Coca-Cola Company ўртасида СССР билан боғлиқ кичик можаро юзага келади.
1980 йилда ёзги олимпиада ўйинлари ўтказилишини Москва шаҳри ютиб олганди. 1979 йилда дунёнинг кўплаб мамлакатлари СССРнинг Афғонистонга бостириб киришига норозилик сифатида Москвадаги олимпиадада қатнашмаслигини маълум қилади. Улар орасида АҚШ ҳам бор эди.
Гарчи Америка Москвадаги мусобақага ўз спортчиларини юбормаслигини айтган бўлса-да, олимпиада бошланиши арафасида Coca-Cola Company ва PepsiCo ўртасида кичик можаро юзага келди.
Coca-Cola Company ўша пайтларда Халқаро олимпия қўмитаси билан олимпия ўйинларининг асосий ичимлиги ва ҳомийси бўлиш учун шартнома имзолаганди. Компания Москва олимпиадасигача бўлган мусобақаларда ҳам олимпия ўйинларининг асосий ҳомийларидан бири бўлиб келаётганди.
Москва олимпиадаси ташкилотчилари Ғарб давлатларининг бойкотидан сўнг мусобақага СССРда маҳсулот ишлаб чиқараётган PepsiCo компанияси асосий ҳомий бўлиши ҳақида маълум қилишади. Советларнинг бундай қарори халқаро олимпия қўмитасини ноқулай аҳволга солиб қўяди.
Шундан сўнг халқаро олимпия қўмитаси ташкилотчилар билан музокаралар ўтказади. Советлар аввалига Coca-Cola Company’нинг Москва олимпиадасига асосий ҳомий бўлишига қарши бўлишади. Бундан асосий ҳомийлик учун халқаро олимпия қўмитасига миллионлаб доллар маблағ ажратаётган Coca Сola компанияси мутасаддилари норози бўлишади.
Халқаро олимпия қўмитаси Москва олимпиадаси ташкилотчилари билан музокаралар ўтказади. Қўмита бироз ён бериш ҳисобига Coca Cola Company Москва олимпиадасига ҳомийлик қилиши бўйича келишувга эришади.
Советлар олимпиянинг асосий ичимлиги сифатида Coca Cola Company’нинг энг машҳур ичимлиги Coca Сola эмас, Fanta қатнашиши мумкинлигини айтишади. Халқаро олимпия қўмитаси ва Coca-Cola Company вакиллари ноилож рози бўлишади.
1979 йилдан бошлаб Coca-Cola Company Москвадаги «Очаково» корхонасида 0,33 литрли шиша идишга қуйилган Fanta ичимлигини чиқара бошлайди. Шу тариқа Москва олимпиадасида иккита рақобатчи компаниянинг асосий ичимликлари деб Pepsi Сola ва Fanta тан олинади.
Шунингдек, келишувга кўра Coca Cola Company’га олимпиада тугагунча СССРда Coca Сola ичимлигини сотишга рухсат беришади. Компания идиш тепасига кирилл ёзуви туширилган ичимликлардан катта партиясини СССРга олиб кириб сота бошлайди.
Олимпиада ўйинлари тугаши билан Coca Cola Company СССРда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда сотишни истамайди ва Очаководаги корхонани ёпиб чиқиб кетади. PepsiCo компанияси эса ишлашда давом этади.
1985 йилда СССРда яна еттита заводда – Москва, Ленинград, Киев, Тошкент, Таллин, Олма-Ота ва Сухуми шаҳарларида Pepsi Сola ишлаб чиқарила бошланади.
1980-йиллар бошида PepsiCo компанияси СССРда бир йилда 15 миллион қути (ҳар бир қутида 20 шиша ичимлик жойлашган) Pepsi Сola ишлаб чиқарган. Уларнинг умумий баҳоси қарийб 200 миллион долларни ташкил этган.
Ҳар йили СССР бўйлаб миллионлаб шиша Pepsi Сola сотилар экан, бу ичимлик советларнинг ўзи ишлаб чиқарадиган лимонадлардан бир неча баробар қиммат эди. Масалан, ўша пайтда 0,5 литрли шиша идишга қуйилган лимонат 10 тийин, 0,33 литрли Pepsi Сola эса 45-50 тийин сотилган.
Нархнинг баландлигига қарамасдан жуда сифатли бўлгани учун Pepsi Сola бутун мамлакат бўйлаб оммалашади.
1988 йилдан бошлаб совет телеканалларида Pepsi Сola рекламаси берила бошланади. Илк реклама ролигида ўша пайтда энди машҳур бўла бошлаган Майкл Жексон суратга тушган эди.
Ўша йили Ўзбекистон телеканалида ҳам Тошкентдаги театрлардан бирининг актёрлари иштирокида суратга олинган реклама ролиги эфирга чиқа бошлайди. Ўзбекистонда суратга олинган рекламада актёрлар «Минг бир кеча» эртаги қаҳрамонлари образида чиқишган.
«Аср келишуви»
1989 йилга келиб СССРда 21 корхона Pepsi Сola ишлаб чиқарар (Улар орасида Қибрай туманидаги салқин ичимликлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳам бор эди), яна 26 та корхона очиш режа қилинганди.
Аммо СССР тарқаб кетиши арафасида мамлакат бўйлаб молиявий инқирозлар кучаяди. Ўшанда PepsiCo’дан олинган хомашё ва турли ускуналар ҳисобидан СССР компаниядан бир неча миллиард доллар қарз бўлиб қолади.
Шундан сўнг PepsiCo мутасаддилари СССРга келади ва ҳукумат даражасидан ўтказилган музокаралардан сўнг Горбачёв билан қарзларни тўлаш бўйича шартнома имзоланади.
Шартномага кўра PepsiCo қарзлар эвазига СССРдан 20 та эски ҳарбий кема ва бир нечта нефт ташувчи танкер олади. PepsiCo олган кемаларнинг 17 таси «613 лойиҳа» деб номланувчи йирик сувости ҳарбий кемаси, биттадан эсминец, крейсер ва торпедо қуролларини ташувчи (торпедонец) эди.
Ўшанда сувости ҳарбий кемаларнинг ҳар бири 150 миллион доллардан нархланганди. Эсминец, крейсер, торпедо қуролларини ташувчи кема ва танкерлар ҳам салмоқли пуллар эвазига ҳисоблаб берилади.
Ўша пайтда аксарият давлатларда бунча ҳарбий кема йўқ эди. Агар дунё давлатлари рўйхат қилинса PepsiCo ҳарбий-денгиз флоти бўйича улар орасида олтинчи ўринни эгаллаши мумкин бўларди.
PepsiCo кемаларнинг яроқлиларини харидорларга сотади, муддатини ўтаб бўлганларини эса металл эритувчи компанияга пуллайди. PepsiCo СССРдан ундиришнинг иложи бўлмаган пулларини шу йўл билан олади.
Ўша пайтда PepsiCo’нинг совет иттифоқидан қарз эвазига 20 та ҳарбий кема олгани дунё бўйлаб шов-шув бўлади.
«Биз СССРни сизлардан тезроқ қуролсизлантирамиз» деган эди PepsiCo компаниясининг собиқ бош директори Доналд Кендалл 1988-1992 йилларда АҚШни бошқарган Катта Жорж Бушга маслаҳатчи бўлган Брент Скоукрофтга.
Ўша йили New York Times газетаси «СССРдан ошиқча қурол-яроқларини олиб чиқиш бу – қайта қуришга ёрдамлашишдир» деб ёзиб чиққан эди.
1990 йилда СССР ва PepsiCo компанияси ўртасида 3 миллиард долларлик янги шартнома имзоланади. Шартномада совет иттифоқи тўловларнинг бир қисмини кемалар ва бошқа маҳсулотлар бериб узиши мумкинлиги кўрсатилади. Тарихда бу шартнома «Аср келишуви» деб номланган.
1991 йилда СССР парчаланиб кетади ва PepsiCo билан тузилган шартнома ҳам ўз кучини йўқотади. Шундан сўнг PepsiCo Россияда хорижий корхона сифатида рўйхатдан ўтиб ишлай бошлайди.
Компания 2022 йил март ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Россияда салқин ичимликлар ишлаб чиқаришни тўхтатди. Pepsi Сola кириб келганига роппа роса 50 йил бўлганда PepsiCo номаълум муддатга Россия бозорини тарк этди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
16:42
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024