Ўзбекистон | 09:25 / 04.11.2022
9007
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея Сирдарё вилоятида Smart City қуришни режалаштиряпти

Сирдарё вилояти ҳокими Ғафур Мирзаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Кореяда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Корея-Ўзбекистон Бизнес ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Ким Чанг Кеон иштирокидаги учрашув ташриф дастури дастлабкиси бўлди. Ҳамкорлик йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, саноат ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, таълим, фавқулодда вазиятлар билан курашиш, вилоятда илғор стандартлардаги шаҳарсозлик нормаларини жорий этиш белгилаб олинди

Ташриф дастури доирасида вилоят делегациясининг TDC Co., Ltd. компанияси президенти Чои Ин Чанг билан учрашуви бўлиб ўтди. Чои Ин Чанг жорий йил июль ойида Сирдарёга сафари таассуротлари ҳақида гапирар экан, вилоят ҳудудида Жанубий Корея стандартидаги турар-жой комплексини қуриш истаги пайдо бўлганини билдирди. Гулистон шаҳрида 20-30 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган мазкур Smart City (“Ақлли шаҳар”) мактабгача таълим, тиббиёт муассасаси, савдо-кўнгилочар ва спорт иншоотларини ўз ичига олади. Лойиҳани амалиётга жорий қилиш мақсадида Жанубий Корея етакчи компаниялари иштирокида консорциум шакллантирилади ҳамда шаҳарсозлик йўналишидаги мутахассислар Сирдарёга ташрифи ташкил этилади.

Делегация аъзолари EduLink Global Co., Ltd. компанияси президенти Хан Чунг Рим билан ҳам мулоқот ўтказди. Унда вилоят аҳолисининг жадал суратларда ўсиб бораётгани, бугунги кунда боғча ёшидаги болалар мактабгача таълим ташкилотларига қамрови 77,2 фоизни ташкил этиши нуқтайи назаридан туман ва шаҳарларда замонавий мактабгача таълим муассасаларини қуриш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга келишилди.

Корея ёнғин саноати уюшмаси раиси Пак Чонг Вон билан учрашувда вилоятда ёнғин хавфсизлиги соҳасини янада такомиллаштириш, кадрлар малакасини ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Пак Чонг Вон Корея томони 2023 йил биринчи чорагида кўп қаватли иншоотларда ёнғинга қарши курашишга мўлжалланган замонавий автотехника ва 2 дона махсус реанимобил воситасини вилоятга беғараз юборишни режалаштираётганини таъкидлади.

Сирдарё вилояти делегацияси аъзолари Инчхон эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиш асносида, ушбу ЭИЗ комиссари Ким Жин Ёнг билан мулоқот қилди. Унда вилоятдаги эркин иқтисодий, кичик ва ёшлар саноат зоналари бошқарувига Жанубий Корея тажрибасини жорий этиш, хорижий компанияларни жалб қилиш услубларини амалда қўллаш борасида фикр алмашилди. Ушбу йўналишдаги мутахассисларни Инчхон ЭИЗда малакасини ошириш учун қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этишга келишилди. 

Мавзуга оид