«Табиат фош қилиб қўйди». Иқлимшунос Тошкентдаги сув тошқинларига «кутилмаган ёмғир»ни баҳона қилмасликка чақирди
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов агар йўл қурилишида тартиблар кетма-кетлигида ишлар тўғри бажарилмаса, барпо этилган инфратузилма биринчи кучли табиат ҳодисасига дош бера олмаслигини таъкидлайди. У масъуллардан табиат ҳодисаларини баҳона қилишдан олдин чуқурроқ тафаккур қилишни сўради.
Транспорт вазирлиги вакили Мурод Обидов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида пойтахт кўчалари нима сабабдан сувга ғарқ бўлаётгани бўйича изоҳ берганди. Бунга жавобан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бундай ҳолатда табиат ҳодисаларини баҳона қилмасликка чақирди.
У ўзининг Telegram-каналида масъулнинг бундай жавоби юзасидан бир қанча муҳим саволларни ўртага ташлаган.
«Масъул қайси аргументларга асосан бу сўзни айтган? «Катта ёмғирлар» деганда нимани тушуниш мумкин? Бу даражада интенсив кучли ёғинлар бўлмаганди деганими? Бунга етарлича асослар борми? Мазкур фикрни айтиш учун кўп йиллик кузатувлар асосида чуқур таҳлилий ишлар амалга оширилганми? Маълумотлар қайси манбадан олиниб, солиштирилган?» дейди у.
Шунингдек, Абдулаҳатов бунда йўл қурилишидаги ишлар бир неча босқичларда кетма-кетликда тўғри бажарилмагани, бунга коррупция аралашгани сабаб кўчаларни сув босаётганини қайд этган.
«Йўл қурилишида шундай қоида бор. Йўл қурилишини лойиҳалашда йўлнинг топосъёмкаси билан биргаликда биринчи босқичда "ЎзГАШКЛИТИ" ДУКдан жойга таъсир кўрсатадиган иқлимий ҳолатлар, кучли шамол, кучли интенсив ёғинлар, ҳароратнинг юқори максимум ва минимум қийматлари, атмосфера босими таъсири ва шу билан бир қаторда жойда ўтмишда кузатилган энг кучли интенсив ёғинлар асосида ҳосил бўлувчи сув оқимининг миқдорий қиймати ҳисоб-китоблари хулоса кўринишида тақдим этилади. Бу корхонанинг гидрологик қидирув ишлари бўлими гидрологлари томонидан амалга оширилади.
Иккинчи босқичда мазкур аниқ рақамлар асосида лойиҳа ташкилотлари йўл, кўприк қурилишида юқори аниқликдаги ҳисоб-китобларни амалга ошириб, жойда йиғилиши мумкин бўлган сув оқимини хавфсиз талафотсиз ўтказиб юборишга қаратилган дренаж системасини (қувур, латок, труба, хандақ, дюкер ва ҳк.) лойиҳада кўрсатиб ўтади.
Учинчи босқичда мукаммал ишлаб чиқилган йўл-кўприк тузилма лойиҳалари қурилиш вазирлиги ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКда малакали мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқилиб, ижобий экспертиза хулосаси берилади.
Тўртинчи босқичда ижобий экспертиза хулосаси мавжуд лойиҳа ҳужжатлари асосида қурилиш ишларини амалга ошириш учун қурилиш ташкилоти аниқланади ва у томонидан лойиҳа асосида инфратузилма барпо этилади.
Агарда, ҳамма тартиблар тўғри амалга ошган бўлса-ю, тартиблар кетма-кетлигида ишлар тўғри бажарилмаса, барпо этилган инфратузилма биринчи кучли табиат ҳодисасига дош бера олмайди. Табиийки, бундай вазиятда қурилиш лойиҳаси ёки қурилиш ишларига коррупция аралашган бўлади ва буни табиат ҳодисаси фош қилган бўлади.
Ҳар доим табиат ҳодисаларини баҳона қилиб кўрсатиб кетишдан олдин сал чуқурроқ тафаккур қилиш керак», – деган у.
Бундан ташқари, иқлимшунос постини якунлар экан, Тошкентда охирги ўн йилликда кузатилган ёғинларнинг бирортаси пойтахт тарихидаги энг интенсив ёғинлар кузатилган ўтмиш давридаги қийматни бермаслигини, ундан анча кам кўрсаткични тақдим этишини эслатган. Унинг айтишича, ҳисоб-китоблар охирги ўн йилликдаги ёғинлар асосида эмас, ундан ҳам кўп ёғган ўтмиш ёғин кўрсаткичи бўйича ишлаб чиқилган бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 2 ноябр куни тўхтамай ёғган ёмғир шаҳарнинг дренаж тизими қай аҳволда эканини кўрсатиб берган эди. Чинни бозор яқинидаги кўприк, Генерал Узоқов кўчаси ва пойтахтнинг кўплаб ерости ўтиш жойларига сув тўпланиб, йўлларда кўллар пайдо бўлганди.
Мавзуга оид
20:45 / 10.11.2024
БМТ: Жанубий Судандаги сув тошқинлари ярим миллионга яқин одамни бошпанасиз қолдирди
17:58 / 10.11.2024
Испанияда оммавий норозилик намойишлари: аҳоли Валенсия ҳукумати истеъфосини талаб қилмоқда
15:40 / 06.11.2024
Октябр ойи метеорологик кузатувнинг барча йиллари учун энг ёмғирли бўлди
22:11 / 02.11.2024