Жаҳон | 13:42 / 12.11.2022
34220
15 дақиқада ўқилади

«Ишларимиз бизга ўргатилганларга зид эди»: СССРда бедарак йўқолгани айтилган КГБ ходими нега АҚШга қочиб кетган эди?

1980 йилда Москвада КГБ Бош бошқармаси ходими майор Виктор Шеймов оиласи билан бедарак йўқолади. Ўша пайтда КГБ ва ИИВ ўзаро рақобатда бўлгани учун ҳамкасблари уни милиция йўқ қилган деб ўйлашади. Аммо ундай эмасди. Шеймов хотини ва 5 ёшли қизи билан СССРдан қочган эди. Орадан 8 йил ўтиб унинг АҚШга қочгани маълум бўлади. Шеймовнинг бу иши КГБ зобитларининг Ғарбга қочиши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмасди. Унгача ва ундан кейин ҳам КГБнинг кўплаб ходимлари Ғарбнинг турли давлатларидан сиёсий бошпана сўраган.

СССРда КГБ (Комитет государственной безопасности – Давлат хавфсизлик қўмитаси) 1954 йилда ташкил этилган. Унгача бу ташкилот НКВД (Народный комиссариат внутренних дел – Ички ишлар халқ комиссариати) таркибида бўлган.

Қўмита ташкил этилган пайтда Сталин вафот этган (1953 йил 5 март куни ўлганди), унинг тузуми томонидан қатағон қилинган шахсларга қўзғатилган жиноят ишлари қайта кўриб чиқилаётган эди.

Сталиннинг вафотидан бир неча ой ўтиб, 1953 йил 26 июн куни НКВД бошлиғи Лаврентий Берия ҳам қўлга олинади ва ўша йили 23 декабр куни отиб ташланади.

Шундан сўнг бошқа ташкилотлар қатори НКВД ҳам ислоҳ қилинади ва унинг таркибида бўлган давлат хавфсизлик вазирлиги алоҳида ажратилиб, қўмитага айлантирилади. Шу билан бирга НКВДда юқори лавозимни эгаллаган шахслар ҳам қўлга олинади.

Бундан ташқари, бир пайтлар Берия томонидан хориж мамлакатларига юборилган совет жосуслари СССРга чақирилиб, уларга қарши жиноят ишлари қўзғатилади.

Ана шу пайтда хорижда юрган совет жосусларининг айримлари ватанга қайтгач жазоланишини билиб, ўзи ишлаётган давлатдан сиёсий бошпана сўрай бошлайди.

Аслида, совет жосусларининг хорижий давлатлардан сиёий бошпана сўраши аввалроқ бошланган бўлса-да, Сталин вафоти ва Бериянинг отиб ташланишидан кейин бундай ҳодисалар кескин кўпаяди.

Сталин ва Берия / Фото: yaplakal.com

Масалан, биргина 1954 йилнинг ўзида беш нафар совет жосуси хориж давлатлардан сиёсий бошпана сўрайди.

Жумладан:

  • 1954 йил январда КГБнинг ташқи разведка бўлими ходими Юрий Растворов Япониядан;
  • 1954 йил февралда КГБ ташқи разведка бўлими майори Петр Дерябин Австрияда америкаликлардан;
  • 1954 йил февралда капитан Николай Хохлов Ғарбий Германияда америкаликлардан;
  • 1954 йил апрелда подполковник Владимир Петров ва унинг рафиқаси капитан Евдокия Петрова Австралиядан;
  • 1954 йил ёзда КГБнинг «Гарт» лақабли жосуси Канадада америкаликлардан сиёсий бошпана сўрайди.

Совет жосусларининг Ғарбга қочиши СССР тарқаб кетгунча давом этади ва кўплаб КГБ ходимлари хорижий давлатлардан паноҳ топади. 1980 йилда МБР жосуслари орқали Москвадаги АҚШ элчихонаси орқали хотини ва беш ёшли қизи билан океан ортига қочиб кетган КГБ майори Виктор Шеймов ҳам улардан бири эди.

Фото: lenta.ru

Виктор Шеймов КГБда

Виктор Шеймов 1946 йилда Москвада Совет армияси полковниги оиласида туғилади. Мактабни битиргач Москвадаги Олий техника билим юртида Космик техникалар конструктори мутахассислиги бўйича таҳсил олади.

1969 йилда ўқишни битиргач Шеймов Москвадаги Мудофаа вазирлигига тегишли ракета тизимлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи ёпиқ илмий-тадқиқот институтларидан бирида ишлай бошлайди.

Бу институт ҳарбийларга тегишли бўлса ҳам асосан КГБ назорат қиларди. Институтда тиришқоқлик билан ишлаган Шеймов КГБ раҳбарияти эътиборига тушади ва 1971 йилда саккизинчи бош бошқармага ишга қабул қилинади.

Унинг вазифаси СССРнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва разведка бўлимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимига техник хизмат кўрсатишдан иборат эди. Шеймов асосан яширинча эшитиш ускуналари ўрнатиш бўйича олиб борилган ишларда қатнашарди.

1974 йилда оддий ходимдан зобитга айланган Шеймов КГБнинг биринчи бош бошқармасига ўтказилади. Шундан сўнг у КГБнинг ташқи разведка бўлимидаги ходимларнинг хатти-ҳаракатларини ва улар томонидан амалга ошириладиган операцияларини мувофиқлаштириш бўйича ишлай бошлайди.

Ўша пайтда Шеймов КГБнинг ташқи разведка бўлими фаолияти ҳақида ўз бошлиқларидан ташқари КПСС сиёсий бюросига ҳам ҳисобот бериб турарди.

1976 йилда Шеймовнинг амалини пасайтиришади ва уни эски иш жойига, КГБнинг саккизинчи бош бошқармасига ўтказишади. Аммо у Пекиндаги совет элчихонасига ўрнатилган яширинча эшитиш мосламаларини фош этади ва бу хизмати учун майор унвонига эга бўлади. Шу тариқа Шеймов КГБ тарихида 30 ёшида майор унвонини олган биринчи зобитга айланади.

СССРдан қочиш

1979 йил Шеймов Польша пойтахти Варшавада бўлганида СССРдан қочиб кетиш бўйича бир қарорга келади ва яширинча Марказий Разведка бошқармаси (МРБ) жосуслари билан алоқага чиқади. Унинг мақсади АҚШдан сиёсий бошпана сўраш эди.

Ўша пайтларда жуда кўп махфий маълумотларга эга бўлгани учун Шеймовни ҳамма жойда КГБ ходимлари кузатиб юрар ва буни унинг ўзи ҳам биларди.

1980 йилнинг баҳор ойларида Шеймов ортидан кузатиб юрган ходимни чалғитиб, АҚШнинг Москвадаги элчихонасига киришга муваффақ бўлади

У ерда Шеймов ўзини таништириб КГБ майори эканини ва АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчилигини айтади.

«Ўшанда АҚШ элчихонасида бўлган МРБ ходимига «Сизлар менга ёрдам берсангиз, мен сизларга ёрдам бераман. Мақсадим оилам билан Совет иттифоқидан чиқиб кетиш ва Ғарбда яшаш» деб айтдим» деган эди Шеймов кейинчалик ўз интервьюсида.

АҚШ элчихонасидагилар уни синаб кўриш учун жуда муҳим бўлган махфий ҳужжатларнинг фотосуратларини олиб келишни сўрашади. 1980 йил апрел ойида Шеймов улар сўраган фотосуратларни олиб келади. Шундан сўнг унга ишонишади ва қулай фурсат келгунча кутиши лозимлигини айтишади.

1980 йил 15 май куни МРБнинг СССРдаги жосуслари Шеймовни Москвадан олиб чиқиш ҳаракатига тушишади ва ундан оиласини элчихонага олиб келишини айтишади.

1980 йил 16 май куни америкаликлар аввалига Шеймов, унинг хотини ва беш ёшли қизчасини яширинча АҚШнинг Москвадаги элчихонасига олиб киришади. Сўнг Шеймовга учувчиларнинг махсус кийими ва сохта ҳужжатини бериб, АҚШга учиши лозим бўлган Америка самолёти экипажи орасига қўшиб қўйишади.

Шеймов оиласи билан / Фото: livejournal.com

Хотини ва қизини эса чегарада текширилмайдиган махсус идишга жойлаб, элчихонадан АҚШга жўнатилаётган юклар орасига тиқиб қўйишади.

Шеймов Москвадан чиқиб кетишидан аввал КГБ биринчи бош бошқармаси биносига алоқа кабеллари орқали юбориладиган хабарларни тутиб қолувчи махсус мослама ўрнатиб кетади. Мослама орадан беш йил ўтиб, 1985 йилда фош этилади. Унгача америкаликлар ундан фойдаланишади ва КГБнинг кўплаб махфий маълумотларини қўлга киритишади.

КГБ ва ИИВ рақобати

Шеймов АҚШ элчихонаси орқали Америкага қочар экан, КГБ ходимлари уни аввалига СССР бўйлаб, сўнг жосуслар орқали хориждан излаб кўришади. Аммо Шеймов ва унинг оиласи изсиз йўқолганди. Шундан сўнг Шеймов ва унинг оиласи милиция ходимлари томонидан ўлдирилган деган хулосага келишади.

КГБнинг бундай хулосага келишига Шеймов йўқолишидан бироз аввал Москвада содир бўлган бир ҳодиса сабаб бўлади.

1980 йилда Москвадаги метро бекатларидан бирининг чиқиш жойида милиция ходимлари маст одам билан тортишиб қолишади. Маст ўзининг КГБ ходими эканини айтади. Аммо милиция ходимлари мастга ишонишмайди ва уни бўлимга олиб бориб темир бўлаклари билан уришади.

Жабрланувчи шифохонага ётқизилгач унинг ҳақиқатдан КГБ ходими экани ойдинлашади. Орадан бир неча кун ўтиб калтакланган КГБ ходими вафот этади. Бу ҳодиса ўша пайтда КГБ раҳбари бўлган Юрий Андропов ва СССР Ички ишлар вазири Николай Шчёлков ўртасида пинҳоний урушни келтириб чиқаради.

Шеймов оиласи билан бедарак йўқолгандан сўнг КГБ раҳбарияти милиция ходимлари уни оиласи билан бирга ўлдириб йўқ қилиб юборган, деган тахминга келади.

Шеймовнинг топилиши

1985 йилда, Шеймов СССРдан қочиб кетганига 5 йил бўлганда у АҚШда экани ҳақида илк дараклар чиқади. Аммо КГБнинг АҚШдаги жосуслари Шеймов Америкада экани ҳақида ҳеч қандай маълумот топа олишмайди ва бу хабар тасдиқланмайди.

1988 йилга келиб КГБ фойдасига ҳам ишлаган АҚШлик Федерал Қидирув бошқармаси ходими Роберт Ханссен Шеймовнинг Америкада эканини аниқлайди ва КГБ жосусларига хабар беради. Шу тариқа КГБ Шеймов АҚШдалигини ва у 1980 йилда СССРдан МРБ жосуслари ёрдамида қочиб кетганини билади.

Шунингдек, Шеймов ва унинг оиласини Москвадан олиб чиқиб кетиш операциясига ўша пайтда АҚШнинг СССРдаги элчихонасида ходим ниқоби остида ишлаган МРБ жосуси Дэвид Ролф бошчилик қилгани маълум бўлади.

Кейинчалик, МРБ Шеймовни АҚШда яшириши, собиқ КГБ ходими эса ўзидаги бор маълумотларини уларга тақдим этиши бўйича келишув бўлгани ҳам ойдинлашади.

МРБ ўз вазифасини аъло даражада уддалаган ва Шеймовнинг Москвадан олиб чиқилишидан тортиб, АҚШга жойлаштирилишигача бўлган жараённи ўта усталик билан махфий тарзда амалга ошира олганди.

Шеймов қизи билан АҚШда

Операция жуда муваффақиятли амалга оширилгани боис, нафақат КГБнинг АҚШдаги жосуслари, балки МРБ жосусларининг аксарияти Шеймовнинг Америкага олиб бориб жойлаштирилганидан бехабар қолади. Натижада орада ўтган саккиз йил мобайнида Шеймов ўз оиласи билан АҚШда тинч яшайди.

КГБ 1988 йилда Шеймовнинг АҚШда экани ҳақида хабар топганда СССРда Горбачёв бошлаган ислоҳотлар туфайли кўп нарса ўзгариб кетганди. Турли иттифоқдош республикаларда мустақиллик учун ҳаракатлар бошланган ва уларни кузатиш билан банд бўлган КГБ Шеймовни АҚШда таъқиб қилишни лозим топмайди.

1980 йилдан бошлаб АҚШда яшаган Шеймов умумий ҳисобда АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги билан 15 йил ҳамкорлик қилади ва 1995 йилда нафақага чиқади.

СССР тарқаб кетгандан сўнг МРБ учун Шеймовнинг аҳамияти пасайиб кетади. Шундан сўнг унга «умрининг охиригача даволаниши ва соғлигини тиклаши учун ваъда қилинган 1 миллион доллар ўрнига 200 минг доллар берилади.

2000 йилда АҚШда яшаётган Шеймов МБР устидан судга даъво аризаси киритади. Шеймов аризасида суддан МРБ тўлаши лозим бўлган пулни ундириб беришни сўраган эди. Суд Шеймовнинг фойдасига қарор чиқаради ва МРБ унга ваъда қилинган пулни тўлаб беради.

СССРдан қочиш сабаблари

Кейинчалик, СССР тарқаб кетгач АҚШда яшириниб юрган Шеймов оммага кўриниш бера бошлайди. Америка ОАВ у билан бир неча марта интервью уюштиришади.

Ана шундай интервьюларда ундан нега СССРдан қочишга қарор қилгани ҳақида бир неча бор сўрашган. Шеймов 1979 йилда Польшада бўлганида КГБ Рим папаси Иоанн Павел II га суиқасд уюштиришни режалаштираётгани ҳақида хабар топганини, шундан сўнг бу ташкилот сафида ишламасликка ва СССРда яшамасликка қарор қилгани ҳақида гапирган.

Иоанн Павел II поляк миллатига мансуб бўлиб, у сўнгги 500 йилда Рим папаси бўлиб сайланган италиялик бўлмаган илк руҳоний эди.

1978 йилда Иоанн Павел II Рим папаси бўлгач даҳрийлик устига қурилган коммунистик тузумларни кескин танқид қила бошлайди. Социалистик тузумдан чиққан руҳонийнинг танқидлари Москвага ёқмайди.

Шундан сўнг КГБ унга суиқасд уюштиришни режалаштиради. Шеймов папага уюштириладиган суиқасддан тасодифан хабар топган эди.

Шеймов Варшавада Польша КГБ генерали билан учрашув ўтказаётганида генералга КГБ раҳбари Юрий Андроповнинг телеграммасини етказишади. Унда «Рим папасини социалистик давлатдан сайланишига бефарқлик қилиб хатога йўл қўйгансиз. Энди унга яқинлашиш бўйича барча воситалар ҳақида маълумот йиғинг» деб ёзилган ва бу суиқасдга тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ эди. Табиийки генерал бу ҳақда Шеймовга айтиб беради.

Гарчи Шеймов АҚШга қочиб КГБнинг Иоанн Павел II га суиқасд уюштиришни режалаштираётгани ҳақида маълумот берган бўлса-да, МРБ суиқасднинг олдини ололмайди.

1981 йил 13 май куни папага суиқасд уюштирилади ва у тирик қолади. Папага Ватиканда ўқ узган шахс ушланганда у турк миллатига мансуб шахс экани ва суиқасддан бироз олдин Туркиядаги қамоқхонадан қочгани ойдинлашади.

У ўзига суиқасд учун буюртмани Болгария КГБ берганини маълум қилади. Шундан сўнг МРБ Шеймов аввалроқ Рим папасига суиқасд режалаштирилаётгани ҳақида тўғри маълумот берганига амин бўлади.

Шеймов СССРдан қочишига сабаблардан яна бири сифатида КГБ раҳбари Андропов томонидан мамлакат раҳбари Брежневга нисбатан фитна тайёрланаётганини кўрсатган.

Шеймовнинг айтишича, 1979 йил у Польшадан Москвага қайтади ва Андроповнинг Брежневни «тахт»дан ағдариб, унинг ўрнига мамлакат раҳбари бўлишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар топади.

Ўша пайтда КГБ ходимлари ва армиянинг махсус бўлинмалари иштирокида намойишларни бостириш бўйича махсус ўқув машқлари ўтказилади. Андропов Брежневнинг ўрнини эгалласа аҳоли ўзига қарши намойишларга чиқиши мумкинлигини ҳам инобатга олганди.

Шеймов яна бир интервьюсида СССРдан қочиш сабабларини бошқача тушунтирган:

«Совет жамиятининг маҳсули сифатида миям болалигимдан ювила бошланган. Мен жуда фидойи коммунист, ватанпарвар эдим. Аммо КГБда ишлаганингизда ишончли одамларнинг тор доираси учун мавжуд бўлган объектив маълумотларни олишни бошлайсиз ва бу сизга илгари ўргатилган нарсаларга зид келади. Сиз унинг ходими сифатида КГБ нима қилаётганини доим кўриб, билиб турасиз: у совет халқини ҳимоя қилиши керак, лекин ундай эмас. КГБ бир томондан совет халқига, бошқа томондан бутун дунёга қарши ишлайди. Шуларни ичкаридан кўриб фикрим ўзгарди ва нима қилиб бўлса-да коммунистик тузумга максимал даражада зарар етказишни мақсад қилдим».

2019 йилда собиқ КГБ майори Виктор Шеймов Виржиния штатидаги уйида 73 ёшида вафот этади. АҚШликлар СССРнинг Афғонистонга қўшин киритиши ортидан бошланган совуқ уруш даврида Шеймов ва унинг оиласини СССРдан олиб чиқиб кетишини МРБ тарихидаги энг муваффақиятли операциялардан бири сифатида қайд этишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид