Ўзбекистон | 13:00 / 12.11.2022
10781
12 дақиқада ўқилади

Янги Ўзбекистон – халқаро дипломатия марказига айланмоқда

Фото: Фарғона давлат университети ахборот хизмати

Қадим тарихимиздан маълумки, халқаро муносабатлар қадимдан инсоният ижтимоий, маданий ва маънавий ривожининг муҳим омили сифатида шаклланиб, ривожланиб келган. Дарҳақиқат, ҳар бир мамлакат тараққиёти ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва яхши қўшничилик муҳитининг сақланишига узвий боғлиқ. Шу боис юртимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш масалалари давлат сиёсати устувор йўналишлари сифатида диққат марказида бўлиб келмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда республикамизда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистонда яшаб келаётган барча миллат ва этник гуруҳлар маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш тамойилларига асосан фаолият олиб бораётган Республика байналминал маданияти маркази, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маънавий алоқалар жамиятлари кенгаши, миллий-маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятлари фаолиятига катта аҳамият қаратилмоқда. Мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг биргаликда, аҳил ва ҳамжиҳатликдаги ўзаро муносабатлари таъсирида кўпмиллатли халқимизнинг турмуш тарзи ҳам янада юксалмоқда.

Албатта, бу йўналишда оқилона, прагматик сиёсат юритаётган муҳтарам Президентимиз мамлакатимизнинг узоқ муддатли ва изчил тараққиёти Марказий Осиёдаги барқарорлик ва фаровонлик билан чамбарчас боғлиқлигини чуқур англаб, яхши қўшничилик ва минтақавий шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳал этилишининг ўзи бир катта муаммо бўлиб қолаётган кўплаб оғриқли масалалар қисқа даврларда ўз ечимини топди. Хусусан, минтақанинг бир қатор давлатлари учун визасиз режим жорий қилинди, барча ўтказиш пунктлари очилди. Авиапарвозлар ва қуруқлик орқали ташувлар тикланди ва сони кўпайтирилди. Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида товар айланмаси 10 баробар ўсди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва юқори савиядаги музокараларда фаоллиги туфайли “Дунёга очиқлик сиёсати”га содиқ қолаётган Янги Ўзбекистоннинг янги ҳамкорлари, хайрихоҳлари ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг халқаро ташрифлари натижасида мамлакатимиз хориж давлатлари билан фаол дипломатик муносабатларни йўлга қўйди. Хусусан, бир қатор йирик давлатлар билан муносабатимиз стратегик шериклик даражасигача кўтарилди. Айниқса, Президентимизнинг Туркманистонга ташрифи, қадимдан яқин дўст, аҳил қўшни, қуда-андачилик ришталари билан узвий боғланган ҳамда стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар йўлида бирлашган ўзбек ва туркман халқлари учун бирдай манфаатли бўлди десак, адашмаймиз. Ушбу ташриф чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларга мутлақо янги тус берувчи стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланди. Бундан ташқари, илмий ва академик алмашувлар, инновациялар соҳасидаги дастурлар, туризм соҳасидаги лойиҳалар илгари сурилмоқдаки, бунинг натижасида дини бир, тили, маданияти ва анъаналари муштарак икки халқ ўртасида маданий-гуманитар алоқалар янада кенгайишига замин яратилди.

Остона шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги 1-саммитда давлатимиз раҳбари томонидан Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий, гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича жуда муҳим таклифлар ва ўнга яқин ташаббуслари баён қилиндики, бу таклифлар Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини яратди.

Мухтасар қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ташрифи, олий даражадаги музокаралар чоғида тақдим этаётган лойиҳалари, ўзбек халқига хос дўстона ва ҳар бир мамлакат, миллат учун бирдай манфаатли келишувлари – мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, юртимизнинг янада янги уфқларни заб этиши ва дунёдаги ривожланган давлатлар қаторида тилга олиниши учун залворли одимлардан бири бўлмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда самарали конструктив ҳамкорлик йўлидаги қадамлари халқаро экспертларнинг юксак даражадаги эътирофларига сазовор бўлмоқда. Халқаро экспертлар таъбири билан айтганда, Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар доирасида мазмунли музокаралар ўтказиш учун доимий майдонча ва платформалар тақдим этиши орқали халқаро дипломатиялар марказига айланмоқда. Европа кенгаши Президенти Шарль Мишельнинг “Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолаймиз. Ўзаро боғлиқликни муҳим деб ҳисоблаймиз ва келгусида мунтазам равишда учрашиб, “яшил” иқтисодиёт ва барқарорлик масалаларини биргаликда муҳокама қилишни режалаштирганмиз”, – дея такрор ва такрор ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга қарата айтган фикрлари Европа Иттифоқининг ҳам Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилаётганидан дарак беради. “Бугун Ўзбекистон амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли изчил ўзгариб бораётганини кўриб турибмиз. У қўшнилар ўртасидаги кўприкларни тиклади, Марказий Осиёдаги етакчилик мавқейини мустаҳкамлади, минтақанинг барча давлатларини сиёсий ва савдо-иқтисодий яқинлаштириш ташаббусини илгари сурмоқда”,дея таъкидлайди, БМТ илмий тадқиқот институти ва Европа университетининг халқаро муносабатларни ривожлантириш дастури директори Хорхе Местре. Бу эса Ўзбекистоннинг бугунги кундаги фаолияти халқаро ҳамжамиятнинг эътибор марказида эканидан далолатдир.

Ҳа, бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат бобида ўзаро фойдали, фаол ҳамкорлик, самимий мулоқот, мустаҳкам ишонч, маслаҳатлашув руҳи билан юксакликка юз тутмоқда. Бунинг яққол далили сифатида кўришимиз мумкинки, айни кунларда кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд яна бир катта тадбир  - Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтадиган “Туркий давлатлар ташкилоти саммити”га мезбонлик қилди.

Президентимиз ташаббуси билан “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилаётган ушбу саммит доирасида, келиб чиқиши бир, илдиз томири битта ўқда туташадиган туркий халқлар ўртасидаги иқтисодиёт, савдо, инвестициялар, транспорт, инновациялар, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат, хусусан, “Самарқанд декларацияси” қабул қилиниши барча тарафлар учун бирдек манфаатли бўлди. Ушбу музокаралар ва келишувлар минтақавий барқарорлик, хавфсизлик, барқарор иқтисодий ривожланиш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш йўлида янги истиболларни белгилаб берар экан, натижаси туркий миллатларнинг авлоди, келажагига ҳам наф келтириши билан эътиборга лойиқдир.

Энг қувонарлиси, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалар билан бир қаторда, ҳудудлар ўртасида фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилиши, Давлатимиз раҳбари томонидан туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказиш, конгресс доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизлар, ташкилот оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш таклифлари билдирилиши - Ўзбекистон эртаси, келажак масаласи узоқни кўзлагувчи етакчининг ҳамиша юрагида эканини очиқ кўрсатиб берди. Айниқса, Президентимиз ташкилот бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш борасида таклиф бериши - туркий дунё фарзандлари учун чин маънода яна бир янги, порлоқ даврнинг яратилишига ишора бўлди.

Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳамда Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Туркий дунёнинг олий ордени билан тақдирланиши саммитга ўзгача байрамона, дўстона руҳ бағишлаган ҳолда, туркий бирдамликни мустаҳкамлаш борасида фахр ва ифтихор туйғуларини жўшқинлантирди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, ҳар бир мамлакатнинг минтақадаги, керак бўлса, дунё миқёсидаги нуфузига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири бу – таълим ва унинг сифатидир. Олий таълим муассасалари юртимиз келажаги учун фан, техника, иқтисодиёт ва маданият соҳаларида ишлай оладиган, илм-фан, маданият, техника янгиликларини ўз фаолияти давомида қўллай оладиган ва ўз устида ишлай олиш билан бирга назарий ва амалий муаммоларни бартараф этишга қодир кадрлар етказиб берувчи асосий билим масканларидир. Бугун, мамлакатимизда ҳар бир олийгоҳ учун жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий қилиш, ёш ўқитувчи ва илмий ходимлар малакасини оширишлари учун хорижий муассасаларга юбориш имконияти оширилди. Халқаро даражада амалиётга татбиқ этилаётган янгидан янги лойиҳалар, келишувлар ёшларнинг жаҳон андозалари мос билим ва салоҳиятга эга бўлиши, заковатли ёшлар сифатида камол топиши, уларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши учун хизмат қилмоқда.

        Куни кеча, Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон-Россия 3-таълим форумида ҳам Россиянинг етакчи компаниялар раҳбарлари, вазирликлар вакиллари ва Ўзбекистон ректорлари ўртасида икки давлат университетлараро олий малакали педагог кадрлар тайёрлаш, магистратура таълимини ривожлантириш, геодезия ва картография, автомобил транспорти бўйича муҳандислик мактабларини яратиш, илмий тадқиқот фаолиятини кенгайтириш, тиббиёт, тоғ-кон технологиялари, ҳуқуқ ва геология соҳаларида академик мобилликни йўлга қўйиш ва бошқа шу каби ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича бир қанча икки томонлама лойиҳалар муҳокама қилинди. Ривожланган ишлаб чиқариш соҳалари бўйича Россия тажрибасини мамлакатимиз олийгоҳларига татбиқ этишга қаратилган ушбу музокаралар якунида имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг янада янги поғоналарга кўтарилишига хизмат қилди. Ушбу ҳужжатлар қаторидан Фарғона давлат университети ва Россия Федерациясининг Б.Б.Городовский номидаги давлат университети ўртасидаги келишув шартномасининг жой олгани бизга юксак фахр ва ифтихор туйғуларини бағишлади. 

        Ҳозирги кунда Фарғона давлат университетида АҚШ, Германия, Испания, Чехия, Швеция, Португалия, Япония, Корея, Хитой, Россия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Туркия ва Венгрия давлатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан турли йўналишда 80 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, сўнгги 3 йилда университет ўқув жараёнига 200 га яқин етук хорижий мутахассислар жалб қилинди. Олийгоҳнинг профессор-ўқитувчилари АҚШ, Германия, Австрия, Япония, Хитой, Туркия, Венгрия, Қозоғистон ва Россиянинг энг нуфузли университетларида тажриба алмашиб, олган янги билимларини амалиётга татбиқ этиб келмоқдалар. Асосий мақсадимиз – илм-фанга иштиёқманд фарзандларимизни буюк боболаримизнинг муносиб издошлари ва давомчилари этиб тарбиялаш экан, ушбу саъй-ҳаракатлар яқин келажакда ўз самарасини намоён этиб, ёшларимиз юртимиз шарафини янада юксакларга кўтаради.

Ишонамизки, кундан кунга ташқи олам учун очилаётган Янги Ўзбекистон жонкуяр раҳбар бошчилигида минтақавий ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, геосиёсий муаммолар авж олган кескин ўзгаришлар замонида ўзининг кучли прагматик сиёсатига содиқ қолади ва кутилганидек, халқаро дипломатиялар марказига айлана олади.  

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори

Мавзуга оид