Жамият | 16:26 / 14.11.2022
33295
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда келин қайнонасини урди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

13 ноябр куни ижтимоий тармоқларда “Хоразмда келин қайнонасини уриб қийнади” сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалиб, унда бир аёл бошқа бир аёлнинг бош қисмига қўли билан ургани, жабрланувчи аёл эса бу вазиятда қаршилик кўрсатмагани акс этган.

Мазкур видеолавҳа юзасидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки ўрганишлар жараёнида қуйидагилар маълум бўлди.

Видеолавҳадаги ҳолат Урганч тумани Шерматлар маҳалласида содир бўлган. Аниқланишича, ушбу хонадонда яшовчи, М.Ж. ўзаро келишмовчилик сабабли қайнонаси Ё.Ш. билан низолашиб келган ва қайнонасининг бетоб бўлиб ётганидан фойдаланиб, қўли билан бош қисмига урган.

Ушбу ҳолатни жабрланувчининг турмуш ўртоғи қўл телефони орқали видеотасвирга олиб, жорий йилнинг 4 ноябр куни Урганч тумани ИИБга тақдим этган.

Ўз навбатида, Урганч тумани ИИБ томонидан 4 ноябр куни фуқаро Ё.Ш.га нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган, М.Ж.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фуқаро Ё.Ш.га нисбатан келгусида келини томонидан зўрлик ва тазйиқ ўтказилишининг олдини олиш мақсадида Ҳимоя ордери расмийлаштирилди.

Мавзуга оид