“Текширувчилар 1,5 млрд сўм жарима “плани” борлигини айтган” — мутахассис солиқ тизимидаги оғриқлар ҳақида
Эксперт Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz билан суҳбатда Солиқ кодексини нотўғри талқин қилиш оқибатида минглаб тадбиркорлар жаримага тортилаётгани, солиқчиларнинг жарима “план”лари, жўмракдаги сувга ўхшаб хоҳлаган пайти ўчириб-ёқиладиган ҚҚС гувоҳномаси Солиқ кодексига зидлиги ва бу коррупцияга йўл очаётгани каби муаммоларни санаб ўтди.
Kun.uz солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва тадбиркорлар билан интервьюнинг 2-қисмини тақдим этади. Суҳбат аввалида тадбиркор бозор нархлари бўйича солиқ солиш механизмларидан азият чекаётганини айтди.
Тадбиркор: (Солиқ кодексидаги) 248-модда тадбиркорларнинг энг оғриқли нуқтаси. 489-сонли Вазирлар Маҳкамасининг қарорида бозор нархида солиқ ставкасини белгилаш назарда тутилган. Масалан, мен четдан телефон олиб келиб, уни 1000 сўмдан Ўзбекистонга тарқатаман. Мендан сотиб олганлар 1200 сўмдан сотяпти. Солиқ идораси энди мендан 1000 сўм учун эмас, 1200 сўм учун солиқ тўла деяпти. Бозор нархи 1200 сўм деб, асос сифатида 489-сонли қарорни кўрсатяпти. Мен маҳсулотимни 1200 сўмдан сотадиган бўлсам, нарх сунъий ошиб кетмайдими? Бозор нархини қаердан олдинг десам, olx'дан дейди, лекин қонунчиликда бундай olx.uz, ёки olcha.uz'лар ҳеч қандай қонуний кучга эга эмас, менга улар бозор баҳосини белгилаб бермайди.
“Бозор нархларига оид банд нотўғри талқин қилиняпти” — Мурод Муҳаммаджонов
— Солиқ кодексининг 248- ва 176-моддаларида трансферт нархлар ва бозор нархлари бўйича солиқ солиш механизмлари кўзда тутилган. Бозор баҳоси бўйича солиқлар кимга қандай ҳисобланади дейдиган бўлсак, Солиқ кодексининг 248-моддасини мактабда 5-синфгача ўқиган одам ҳам тушунади. Кодексда 3та ҳолат келтирилган:
- текин берса;
- айирбошласа;
- ва ўзининг шахсий манфаатида ишлатса.
Модданинг 4-бандида “битим бозор нархидан паст бўлган тақдирда” деган қисмини солиқчилар ушлаб олиб, тўртинчи ҳолатни яратиб олишди. Ҳар қандай битимни бозор нархида ҳисоблайвераман деб олишяпти.
Битимнинг қиймати деб аниқлаштирилган банд тепадаги 3та кўрсатилган битимларнинг нархига тааллуқли. Дейлик, 100 сўмлик нарсани 50 сўмга ёки текинга бердим деб ўзингдан чиқариб юборсанг, бу ҳолатда битим бозор нархида ҳисобланади деб аниқлик киритяпти. Шу нарсани ушлаб олиб бозор нархини ҳаммага, барча битимларга тааллуқли дейишяпти. Ишонасизми, ҳатто olx.uz'дан олинган маълумотларга кўра, фалон нарса фалон сўм экан, мисол учун битта телевизор 3 млн сўм экан, сен 2 млн сўмга сотибсан, демак солиқни 248-моддага асосан 3 млн сўмдан келиб чиқиб тўлайсан дейишяпти.
Ушбу моддага асосан, ўзаро ҳисоб-китоб билан сотувни амалга оширган тадбиркорларга бозор баҳоси бўйича ҳисоблаш мантиққа ҳам, моддага ҳам тўғри келмайди. Лекин нотўғри талқин орқали амалиётда шундай ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.
Бозор баҳосини аниқлай олмаса, божхона қиймати деган нарса бор: божхона қийматидан кўра арзонроқ сотибсан, деб унга ҳам солиқ ҳисоблашади. Дейлик, қўлимиздаги телефон. Тадбиркор уни 7 млн сўмга олиб келиб 8 млн сўмга сотган бўлиши мумкин, бозорда ёки божхона қиймати 1,5 млн сўм экан, 1,5 млн сўмга сотмаганинг учун солиқни шундан келиб чиқиб ҳисоблайсан деган талабни қўйишмоқда. Бундан иккита хулосага келиш мумкин: солиқ ҳисоблаётганлар ё Солиқ кодексининг 248-моддасини ўқишни билмаяпти, ёки ўқиб туриб тушунмаяпти, ёки мақсадли равишда жарима қилишни қасд қилган. Иккинчиси, солиқчилар аҳолига маҳсулотларни қиммат сотишдан манфаатдор.
«Солиқчилар 1,5 млрд сўмлик жарима план қўйилганини айтган»
— Охирги бир ярим йил ичида амалиётда ҚҚС рекет деган нарса чиқди. Кодекснинг 14- ва 15-моддалари бўйича конрагент солиқ тўламаган экан деб, 10 мингдан ортиқ тадбиркордан 1 трлндан ортиқ пул тортиб олинди, бу “обнал иши” деб олинди. Аммо амалиётда нечта тадбиркор судга берган бўлса, 90 фоиздан ортиғи ҳақ бўлиб чиқди. Шу давр ичида 2 та катта заводлар Қозоғистонга бизнесини олиб чиқиб кетди, яна биттаси Туркияга чиқиб кетмоқчи. 200 дан 500 тагача ишчиси бўлган бизнеслар чиқиб кетди.
Қозоғистонга чиқиб кетган тадбиркорлардан бири солиқ органлари томонидан текширув ўтказилишидан олдин бизга мурожаат қилди. Биз солиқ маслаҳатчилари бориб, жиноий оқибатларга олиб бориши мумкин бўлган ҳолатларни ҳам аниқладик ва тадбиркор текширув келгунча камчиликларини тузатиб, ҳисоботларини топширди. Текширув келди, 100 млн сўмдан кўпроқ камчилик аниқланди, бу жуда катта завод учун бир ойлик банк айланмасидан камроқ сумма. Ундан бошқа топилмаяпти. Шунда (солиқчилар): “Текширувда ‘план’ қўйилган, 1,5 млрд сўм жарима ёзишимиз керак”, деяпти. Текширувга чиққан одамга қўшимча ёзиш учун режа қўйиляпти. Сен ўша ерга борсанг, шунча хато топиб келишинг керак деб...
Хатоси бўлмаса-чи, хатоларини тузатди-ку у тадбиркор? Ҳеч ким ўз-ўзидан 1,5 миллиардга кўнмайди, охир-оқибат нима бўлди, актдаги гапларни сўзма-сўз айтаман: агар мазкур корхона юз фоиз тўлиқ қувватда ишласа, бир кунда 5 тонна фалон маҳсулотни ишлаб чиқариши мумкин эди. Бир кунда 5 тонна ишлаб чиқариш имкониятини ҳисобга олиб, бир йилда бунча ишлаб чиқариши керак эди, аммо ҳисоботида мана бунча кўрсатиб, солиқдан бўйин товлаган экан деб, бир неча ўнлаб миллиард қўшимча солиқ ҳисоблашди. Яхши ҳамки, судлар шу ерда адолат қилди, текширувда ҳақиқатан аниқланган сумма суд томонидан тасдиқланди. Тадбиркор ўзининг ишини қилиш ўрнига 6-7 ой судлашди. Бу энди инвесторга қандай таъсир қилади? Тадбиркор кейинги қураётган заводини шундоқ йиғиштириб, Қозоғистонга олиб чиқиб кетди.
“Кодексга зид ҚҚС гувоҳномаси: Тадбиркорни ҚҚС гувоҳномангни блоклаб қўяман деб қўрқитадиган бўлишди”
— Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори Солиқ кодексининг жуда кўп пунктларига зид келади. Қонунчилик нормалари бир-бирига зид келса, юқори турувчиси амал қилади. Солиқ кодексида нима дейилган: ҚҚС тўловчилар реестрини Солиқ қўмитаси юритади. 595-сонли қарор билан Солиқ қўмитаси ҚҚС тўловчиларга гувоҳнома берадиган бўлди. Солиқ кодексида ҚҚС гувоҳномаси ҳақида умуман гап йўқ. Солиқ кодексида (айланма) 1 млрд сўмдан ошадиган бўлса, ҚҚС тўловчисисан, ҚҚСлик ҳисоб-фактура олган бўлсанг, уни ҳисобга оласан, деган аниқ критерийлар белгиланган. 595-сонли қарор билан гувоҳнома оласан, кейин ҳисобга ола оласан, шундан сўнг ҚҚС тўловчиси ҳисобланасан, гувоҳномангни тўхтатиб қўйсам, нофаол ҳолатга тушириб қўйсам, ҳисобга ола олмайсан деяпти – бу нарса кодексда йўқ. Қарор билан қонунда йўқ нарсалар чиқариляпти.
ҚҚС гувоҳномаси билан энди Солиқ қўмитаси рухсат берса тадбиркор ишлайди, рухсат бермаса ишламайди. Ҳаттоки шунақа ҳолатлар борки, тадбиркор билан солиқчи келиша олмаса, гувоҳномангни блоклаб қўяман деб қўрқитадиган бўлишган. Ёки сенга умуман гувоҳнома бермайман, қаерга борсанг бор, дейдиган ҳолатлар бор.
Солиқ органининг ўзининг фаолиятини текширадиганлар бор – 7 кунда гувоҳнома бериш ҳолатларини текширишсин, ойлаб гувоҳнома берилмаган ҳолатларни кўришади. Буларнинг ҳаммаси коррупцияга олиб келади.
Интервьюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
15:23 / 02.09.2024
Президент билан учрашувдан кейин солиқда нималар ўзгаряпти? Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбат
20:41 / 29.06.2024
Солиқ маслаҳатчиларига берилган қатор ҳуқуқлар амалда ишламаяпти — Мурод Муҳаммаджонов
17:27 / 22.06.2024
“Солиқ юки 27 фоизни ташкил этяпти” — Мурод Муҳаммаджонов кафе ва ресторанларга оид қатор таклифлар берди
18:29 / 30.05.2024