Ўзбекистон | 10:48 / 16.11.2022
47235
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳарбий хизмат ўтаётган аскар вафот этди

Мудофаа вазирлигига кўра, юрак касаллиги бўйича шошилинч операция ўтказилганидан сўнг аскарда биологик ўлим қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Термизда ҳарбий хизмат ўтаётган қаршилик йигит вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Мудофаа вазирлиги ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

“Термиздаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган оддий аскар K.Қ. соғлиги бўйича шикоят қилгани сабабли 11 ноябрь куни Марказий ҳарбий клиник госпиталга ётқизилган.

Тиббий текширувлар натижасида бемор K.Қ.да “юракнинг ўнг бўлмачасида контраст тўлдириш дефекти (тромб), кўкс оралиғида ҳажмли ҳосила, икки томонлама гидроторакс” аниқланган. 14 ноябрь куни бемор шошилинч равишда “American Hospital” клиникасига кардиохирург консультациясига олиб борилган.

Бемор ҳаёти учун ташхис ва жарроҳлик операцияси ўта хавфли ҳисобланади. Аммо ҳаётий кўрсатмаларга асосан жарроҳлик операциясини бажариш лозимлиги сабабли клиникада госпиталь мутахассислари иштирокида жарроҳлик операцияси ўтказилган.

Беморнинг умумий аҳволи ўтказилган жарроҳлик операциясига мос равишда оғирлигича қолган. Ўтказилган реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан беморда биологик ўлим қайд этилган”, дейилади расмий баёнотда.

Аввалроқ Қашқадарёда хизмат бурчини ўтаётган 18 яшар аскар уйига тобутда қайтганди. Марҳумнинг ота-онаси Kun.uz’га берган интервьюсида фарзандларининг ўлими билан боғлиқ талай саволлар очиқ қолаётганини айтишганди.

Тошкент вилоятидан ҳарбий хизматга чақирилганидан 50 кун ўтиб вафот этган аскарнинг ўлими бўйича жиноят иши қўзғатилганди. Суд тиббий экспертизаси комиссиясига кўра ўлим трахеобронхомаляция деб номланувчи туғма касаллик ва ўткир нафас етишмовчилиги натижасида рўй берган. Ҳарбий прокуратура Руслан Қидиралиевнинг ўлимида бирор бир шахс айбдор эмас деб топган.

Мавзуга оид