Жаҳон | 23:20 / 18.11.2022
13935
2 дақиқада ўқилади

Байден маъмурияти Саудия шаҳзодаси Қошиқчи қотиллиги иши бўйича дахлсизликка эга эканини айтди 

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг журналист Жамол Қошиқчи қотиллиги бўйича суд жараёнидан дахлсизлиги ҳақида қарор чиқарди. 

Жо Байден ва Жамол Қошиқчи / Фото: Reuters

Қошиқчи 2018 йил октябрь ойида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида Саудия агентлари томонидан ўлдирилган ва жасади бўлакланган эди. 

АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, бу операция қиролликнинг амалдаги норасмий ҳукмдори бўлган шаҳзода Муҳаммад бин Салмон буйруғи асосида ташкил этилган. Қошиқчи кўп йиллар давомида унинг сиёсатини танқид қилиб келган. 

Адлия вазирлиги ҳуқуқшуносларининг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати Байден маъмуриятига таяниб, «айбланувчи Муҳаммад бин Салмон чет эл ҳукумати раҳбари сифатида АҚШ суди юрисдикциясидан иммунитетига эга эканини аниқлаган». 

Сентябр ойи охирида Саудия Арабистони қироли Салмон ўз фармони билан шаҳзода Муҳаммадни бош вазир этиб тайинлаган эди. Шундан сўнг, шаҳзоданинг адвокатлари АҚШ судига петиция билан мурожаат қилишди. 

«Қироллик фармони валиаҳд шаҳзоданинг ўз мақомига асосланган дахлсизлик ҳуқуқига эга эканига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди», дейилади петицияда. Адвокатлар давлат раҳбари дахлсизлиги бўйича Қўшма Штатлардаги бошқа ҳолатларга таяниб, суддан ишни ёпишни сўраган. 

Муҳаммад бин Салмон дастлаб Қошиқчини ўлдиришга буйруқ берганини рад этиб келган. Бироқ кейинчалик бу «ўзининг назорати остида» содир бўлганини тан олган эди. Операцияни амалга оширган шахслар Саудияда судланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ёки ўлимга маҳкум қилинган. Бироқ, ғарб давлатлари қотилликни амалга оширишга буйруқ берган шаҳзодани жавобгарликка тортиш масаласини кун тартибига қўйиб келишаётган эди. 

Қошиқчининг собиқ қаллиғи Ҳадижа Женгиз бу хабар чиққанидан сўнг, ижтимоий тармоқда: «Жамол бугун яна бир бор ўлди» деб ёзди. Кейинчалик: «Биз Қўшма Штатларда адолат юзага чиқади деб ўйлаган эдик, аммо яна пул биринчи ўринга чиқди», деб ёзди.  

Мавзуга оид