«Бу энг оғриқли масала» — Ишметов бюджетдан ташқари жамғармалар қандай ишлатилиши ҳақида
Сенатда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари масаласи муҳокама қилинди. Молия вазири Тимур Ишметов бу энг оғриқли масала эканини айтиб, жамғармага тушумлар ва харажатлар бюджет орқали амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.
Сенатнинг 35-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева молия вазири Тимур Ишметовга вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари борасида савол берди.
«Нега халқнинг пулини бошқа йўналишларга ишлатяпсиз, десангиз, бу халқнинг пули эмас, жамғармалардаги пул, дейди. Жамғармадаги пуллар ҳам халқнинг пули-ку, тўғрими? Жамғармалардаги маблағлар ишлатилиши бўйича қандай фикрингиз бор, уни қандай ҳал қилса бўлади?» - дея савол берди Норбоева.
Ишметов жамғармалар масаласи энг оғриқли масала эканини айтди.
«Бу ҳақиқатан ҳам катта муаммо. Вазирликлар билан муҳокама қилишдаги энг оғриқли масала. Биз бундай жамғармаларнинг тушумларини тўғри бюджетга йўналтириб, харажатларни ҳам бюджетдан амалга ошириш тарафдоримиз.
Маблағлар ишлатилиши йўналишига қарасак, энг асосий қисми вазирликлар ходимларининг ойликларига қўшимча устамалар тўлашга қаратилган. «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун чиққандан кейин ҳаммасининг харажатлари бюджетга йўналтирилади, ҳукумат томонидан топшириқ олинган. Давлат ходимларининг ойлик тизимини унификация қилиш масаласини кўриб чиқамиз – ҳамма вазирликда ҳар хил бўлиб кетган. Ўша ҳал бўлса, маблағларнинг асосий қисмини тўғри бюджетга йўналтирса бўлади», - деди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, муаммонинг иккинчи қисми (қурилиш учун) капитал харажатлар ҳисобланади.
«Президент топшириғи билан барча вазирликларда капитал харажатлар, яъни қурилишларга чеклов қўйилди. Энди ҳеч кимнинг бунга ҳаққи йўқ.
Фикримизча, бундай қурилишларни инвестиция дастури доирасида амалга ошириш керак.
Биз инвестиция дастурини шакллантирганда, ҳар битта мактаб, боғча сони бўйича қанча тўполон бўлади – ўзи арзимаган сонда мактаб, боғча ёки шифохона қуришга қурбимиз етади, аммо вазирлик ва идоралар бюджетдан ташқари маблағларга ўзига бино қуришга ҳаракат қилиб юришган. Ҳозир бу тўхтатилган.
Инвестиция дастури доирасида маблағ 15 трлн бўладими, 20 трлн бўладими, 30 трлн бўладими, давлат идораси биносини қурганимиз муҳимроқми ёки шу пулга мактаб ёки боғча қурган маъқулроқми, деган нарсани биргаликда кўришимиз керак», - деди Ишметов.
Молия вазири идораларнинг жорий харажатлари (масалан, канцтовар олиш)ни қолдирган ҳолда юқоридаги харажатларни узил-кесил ҳал қилиш кераклигини айтди.
Мавзуга оид
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024