Ўзбекистон | 12:26 / 18.11.2022
10349
3 дақиқада ўқилади

«Янги Ангрен» ИЭСда автоматик станция ўрнатилмаган – Ҳукумат ҳисоботида бу вазифа бажарилган деб тақдим қилинди

Фото: Kun.uz

Давлат дастури доирасида 2022 йилнинг сўнгги 9 ойида 607 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган 233 та топшириқ тўлиқ бажарилган, 219 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжат қабул қилинган. Аммо 81 та банд ижроси юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари қабул қилинмаган ва оқибатда белгиланган вазифалар бажарилмаган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг 35-ялпи мажлисида маълумот берилди.

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаевнинг таъкидлашича, дастурнинг айрим бандларидаги вазифалар белгиланган муддатларда ижроси етарлича таъминланмаган.

Хусусан, дастурнинг 74-бандида энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, барча иштирокчиларга тенг имкониятлар бериш ва нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий қилиш вазифаси етарлича бажарилмаган.

264-бандда эса аҳолига ахборот-кутубхона хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш ҳамда соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида тайёрланган ҳужжат лойиҳаси ваколатли органларга апрел ойида эмас, балки октябр ойида, кечикиб киритилгани айтилди.

Шунингдек, дастурнинг 286-бандига мувофиқ тажриба тариқасида «Янги Ангрен Иссиқлик электр станцияси» АЖ ва «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати» АЖ Мис эритиш заводларининг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар ўрнатиш жорий йил сентябр ойига белгиланганди. «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати»да мазкур вазифа бажарилган.

«Бироқ «Янги Ангрен Иссиқлик электр станцияси»да автоматик станция ўрнатилмаган, эндигина тендер ҳужжатларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Лекин ҳукумат ҳисоботида мазкур вазифа бажарилган деб тақдим қилинган», – деди Бахтиёр Сайфуллаев.

Бундан ташқари, дастурда айрим вазифаларнинг ижро муддати узайтирилган бўлишига қарамасдан шу кунга қадар бажармагани аниқланган.

Жумладан, 85-банднинг 2-кичик бандига мувофиқ шу йил март ойига қадар Зангиота туманидаги Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудини кенгайтириш орқали Биотехнологик кластер ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши керак эди. Мазкур вазифа ижроси белгиланган тартибда 2 ой муддатга, яъни 11 майга қадар узайтирилган. Бироқ ушбу вазифа ижроси бугунги кунга қадар бажарилмаган.

Мавзуга оид