Спорт | 16:29 / 20.11.2022
19199
8 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022 олдидан: Месси учун сўнгги уриниш – суперкомпьютер нега Аргентина чемпионлигини тахмин қилди?

Бугун, 20 ноябрдан Қатарда ҳар тўрт йилликнинг энг йирик футбол фестивали старт олади. Илк марта мавсум якуни эмас, ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатида асосий фаворитлардан бири сифатида Аргентина тилга олинмоқда. 35 ёшли Месси учун сўнгги уриниш саналмиш мундиалда бу жамоага ғолибликка асосий даъвогар сифатида қаралаётгани бежизга эмас.

Фото: Getty Images

Аргентина миллий жамоаси ҳақида нималарни билиш керак?

ФИФА рейтингидаги ўрни — 3

ЖЧ-2022 сари йўл — 17 ўйин, 11 ғалаба, 6 дуранг, тўплар нисбати — 27:8.

Саралашдаги энг яхши тўпурар — Месси (7та гол), Лаутаро (7та гол)

Мундиаллардаги энг яхши натижаси — чемпионлик (1978, 1986).

Гуруҳ босқичидаги ўйинлари: С гуруҳи

1 тур, 22 ноябрь. 15:00. Аргентина — Саудия Арабистони

2 тур, 26 ноябрь. 23:59. Аргентина — Мексика

3 тур, 30 ноябрь. 23:59. Польша — Аргентина

Фото: Getty Images

Таркиб қандай кўриниш олган?

Бош мураббий Лионель Скалони якуний рўйхатга қуйидаги 26 нафар футболчини киритган.

Дарвозабонлар: Эмилиано Мартинес («Астон Вилла»), Херонимо Рульи («Вильярреал»), Франко Армани («Ривер Плейт»).

Ҳимоячилар: Науэль Молина («Атлетико»), Гонсало Монтьель («Севилья»), Кристиан Ромеро («Тоттенҳэм»), Херман Песселья («Бетис»), Николас Отаменди («Бенфика»), Лисандро Мартинес («Манчестер Юнайтед»), Маркос Акунья («Севилья»), Николас Тальяфико («Лион»), Хуан Фойт («Вильярреал»).

Яримҳимоячилар: Родриго Де Пауль («Атлетико»), Леандро Паредес («Ювентус»), Папу Гомес («Севилья»), Алексис Мак Аллистер («Брайтон»), Гидо Родригес («Бетис»), Энцо Фернандес («Бенфика»), Эксекиэль Паласиос («Байер»), Анхель Корреа («Атлетико»).

Ҳужумчилар: Лионель Месси («ПСЖ»), Лаутаро Мартинес («Интер»), Анхель Ди Мария («Ювентус»), Хулиан Альварес («Манчестер Сити»), Тьяго Альмада («Аталанта Юнайтед»), Пауло Дибала («Рома»).

Кимлар таркибдан четда қолди?

Лионель Скалони якуний таркибни эълон қилгач, «Интер» ҳужумчиси Хоакин Корреа ва «Фиорентина» яримҳимоячиси Николас Гонсалес жароҳат сабабли Қатарга бора олмайдиган бўлди. Аргентина матбуотида бу ўйинчилар ўрнига мавсумни яхши ўтказаётган Лукас Окампос (Аякс), Алехандро Гомес (Севилья) ёки Алехардро Гарначо (МЮ) турнирга бориши лозимлиги ҳақида турли хабарлар ёзилган бўлса-да, бош мураббий Ла Лигадан Анхель Корреа («Атлетико») ва МЛСдан Тьяго Альмадани («Аталанта Юнайтед») таклиф этди. «Вильярреал» аъзоси Жованни Ло Чельсо эса жароҳат сабабли таркибдан жой олмади.

Тахминий бошланғич таркиб: 4-3-3

Э. Мартинес – Тальяфико, Отаменди, Мартинес, Молина – Энцо Фернандес – Паредес – Де Пауль – Ди Мария – Лаутаро – Месси.

Мураббий ва ўйин услуби

2018 йилда Хорхе Сампаоли Аргентина миллий жамоасидан истеъфога чиқарилгач, ўртамиёна ўтказган футболчилик фаолиятини якунлаганига ҳали 3 йил тўлмаган Лионель Скалонининг бош мураббий этиб тайинлангани аргентиналикларнинг ўзида ҳам турли саволларни келтириб чиқарди. Федерациянинг бу қарорини танқид қилганлар кўп бўлди, аммо у қисқа давр ичида нафақат мухлислар, миллий жамоа футболчиларининг ҳам ишончини ортиғи билан оқлади. 

Фото: Getty Images

44 ёшли мутахассис қўл остида Аргентина 4-4-2 ва 4-3-3 тактик услубини мукаммал ўзлаштирди. Шу билан бирга у таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урмай, фахрий ўйинчиларни асосий ролларда қолдиргани унинг асосий муваффақиятларидан бўлди.

Етакчилар

Жамоа дарвозасини «Астон Вилла» голкипери Эмилиано Мартинессиз тасаввур қилиш қийин. У 18 ўйинда ўз дарвозасидан бор йўғи 5 марта тўп олиб чиқди.

Скалони ҳимоя марказида 34 ёшли Отамендига ишонч билдиришда давом этмоқда, АПЛда яхши ҳаракат қилаётган Ромеро ёки Мартинес эса исталган пайт унга тандем сифатида танланади. «Бетис»даги Херман Песселья ҳам саралаш босқичида ҳимоя қўрғонида асосий устунлардан бири бўлди. Тальяфико чап қанот ҳимоясидан фаол ҳужумга кириша олади, ўнгда бу вазифани Молина бажаради.

Жамоанинг мотори – Родриго Де Пауль. У майдонда катта ҳажмдаги қора ишни бажаради. Леандро Паредес ва Алексис Мак Аллистер ҳам универсаллиги эвазига майдон марказида креативликни таъминлай олишади.

Лионель Месси, Лаутаро Мартинес ва Анхель Ди Мария триоси эса сўнгги 2-3 йилда янада сайқаллашди. Уларнинг ўрнини эса Хулиан Альварес, Пауло Дибала ва Корреа ўрнига чақирилган Альмада билинтирмасликка интилади.

Фото: Getty Images

Сампаоли давридаги Аргентина-2018 ва ҳозирги Аргентина-2022 ўртасидаги энг катта фарқ – жамоа бир оилага айлана олгани, ҳеч қандай можаролар йўқлиги ва барқарорликдир.

Кучли ва кучсиз томонлари

Кучли томонлари: Месси, қарши ҳужумлар ва ўзаро тушуниш

Месси – Аргентинадан бошқа ҳеч бир жамоада йўқ «кўзир». Лео сингари ўйинчининг борлиги жамоалар ўртасида катта фарқ яратади. У ўйинни бошқаради, ҳужумларни бошлайди, яратади, якунлайди, яққол етакчи ва ўрнак. Скалони ундан қандай фойдаланиш кераклигини ЖЧ-2022 саралаш босқичида кўрсата олди.

Аргентина қарши ҳужумда ақлбовар қилмас даражада кучли. Таркибда юқори савияли ўйинчилар кўплиги – бу услубда муҳим бўлган ҳар қандай тўп узатиш имкониятини яратади. Прессингдан сўнг бутун жамоа қарши ҳужумда иштирок этиши ҳам Скалонининг ютуқларидан бири. Айнан шундай услуб билан Манчини мураббийлигидаги Италия Евро-2020да зафар қучди.

Кучсиз жиҳатлари: Босим ва ҳимоя қўрғони

Аргентинани ҳар бир жаҳон чемпионатида оёғидан чалиши мумкин бўлган жиҳат – босимнинг катталигидир. «Альбиселесте» 36 йилдан буён мундиалда ғолибликни қўлга кирита олмаяпти ва кўпчиликнинг фикрича Қатар-2022 бу нохуш анъанага чек қўйишнинг айни вақти. Месси ҳам фаолиятидаги сўнгги ЖЧда қатнашаётгани, унга ҳалигача Марадонанинг ЖЧ-1986даги қаҳрамонлиги эслатилиши ҳам босимни оширади. Аргентина қоғозда ҳар қанча фаворит дейилмасин, бу жамоанинг таркибини қолган рақобатчи етакчилар билан таққосласак, Скалонида Мессидан бошқа устунлик йўқдек кўринади.

Яна бир кучсиз нуқта сифатида ҳимоя қўрғони кўрсатилади. Ҳа, Аргентинада топ-даражадаги етакчи ҳимоячини кўрсатиш қийин. Аммо – Молина, Ромеро, Пеccелья, Отаменди, Тальяфико, Лисандро Мартинес сингари жанговар ҳимоячилар билан ҳимоя қўрғонини тартибга келтирса бўлади. Унутмаслик лозимки, ҳимояси кучсиз бўлган жамоа кетма-кет 35 ўйинлик мағлубиятсиз серия қайд эта олмайди.

Прогноз

BCA Research аналитик компанияси ҳисоботларига кўра, суперкомпьютер ЖЧ-2022 финалида Аргентина Португалияни мағлуб этиб, жаҳон чемпиони бўлишини тахмин қилган. Бу бежизга эмас.

«Оқ-кўклар» ЖЧ-2022 гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлай олишади – Саудия сенсация қайд эта олишига ишониш қийин, Мексикадан кўпи билан дуранг кутиш мумкин, Польшадан ўтса бўлади. Қизиғи, плей-оффларда бошланади: 1/8 финалда Аргентина катта эҳтимол Франция ёки Дания, чоракфиналда Нидерландия, яримфиналда эса Испания ёки Бразилияга қарши саф тортиши мумкин.

Фото: Getty Images

Ҳа, кутилаётган рақиблар сеткаси жуда қийин, аммо Скалони шогирдлари 35 ўйиндан буён ютқазмаяпти (24 ғалаба, 11 дуранг), мағлубиятсиз серия давомида Копа Америка финалида Бразилия мағлуб этилди, Финаллисимада Евро-2020 ғолиби Италия аяб ўтирилмади, жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги 17 ўйинда 27та гол киритиб, бор йўғи 8та гол ўтказилди. Месси етакчилигидаги жамоа Копа Америка-2021 бош совринини 23 йиллик танаффусдан кейин Буэнос-Айресга олиб кетди. Шу билан бирга Аргентинада Месси борлиги ва у жорий мавсум аллақачон 17 ўйинда 11та гол ва 14та ассист амалга оширишга улгурганини инобатга олсак, Лео фаолиятидаги 5-жаҳон чемпионатида елкасидаги энг катта юкдан халос бўлиши мумкинлигига умид қилиш мумкин.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид