Жаҳон | 13:25 / 20.11.2022
50265
8 дақиқада ўқилади

Кимларнинг янги авлоди. КХДР раҳбари илк бор қизини дунёга кўрсатди

Ким Чен Ин навбатдаги қитъалараро баллистик ракета синовида ёлғиз эмасди, у рафиқаси Ри Сол Жу ва қизи билан бирга эди. Шимолий Корея нашрлари илк бор дунёга анъанага кўра шахсий ҳаёти сир бўлиб келган КХДР етакчисининг оила аъзоларини намойиш этди.

Фото: Reuters

Экспертлар бу қизнинг дунёга намойиш этилиши КХДР етакчисининг сулолавийлик амбицияларини кўрсатиши, у ҳокимиятни Кимлар авлодининг тўртинчи вакилига ўтказишни ният қилаётганини айтишмоқда.

Жанубий Корея разведкаси аввалроқ Кимнинг уч фарзанди - икки қизи ва ўғли борлиги тахмин қилинишини хабар қилганди. Шу вақтгача улардан бирортаси жамоатчиликка кўрсатилмаганди.

Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги эълон қилган фотосуратларда қиз оқ куртка, қора шим ва қизил туфлида, Ким Чен Ин билан қўл ушлашиб кетаётгани тасвирланган. Хабарда унинг исми келтирилмаган, фақат Ким Чен Ин «суюкли қизи ва рафиқаси билан тадбирда иштирок этгани» айтилган. Айрим манбаларга кўра, унинг исми Ким Жу-Э бўлиши мумкин.

Қиз тахминан 12 ёшда, фотосуратларда у ракеталарни кўздан кечираётган отаси ёнида юргани ва жилмайиб қўйгани кўринган.

Жанубий Кореядаги Сежонг институти қошидаги Шимолий Кореяни тадқиқ этиш маркази вакили бўлган Чеонг Сон Чаннинг фикрича, Шимолий Корея «маликаси» сифатида оммага таништирилган қиз энди давлат ишларида иштирок эта бошлаши мумкин.

Эксперт Ким Чен Иннинг отаси катта акалари борлигига қарамай, айнан уни ўзига кўпроқ ўхшагани туфайли ворис этиб танлаганини эслатган.

«Эҳтимол, Ким Чен Ин ҳам ўзининг иккинчи қизи билан шундай қилишни истамоқда. Балки у шу қизида ўзига муносиб фазилатлар бор деб топган», дея қўшимча қилади Чеонг Сон Чан.

Унинг ҳисоблашича, агар шу қизи бундан кейин ҳам отасига муҳим тадбирларда ҳамроҳлик қилса - бу у билдирган тахминлар тўғри эканини кўрсатади.

Фото: Reuters

Чеонгга бошқа бир эксперт Су Ким ҳам қўшилади. Унинг фикрича, ота ва қиз жамоатчиликка жуда яқин қилиб кўрсатилгани, КХДРнинг бўлажак раҳбари масаласи ҳал этилганини англатиши мумкин.

Қизнинг ракета синовлари кунида пайдо бўлиши ҳам дунёга рамзий сигнал вазифасини ўташи мумкин.

«Бу қайсидир маънода Кимнинг салтанат ҳассасини (скипетр) кейинги авлодга ўтказишининг рамзий картинасидир. Халқаро ҳамжамият Шимолий Корея террори ва жангарилигининг тўртинчи навбатини қабул қилиши ва тайёргарлик кўриши учун хабарнома», дейди Су Ким.

Кутилмаган оилавий кўриниш бўйича бошқача версиялар ҳам бор. Шимолий Корея бўйича тадқиқотчи Ан Чан Ир бу Кимни «нормал» етакчи ва севимли ота қиёфасида кўрсатиш учун пухта уюштирилган уриниш бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Кимнинг оммавий чиқишида рафиқаси ва қизи ҳамроҳлик қилиши унинг имижини камида ички аудитория учун юмшатади.

«У уруш қўзғатувчи ва ўзига бино қўйган «ракетали одамча» эмас. У - меҳрибон ота, у оиласини ҳам, бутун миллатни ҳам ҳимоя қилувчи», - дея тавсифлайди янги образни Ан.

Ва қўшимча қилади: «Афтидан, Пхеньян ўзини «нормал» миллат сифатида кўрсатмоқчи. Бу шунингдек, ташқи дунёга режим барқарорлиги, ҳозирда тўртинчи авлодга ўтиш томон ҳаракатланаётгани ва бунга яхши тайёргарлик кўрганини намойиш этиш ҳаракатидир».

Бироқ айрим бошқа экспертлар қитъалараро баллистик ракета учириш жараёни - қизни дунёга таништириш учун жуда ғалати палла эканини қайд этишган.

«Бу қизни ишга олиб келиш учун энг номуносиб кун», дея ёзади хавфсизлик соҳасидаги америкалик эксперт Анкит Панда.

Фото: Reuters

Рафиқаси ва болалари

КХДР етакчисининг шахсий ҳаёти ҳақида жамоатчиликка кўп нарса маълум эмас, Шимолий Корея нашрлари вақти-вақти билан фақат айрим деталларни хабар қилишган. Анъанага кўра, Шимолий Корея раҳбари ҳаёти ҳақидаги маълумотлар учун асосий манба Жанубий Корея разведкаси ҳисобланади.

Шимолий Корея телевидениесида Ким Чен Иннинг рафиқаси илк бор 2012 йилда «ўртоқ Ли Сол Жу» деб таништирилганди, бунга у мамлакат раҳбари ёнида тадбирларда тез-тез кўриниш бераётган аёл кимлиги бўйича турли миш-мишлар тарқала бошлагани сабаб бўлганди.

Жанубия Корея махсус хизматлари аниқлашича, никоҳ уч йил олдин, 2009 йилда бўлган.

Шимолий Корея расмий нашрлари Ким Чен Иннинг фарзандлари борлиги ҳақида умуман хабар бермаганди.

Фото: Reuters

Жанубий Кореядаги маълумотларга кўра, 2017 йил февралида Ли Сол Жу учинчи фарзандини дунёга келтирган. Ким Чен Иннинг аввалги болалари эса тахминан 2010-2013 йиллар орасида туғилган.

Фақат иккинчи қизнинг исми Жу-Э экани маълум. Бу ҳақда 2013 йилдаёқ Кимнинг кутилмаган дўстига айланган америкалик баскетболчи Деннис Родман Британиянинг Guardian нашрига берган интервюсида айтганди.

У ушбу мамлакатга ташрифи чоғида Кимнинг оиласи билан «вақтни қандай яхши ўтказгани»ни айтган. У Кимни «яхши ота» деб атаган, оиласини эса - «ажойиб» деб таърифлаганди.

КХДРнинг янги ракеталари

Пхенян жума куни синовдан ўтказган қитъалараро баллистик ракета япон сувлари яқинига қулаган - бу КХДР қуролли кучларининг жорий ойдаги иккинчи йирик синови бўлди. Айрим баҳоларга кўра, шимолликларнинг янги ракеталари АҚШнинг материкадаги қисмига ядровий зарба бериш имкониятига эга.

Япония мудофаа вазири Ясукадзу Ҳамаданинг айтишича, бу баллистик ракета ва бошқа қуроллар парвози траекторияси шуни кўрсатмоқдаки, муайян оғирликдаги жанговар каллак билан у 15 минг километр радиусдаги масофага етиб бора олади. Вазир бу ҳолда АҚШ ҳудуди нишонга айланиши мумкинлигини қайд этади.

Шимолий Корея сўнгги икки ойда жами 50 дан ортиқ ракета учирган, уларнинг аксари яқин масофага ҳаракатланувчи ракеталар бўлган, аммо октябр ойида сўнгги беш йилда илк бор Япония ҳудудий сувлари томон баллистик ракета учирилди.

Экспертлар тахмин қилишича, жума куни учирилган ракета ҳали ишланма босқичида бўлган ва ҳозирга қадар КХДР ядровий каллаклар билан ҳаракатланувчи ракеталарга эга бўлгани тасдиқланмаган.

Шимолий Корея ўз баллистик ракеталарини мунтазам равишда такомиллаштириб келади. Фото: EPA

Янги синовлар катта эҳтимол билан якшанба куни Камбожада АҚШ, Жанубий Корея ва Япония етакчилари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида эришилган келишувга жавоб бўлди. Пхеньян америкаликлар Корея яримороли атрофида таъсир доирасига эга бўлишидан жуда норози ва Жанубий Корея мудофаа қобилияти кучайтирилишига қатъиян қарши туришини маълум қилади.

Синовлар Хитой ва Россиянинг АҚШнинг Шимолий Кореянинг ядровий дастурини чеклаш учун БМТ санкцияларини кучайтириш ҳаракатларига қарши қаратилган ҳаракатлари фонида ўтказилди.

Жума кунги синовлардан кейин АҚШ вице-президенти, Бангкокда Япония, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия ва Канада етакчилари билан учрашувда бўлган Камала Ҳаррис АҚШ ўз сиёсатига содиқ қолишини тасдиқлади.

«Биз бу ҳаракатларни кескин қоралаймиз ва яна бир бор Шимолий Кореяни келгусида ноқонуний ва вазиятни беқарорлаштирувчи ҳаракатларини тўхтатишга чақирамиз. Қўшма Штатлар номидан мен Осиё-Тинч океани иттифоқига бўлган қатъий содиқлигимизни яна бир бор тасдиқламоқчиман», деган Ҳаррис журналистларга.

Учрашув иштирокчилари КХДР учун мулоқот йўли очиқ қолиши бўйича келишиб олишган ва Пхеньянни кераксиз провокациялардан воз кечиб, жиддий мазмундаги дипломатияга қайтишга чақирган.

Мавзуга оид