Спорт | 22:30 / 21.11.2022
17509
3 дақиқада ўқилади

«Эҳтимол, бу мен учун охирги мундиал» – Месси билан матбуот анжумани

Аргентиналик форвард Лионел Месси Қатардаги жаҳон чемпионатидан нималар кутаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Жаҳон чемпионати 1-тури доирасидаги Аргентина – Саудия Арабистони ўйинидан олдин аргентиналиклар сардори Лионел Месси иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Tribuna.uz мухбири юлдуз футболчи иштирокидаги анжуманда қатнашди.

Ўйин олдидан Месси жамоавий машғулотларга қўшилгани ва баҳсга тайёрлигини маълум қилди.

«Ҳа, ЖЧ-2022 стартидан аввалги баъзи машғулотларда иштирок эта олмадим, аммо ҳозир ҳаммаси яхши. Якка тартибда шуғулландим, кейин эса жамоавий машғулотларга қўшилдим. Ҳозирда руҳий ва жисмоний жиҳатдан жуда яхши ҳолатдаман.

Бу жаҳон чемпионати аввалгиларидан фарқ қилади, аммо уларнинг ҳаммасида битта ўхшашлик бор: бу мундиал, ундаги ҳар бир ўйин ўзгача.

Бу охирги мундиалим деган хаёл билан банд эмасман. Жиддий ўйинларга тайёрланяпман, ҳозир шунақа кайфиятдаман. Эҳтимол, бу мен учун охирги мундиалдир. Шу боис, ЖЧ-2022 – мен ва Аргентинанинг биргаликдаги орзумизни рўёбга чиқариш учун сўнгги имконият. 

Аввалги муваффақиятли ўтмаган жаҳон чемпионатларидан қандай хулоса чиқарганман? Хатоларни ўйламай, энг аввало майдонда одатдаги ишимизни қилишимиз керак. Ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз, ўйинлар оғир бўлишини кутяпмиз. Босимни енгиб, шунчаки футбол ўйнашимиз талаб этилади. Ўйин бошидан то охирги сонияларгача.

Бутун дунёда мундиални ютишимни исташади? Бу ажойиб, бизни жуда кўп мухлислар қўллаб-қувватлаётганини ҳис қиламиз ва уларга ғалабани тақдим этиш учун боримизни берамиз. Майдонга тушиш ва рақибдан устун келиш талаб этилади.

Сардор сифатида жамоамни қандай қилиб руҳлантираман? Биласизми, шахсан ўзим ҳам ҳаяжондаман. Ҳа, олдинги турнирларда ҳам иштирок этганман, бу ўзига хос тажриба бўлади. Мақсадимиз аниқ – турнирда ғолиб бўлиш. Биз ўтмиш ҳақида эмас, бўлажак ўйинлар ҳақида ўйлаб, ўз кучимизни синаб кўришда давом этамиз.

Жамоадаги ўйинчиларга гапириш осон эмас, шунчаки ҳар бир лаҳзадан роҳатланиш керак. Уларнинг ёшида менда кўп нарса амалга ошмаган. Аммо ҳар бир ўйинчи унутмаслиги керакки, жаҳон чемпионатида ҳали яна иштирок эта оласанми ёки йўқ – буни ҳеч қачон билмайсан. Шундай экан, фурсатдан фойдаланиб, борингни кўрсатишинг лозим.

Аввалгига қараганда кўпроқ кула бошладим? Ёш ўтган сайин одам ўзгараркан, ҳозир кичик деталлардан хафа бўлмай қўйдим. Ҳозир ҳар бир лаҳзадан роҳатланиш мен учун барчасидан муҳимроқ», дея Мессининг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

  • Месси учун бу бешинчи жаҳон чемпионатидир. 2014 йилда у Аргентина билан финалга чиққан, аммо жамоа Германияга ютқазиб, жаҳон вице-чемпионлиги билан кифояланганди.
  • Аргентина термаси бу сафар C гуруҳида Саудия Арабистони (22 ноябр), Мексика (26 ноябр) ва Польша (30 ноябр) жамоаларига қарши баҳс юритади.

Мавзуга оид