Ўзбекистон | 16:08 / 22.11.2022
17493
2 дақиқада ўқилади

Икки шеригини пичоқлаб ўлдирган чўпон умрбодга озодликдан маҳрум этилди

Судланувчи 2001 ва 2007 йилларда ўғирлик жинояти билан айбланиб, жазо муддатини ўтаган. 2010 йилда эса Жиноят кодексининг 60 ва 61-моддаларига асосан 10 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 13 апрель куни Фориш туманидаги “Эгизбулоқ” МФЙга қарашли Кўктепа ҳудудидаги фермер хўжаликларининг бирида уч нафар чўпон ўртасида бошланган жанжал қотиллик билан тугаган.

Чўпонлардан бирининг  уйида вақтинча яшаб, чўпонлик қилиб келаётган, 1977 йилда туғилган фуқаро М.Ғ. ушбу ҳудудда чўпонлик қилиб келаётган таниши, 1977 йилда Пахтакор туманида туғилган Ж.Х. ва 1973 йилда шу туманда туғилган Х.Х. билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирганда ўрталарида жанжал келиб чиққан.

Оқибатда, М.Ғ. маст ҳолатда ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ж.Х. ва Х.Х.ларнинг кўкрак қафасига бир неча марта тан жароҳати етказиб, уларни қасддан ўлдириб, воқеа жойидан яширинган.

Шундан сўнг гумонланувчи процессуал тарзда ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилган. Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлган. Шунингдек, жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари тинглаб кўрилган.

Маълум бўлишича, судланувчи аввалроқ, 2001 ва 2007 йилларда ўғирлик жиноятини содир этиб, жазо муддатини ўтаган. 2010 йилда эса Жиноят кодексининг 60 ва 61-моддаларига асосан 10 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноят иши бўйича тўпланган, суд муҳокамасида текширилган далиллар асосида суд ҳайъати судланувчига енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган.

Суд айбланувчини Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми, а, в, ж бандлари билан айбдор деб топган ва унга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини берган. Жазони махсус тартибли колонияда ўташ тартиби белгиланган.

 

Мавзуга оид