Ўзбекистон | 15:04 / 23.11.2022
55834
8 дақиқада ўқилади

Янгиси қурилмасдан, бори йўқ қилинмоқда: Тошкентда 3 та йирик онко-шифохоналар ер майдони билан сотувга қўйилди

Умумий 17 гектар майдонга эга, бино-иншоотлари билан сотиб юборилаётган касалхоналар Тошкентнинг марказий ва харидоргир нуқталарида жойлашган. Сотиш ҳақидаги ҳукумат қарори очиқ манбаларда йўқ. Бу жараёнлар мамлакатда йилига 1 300 киши онкологик хасталикка чалинаётган бир вақтда содир бўлмоқда.

Пойтахтда бирйўла учта касалхона – Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари бино-иншоотлари билан аукцион савдоларига чиқарилди.

9,4 гектар майдонни эгаллаган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази 281 млрд 784 млн сўм, марказнинг 4,6 гектар майдонда жойлашган Тошкент шаҳар филиали 160 млрд 557 млн сўм ҳамда марказнинг 2,6 гектарли Тошкент вилояти филиали 92 млрд 94 млн сўм бошланғич баҳода сотувга қўйилган. Учала объект бўйича ҳам савдолар 2022 йилнинг 12 декабрь куни нархи ошиб бориш тартибида ўтказилади.

Шифохоналарнинг аукцион савдоларига қўйилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги изоҳ берди. Унда билдирилишича, Олмазор туманида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси барпо этилмоқда. Сотувга чиқарилган онкология шифохоналари ана шу ягона уникал комплексга бирлаштирилади.

Сотувдан тушган маблағ эса мазкур комплекснинг қурилиш харажатларига йўналтирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг изоҳида янги қурилаётган комплекс 8 қаватли бўлиши, унда 17 та янги клиник бўлим фаолияти йўлга қўйилиши, замонавий технологиялар билан жиҳозланиши, 16 та реанимацион ва операцион хоналар энг сўнгги технологиялар билан таъминланиши, 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилиши ҳам таъкидлаб ўтилган.

Янги комплекс 2023 йилнинг май ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Вазирлик янги комплекс ишга тушганидан сўнг икки ой давомида муассасалардаги беморлар ва зарур ускуналарни кўчириш ишлари олиб борилиши ҳамда аукционда ғолиб бўлган тадбиркорга кўчиш ишлари тўлиқ амалга ошмагунча бу ерда ҳеч қандай қурилиш ишларини амалга оширмаслик мажбурияти юкланиши айтилмоқда.

Сотувга қўйилган шифохоналар Тошкент шаҳрининг марказий ва ери харидоргир нуқталарида жойлашган. Масалан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Шайхонтоҳур туманида, марказнинг Тошкент шаҳар филиали Чилонзор туманида жойлашган бўлиб, бу манзилларда 1 сотих ер бозорда 35 мингдан 100 минг долларгача баҳоланмоқда. Аммо сотувга чиқарилган касалхоналарнинг 1 сотих ер майдони бошланғич нархи бўйича жорий курсда 27-31 минг долларга тўғри келяпти.

Янги қурилиши айтилаётган комплекс Олмазор туманининг Шифокорлар кўчасида бўлади. Бу манзил эса Тошкентнинг энг чекка ҳудудларидан ҳисобланади.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қурилаётган янги комплексда 650 та стационар ва 100 та кундузги стационар ўрин бўлишини маълум қилган. Айни пайтда эса Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 370, унинг Тошкент шаҳар филиалида 226, Тошкент вилояти филиалида 240 та ўрин бор – учаласини қўшганда 836 та ўрин, яъни янги комплексдагидан 86 тага кўп.

Қолаверса, шунча беморни бир жойда йиғиш беморлар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам қатор ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, республикада болалар ўртасида гематологик ва онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи ортиб бормоқда. Ушбу касалликлардан болалар ўлими кўрсаткичи ҳар 100 минг болага нисбатан 9,2 ни ташкил этиб, жароҳатланишдан (травматизм ва бахтсиз ҳодисалар) кейин 2-ўринда туради.

Ўзбекистонда йилига ўрта ҳисобда 1 300 нафаргача 0–18 ёшли болаларда гематологик ва онкологик касалликлар биринчи бор қайд этилиб, жами касалланганлар сони 100 минг болага нисбатан 7,5 нафарни ташкил этмоқда. Бу рақамлар шифохоналарни камайтириш, бирлаштириш эмас, борларини ҳам сақлаб қолган ҳолда янги имкониятларни ишга солишни тақозо этади.

Энг муҳими, онко-шифохоналарнинг сотувга қўйилиши янги комплекснинг қурилиши учун маблағ “топиш” билан эмас, ушбу ерларни максимал даражада тезроқ хусусийлаштириб олишга интилиш билан боғлиқ. Негаки, президентнинг тегишли қарори билан 2018-2020 йилларда марказ ва унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиалларида янги корпуслар қуриш, айримларини реконструкция қилиш белгиланган.

Ўша қарор иловасига кўра, 2018-2019 йиллар давомида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида стационар ва экспериментал онкологик илмий лабораторияси билан биргаликда радиотерапевтик бўлимнинг икки қаватли биносини, умумий майдони камида 700 метр квадрат бўлган позитрон-эмиссион томография учун бир қаватли корпус, умумий майдони 1 384 метр квадрат ва 1 213 метр квадрат бўлган озиқ-овқат блоки ва кирхона бинолари қуриш, шунингдек, холлини қўшимча равишда қурган ҳолда марказ асосий биносининг даволаш корпусини ҳамда маслаҳат поликлиникаси ва умумий хирургия бўлимида вивар билан биргаликда собиқ завод корпусини реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2019 йилда марказнинг Тошкент вилояти филиалида умумий майдони 500 метр квадрат бўлган операция блокини ҳамда 2020 йилда марказнинг Тошкент шаҳар филиали патоморфология бўлими учун умумий майдони 700 метр квадрат бўлган бино қуриш режалаштирилган.

 

2019 йилнинг июль ойида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги, замонавий Консультатив-диагностика поликлиникаси биноси фойдаланишга топширилган. Мазкур қурилиш учун Инвестиция дастури асосида 3 қаватли бино реконструкциядан чиқарилиб, олд қисмида 2 қаватли холл қурилган.

Шу ўринда, сотиб юборилар экан, нега миллиардлаб давлат маблағлари сарфланиб, бу ишлар амалга оширилди, деган савол туғилади. Шунингдек, 2021 йилнинг май ойида Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрганида айнан шифохоналарни сотиб эмас, марказнинг ҳозирги имкониятлари етарли эмаслигини таъкидлаб, янги биноларини барпо этиш бўйича топшириқ берганди.

Бундан ташқари, Президентнинг 2021 йил 27 майдаги «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида Соғлиқни сақлаш, Молия ва Қурилиш вазирликларига ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига 2021 йил 1 сентябрга қадар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида замонавий янги бино-иншоотлар комплексини қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.

Аммо мазкур қарорда марказ ҳамда унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари бино-иншоотларини сотувга чиқариш бўйича ҳеч қандай гап йўқ. Аммо ҳали янги марказ қуриб фойдаланишга топширилмасдан, беморлар у ерга кўчириб ўтказилмасдан шифохоналар жойлашган ерлар сотувга чиқарилмоқда.

Шунингдек, президентнинг юқоридаги қарорида Молия вазирлигига онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 млрд сўм ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилишини таъминлаш юклатилган. Яъни, марказнинг қурилиш ишлари қайси манба ва маблағлар ҳисобидан олиб борилиши белгилаб берилмаган.

Ўз-ўзидан тушунарлики, ҳоким-у вазирлар масалани «сопини ўзидан чиқариш» билан ҳал этишмоқчи, шунда ҳам фойда билан албатта. Бундай ҳаракат – шифохоналар ерларининг сотиб юборилиши ўзи шундоқ ҳам «хаста» бўлган тиббиётимизни «фалаж» ҳолга келтириб қўйиши ҳеч гап эмас. Пандемиянинг даҳшатли кунлари – шифохоналарда ўринлар етишмасдан ҳатто омборхоналар ва бошқа объектлар ковид-марказларга айлантирилгани аччиқ сабоқ бўлмас экан, соҳада сезиларли ўзгариш бўлиши қийин.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

P.S. Мақоланинг дастлабки талқинида сотувга қўйилган ерларнинг бошланғич баҳоси 1 сотих учун 3-4 минг долларга тўғри келиши ҳақидаги маълумот нотўғри ҳисоб-китоб асосида келтирилган. Бу хато Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий муносабатидан кейин тузатилди.

Мавзуга оид