Ўзбекистон | 21:17 / 01.12.2022
24467
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда погонини ўзи юлиб ташлаб бунда аёлни айблаган ИИБ ходими жазосиз қолгани маълум бўлди

Туман прокуратурасида жанжал чиқарган аёлга нисбатан бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган.

Воқеа 2021 йил 16 июль куни Қўшработ тумани прокуратураси биносида содир бўлган. Фирибгарликда айбланиб, тергов қилинаётган эркакнинг синглиси ва қизи прокуратурага келиб, тўполон кўтарган.

“Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди (Фирибгарлик), 28-модда орқали 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчи Шосимов мажбурий тартибда туман прокуратураси биносига олиб келинган. Шу куни айбланувчининг синглиси ва қизи прокуратурага келишиб, прокуратура ходимларини ҳақорат қилишган. Шу сабабли воқеа жойига Қўшработ тумани ИИБ ходимлари чақиртирилган. 

Профилактика инспектори катта лейтенант Ражабов, лейтенант Бобоқулов ҳамда лейтенант Шарипов прокуратурага етиб келганида аёллар ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан уларни ҳақорат қилган, Ражабовга тегишли бўлган автомобилнинг ойналарини синдириб, эшикларини пачақлаган.

Интернетда тарқалган видеода катта лейтенант Ражабов фуқаро Шосимованинг қўлидан ушлаб прокуратура биносидан олиб чиқиш жараёнида ўзининг погонини юлиб олгани тасвирланган. Бу бўйича Самарқанд вилоят ИИБ ҲПБ томонидан хизмат текшируви ўтказилган, унинг натижаси бўйича қарор қабул қилинган. Қарорга асосан ички ишлар ходимининг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар прокуратура органига юборилган.

Прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ички ишлар ходими ва фуқароларнинг кўрсатмаларида бир-бирига зид маълумотлар бўлгани ва тергов жараёнида аниқланган бошқа фактлар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб, фуқаро Шосимовага нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган”, дея ИИВ департаменти бош инспектори Наврўз Набиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ мулозими погонини юлиб, бунда аёлни айблаган ички ишлар ходими бугунги кунда хизмат фаолиятини давом эттираётганини билдириб, унинг хатти-ҳаракатларига нисбатан қандай ҳуқуқий баҳо берилгани бўйича маълумотни мазкур ҳолатни тергов қилган прокуратура органидан сўрашни тавсия қилди.

ИИВ департамент бошлиғи ўринбосари Ҳамза Махсумов ушбу ҳолат юзасидан прокуратурадан расмий маълумот олиб, ОАВга тақдим этилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, июлда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ИИБ ходимлари икки нафар аёлга куч ишлатаётгани, ходимлардан бири аёллардан бирининг қўлини қайириб олиб кетаётганда ёнидаги шеригига «погонимни юл» деб бақиргани, сўнг погонини ўзи юлиб ташлаб аёлни айблай бошлагани тасвирланган.

Ўша пайтда ҳолатни изоҳлаган ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов ҳодиса ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати томонидан ўрганилаётгани, ходимнинг ҳаракатлари қўшимча равишда тўлиқ текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини таъкидлаганди.

Мавзуга оид