Жамият | 22:41 / 01.12.2022
54086
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида келини томонидан 20 марта пичоқланган қайнона тирик қолди

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, келин уй ертўласига кириб олиб, ҳамма қотиб ухлашини 9 соат кутган. Жиноят содир этаётган вақтда аёлнинг қўлида тиббиёт қўлқопи бўлгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилоятида келин оилавий келишмовчилик оқибатида қайнонасини ўлдирмоқчи бўлган. Ҳодиса тунги соат учларда юз берган.

«Миллар» дастури ижодкорларининг хабар беришича, келин қайнонаси ётган хонага секинлик билан кирган бўлса-да, аёл уйғониб кетади.

“Эшик очилиши билан кўзим очилди. “Ким” дейишга улгурмадим. Менга пичоқ уриб кетди. Мен ёрдам сўраб бақирдим ва бор кучимни йиғиб унинг жемперидан ушладим. У мени ура бошлади. Кейин сочидан ушлаб олдим ва эшикка қараб судрай бошладим. Эшикка етганимда воқеа устига қизим келиб қолди. Бу пайтда у мени тўхтамасдан пичоқлаётганди.

Йигирма мартадан кўпроқ пичоқ урилди-да менга. Ҳозир ўнтасининг жароҳати тикилди. Ўнтаси чуқур кесилмаган. Уни қаттиқ ушлаб олганим учун у менга ўзи хоҳлагандек пичоқ уролмаган. Агар уйғонмаганимда мени аниқ ўлдириб кетарди”, дейди кекса аёл.

“Нариги хонада қизим билан ётгандим. Онам бақирганидан уйғониб кетдим. Зинага чиққанимдан кейин овоз онамнинг хонасидан келаётганини билгач, ўша тарафга югурдим. Югуриб хонага кириб чироқни ёқдим. Қарасам хонанинг остонасида келинимиз онамни пичоқлаб ётганди. Шу заҳоти уни ушлаб пастга тортдим. Орқамдан укам келиб қолди. У келинни ушлаб олди. Кейин онамга қарадик. 102 ва 103га телефон қилдик. Онам билан қўшилиб шифохонага кетдим. Келин уйда қолганди. Эшитишимизча, у ҳозир озодликда юрган экан. Қилмишига қонуний чора кўрилмаяпти”, дейди пичоқланган аёлнинг қизи.

Қайд этилишича, қотилликка қасд юз берган хонадонда қайнона-келин чиқиша олмай қолган. Пичоқланган қайнонанинг айтишича, 9 ойдан бери келини унинг гапларига кирмай қўйган.

“Келиним ўзи кетиб қолган. 30 октябрда бувиси келди. Неварасини олиб келди. Нима бўляпти деб сўради. Мен: “Неварангизни йўлга сололмадим, кечиринг, қуда хола”, дедим. Ўзларинг бориб йўлга солинглар дедим. Кейин у олиб кетмайман деди. Яшасин деди. Мен энди яшатолмайман дедим. 9 ой, 10 ойдан бери биттаям айтганимни қилмаяпти, боламникиниям қилмаяпти. Ҳеч бўлмаса бир ойга олиб кетинг дедим. Ишларни ўргатинг дедим. Тилларини қирқинг дедим. Яхши келин қилиб менга олиб келиб беринг деб айтсам бувиси унамади”, дейди жиноятга қўл урган келиннинг қайнонаси.

Аёл тергов ишларидан норози эканини маълум қилган. У шунча ишдан кейин ҳам озодликда юрган келини яна келиб уни ўлдириб кетишидан хавотирда эканини таъкидлаган.

Тошкент вилояти ИИББ бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, воқеа бўйича жамоатчиликка батафсил маълумот берилишини маълум қилган.

Мавзуга оид