Жаҳон | 18:24 / 01.12.2022
28303
6 дақиқада ўқилади

Украинага 150 км масофага уча олувчи ракеталар етказиб бериш таклиф қилинди. Бу ўзи қандай қурол?

Фото: SAAB

Пентагон Украинага узоқ масофага учувчи юқори аниқликдаги ракеталар етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Reuters нашри хабарига кўра, Boeing корпорацияси АҚШ Мудофаа вазирлигига украиналикларга 150 км масофагача уча олувчи Ground-Launched Small Diameter Bomb (GLSDB) ракеталарини беришни таклиф қилган. Бу қурол Украинага Россиянинг фронт ортидаги, ҳозирча етиб бориб бўлмайдиган нишонларига аниқ зарба бериш имконини тақдим этади.

Украина қуролли кучлари аллақачон 70 километрдан ортиқроқ масофадаги нишонларни йўқ қилишга қодир юқори аниқликдаги бошқариладиган ракета тизими — Guided Multiple Launch Rocket System (GMLRS)дан муваффақиятли фойдаланиб келмоқда.

Бироқ, Американинг The New York Times нашри ёзганидек, Ғарб Украинага етказиб берилувчи қуроллар тақчиллиги билан тўқнаша бошлади.

Reuters нашри ёзган GLSDB ракета тизими GMLRS’ни самарали алмаштириши мумкин, чунки у арзонроқ ҳамда бир хил аниқликка эга бўлган ҳолда, узоқроқ масофага уча олади.

Эски янги қурол

GLSDB — Boeing ва Saab Group компанияларининг биргаликдаги ишланмаси. У ўзи билан юқори аниқликдаги, автоном, ердаги нишонларни йўқ қилишга модификациялаган GBU-39 авиабомбасини олиб юради.

Бунинг учун М270 MLRS ва М142 HIMARS ўқ отиш қурилмалари учун ишлаб чиқарилган М26 ракетасининг ракета қисми ишлатилади. Украина ҳарбийлари GMLRS ракеталарини учириш учун ушбу қурилмалардан фойдаланади.

GLSDB юқори аниқликка эга ва у қадар катта бўлмаган нишонларга қарши қўлланиши мумкин. Фото: SAAB

М26 — анча эски ракета. У 1970-йиллар охирида яратилган ва 1980 йилдан ишлаб чиқариш бошланган. Ушбу бошқарилмайдиган ракеталар жанговар каллак сифатида кассетали ўқлардан фойдаланади.

1980 йилдан бери турли модификациядаги 400 мингдан ортиқ М26 ракеталари ишлаб чиқарилган. Бироқ, кассетали ўқ-дориларни камайтириш кампанияси доирасида АҚШ армияси М26 захирасининг катта қисмини йўқ қилган.

АҚШ ва ракеталар етказиб берилган мамлакатларда қанча М26 ракеталари қолгани ҳақида аниқ маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас.

Пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш халқаро ҳаракати веб-сайтидаги, ушбу турдаги миналар ва кассетали ўқ-дориларнинг йўқ қилинишини кузатувчи дастур саҳифасида 2004 йилда АҚШ арсеналларида кассетали каллаклар билан қуролланган 369 576 та М26 ракеталари қолгани айтилади.

Human Rights Watch ташкилоти маълумотларига кўра, бундай ракеталар Баҳрайн, Миср, Франция, Германия, Греция, Исроил, Италия, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия ва Нидерландияга юборилган.

Ушбу турдаги ўқ-дориларни йўқ қилиш ҳақидаги АҚШ армиясининг 2013 йилги хабарида бу кампания фақат жанговар каллакка тегишли экани айтилган. Қуролнинг ракета қисми утилизация қилиниши ҳақида ҳеч қандай сўз бормаган.

GLSDB’ни ишлаб чиқиш мақсадларидан бири фойдаланишдан чиқарилган М26’нинг ракета қисмларидан фойдаланиш ҳам эди.

Узоққа, аниқ

Boeing ва Lockheed Martin компаниялари 2000-йиллар бошида GBU-39 — юқори аниқликдаги, автоном, кичик диаметрли бомбани ишлаб чиқиш билан шуғуллана бошлайди.

Мақсад нисбатан кичик жанговар каллакка эга, аммо юқори аниқлик билан таъминланган бомба яратиш эди.

GBU-39’нинг жанговар каллаги мустаҳкамланган нишонларни йўқ қилиш учун мўлжалланган. Улар бир метргача бўлган темир-бетонни ёриб ўтиши мумкин.

2006 йилдан ҳарбий хизматга кирган ушбу бомба нишонни аниқлаш учун сунъий йўлдош навигация тизимидан фойдаланади.

Самолётдан ташлангандан сўнг бомба букма қанотларини очади, бу эса парвоз масофасини оширади. GLSDB, аслида, ушбу бомбанинг ердан учирилувчи версиясидир.

GMLRS ракеталари янги бомбалар билан алмаштирилиши ҳақиқатга яқинми?

The New York Times газетаси ёзишича, АҚШ ва НАТОнинг бошқа аъзолари Украинага янги қуроллар пакети етказиб бериш учун захира топишда қийналмоқда.

Бу, биринчи навбатда, артиллерия снарядларига тааллуқли. Boeing корпорацияси ташаббуси билан, АҚШда HIMARS ва MLRS қурилмалари учун юқори аниқликдаги ракеталарга муқобил қидирилмоқда.

Украина бир неча ойдан бери Вашингтондан HIMARS ва MLRS учун янада кучлироқ MGM-140 ATACMS ракеталарини беришни сўрамоқда. Бу ракеталарнинг учиш масофаси 300 километрни ташкил этади. Бироқ, ATACMS ҳали ҳам украиналикларга юборилмаган ва уларни юбориш режаси ҳақида ҳам очиқ манбаларда хабар берилмаган.

GLSDB’нинг 150 километрлик учиш масофаси ATACMS ракеталариникига қараганда камроқ, аммо 90 километргача уча оладиган GMLRS ракеталарининг учиш масофасидан анча кўпроқ.

Очиқ манбаларда GLSDB’нинг аниқ нархи ҳақида маълумот йўқ, аммо АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари веб-сайтида эълон қилинган маълумотларга ишонилса, уларнинг нархи 40 минг доллардан ошади.

GBU-39 ҳаво бомбаси GLSDB ракетасининг асосий компоненти ҳисобланади. М26’нинг ракета қисмини омборлардан олиш мумкин. Шунингдек, нархга маҳсулотни йиғишдаги агрегатлар нархи ва иш ҳақи ҳам қўшилади.

GMLRS ракеталарининг нархи эса, турли ҳисоб-китобларга кўра, 100 минг доллардан 160 минг долларгача баҳоланади.

GMLRS’нинг жанговар каллаги оғирлиги 90 килограммни ташкил этади, бу GLSDB’ники билан деярли тенг (93 килограмм). Лекин кўплаб мутахассислар GMLRS ракетаси мустаҳкам объектларни, масалан, кўприкларни йўқ қилиш учун етарли кучга эга эмаслигини таъкидлайди.

GLSDB ўз нархи, учиш масофаси, юқори аниқлиги билан бу ракеталарни Украинага етказиб бериш анча самарали бўлишини таъминлайди.

Бироқ қанча бошқарилувчи ракеталар ишлаб чиқарилгани ва АҚШ яна қанча ракеталар ишлаб чиқаришга маблағ сарфлашга тайёрлиги номаълум. Ракеталар Вашингтон арсеналларидаги мавжуд захиралардан эмас, балки янги ишлаб чиқаришга буюртма бериладиган заводлардан юборилиши эҳтимоли юқори.

Шундай қилиб, Reuters нашри маълумотларига кўра, GLSDB ракеталарини Украинага етказиб бериш 2023 йил баҳоридан бошланиши мумкин.

Мавзуга оид