Ўзбекистон | 21:12 / 03.12.2022
36461
3 дақиқада ўқилади

Шуҳрат Ғаниев кооперативга бирлашган хоразмлик фермерларни “ўйинчи”га чиқарди 

Бош вазир ўринбосари селектор йиғилишида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тавсия этилган пахта хомашёси минимал нархини тан олмаган ҳолда бу ҳақда ҳеч қандай ҳужжат ёки қарор йўқлигини айтди. Ваҳоланки унинг бу баёноти президент қарорига зид.

Ижтимоий тармоқларда бош вазир ўринбосари, аграр ва озиқ-овқат масалалари бўйича комплекс раҳбари Шуҳрат Ғаниев томонидан селектор йиғилишида айтилган гаплар аудиоси тарқалди. Унда Ғаниев қонунчиликка мувофиқ ўзаро кўнгилли равишда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашаётган фермерларни “Кооператив тузиб олибди! Ўйин бошлаяпти”, дея тавсифлаган.

Шуҳрат Ғаниев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тавсия этилган пахта нархи ҳақида гапириб, жумладан шундай деган:

“Нарх-наво эълон қилинганида, тавсия эди у: ҳеч қанақа ҳужжат, ҳеч қанақа протокол, ҳеч қанақа қарор, ҳеч қанақа хат кетгани йўқ. Шуни маҳкам ушлаб олиб баъзи бир фермерлар, Хоразмда, яна ўйин бошлаяпти. Мана, кеча қайсидир туманда иккита фермер пахта кооперация тузганмиш, пахтасини туман ҳокими олиб қўйганмиш. У ёққа чиққан, бу ёққа чиққан (мурожаат этган – таҳр.). Оғайнилар, битта нарса, жойларда ҳудуд раҳбари шуғулланиши керак. Товарнинг нархи тушдими, кетмаяптими, келишиш керак, келиштириш керак. Ўзингиз учун хулоса қилиб, ёзиб олинг”.

Афтидан, Шуҳрат Ғаниев пахта хомашёси учун ўрнатилган минимал нархлар бирор ҳужжат билан белгиланмаганини айтаётиб, бу масалани тартибга солувчи президент қарори мавжудлигини унутган кўринади.

Маълумот учун, Президентнинг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4633-сонли қарорига мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган пахта хомашёсининг минимал нархларини эълон қилиш вазифаси юклатилган.

Мазкур қарордан келиб чиқиб, 2022 йил ҳосили учун ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи (ҚҚС билан бирга) 10 025 минг сўм, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи (ҚҚС билан бирга) 15 120 минг сўм этиб белгиланган.

Аввалроқ Kun.uz дунё бўйлаб кўплаб мамлакатлар ҳукуматларига қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш бўйича ёрдам бериб келаётган, Ўзбекистонда ҳам янги қонун ишлаб чиқилишига кўмаклашаётган немис мутахассиси Карл Круг билан суҳбат ташкил қилганди. Унда қишлоқ хўжалиги кооперативларининг соҳани соғломлаштиришдаги улкан аҳамияти ҳақида сўз борган.

Мавзуга оид