Ўзбекистон | 10:20 / 04.12.2022
44377
14 дақиқада ўқилади

Путиннинг янги ғояси, Cobalt-2 ва Нукус воқеалари бўйича суд — ҳафта дайжести

Путин Мирзиёев ва Тўқаевга газ иттифоқи тузишни таклиф қилди. Ўзбек-қирғиз чегара масаласи ҳал бўлди. UzAuto яқин бир йил ичида Cadillac, Captiva, Cobalt-2 сотувини бошлаб, Gentra'ни тўхтатмоқчи. Очилганига атиги 1 кун бўлган фирма Тошкентдаги тендерда ғолиб чиқди. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Россиялик меҳмонлар ва газ иттифоқи ғояси

Бутун ҳафта давомида Ўзбекистонга собиқ метрополия тарафидан бўлаётган босимлар асосий мавзулардан бири бўлиб турди. Ҳафта бошида Россия парламенти, ҳафта охирида Россия ҳукумати делегацияси Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, Кремл манфаатларини тарғиб қилди.

Дума раиси Вячеслав Володин Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашди. Ташрифнинг формал мақсадига кўра, икки давлат парламентларининг қуйи палаталари ўртасида ҳамкорлик бўйича комиссия тузилди.

Тошкентда учрашувлар бўлиб ўтаётган куни Дума расмий сайти Володиннинг баёнотини эълон қилди. Унда россиялик амалдор зўр бериб Ўзбекистонни АҚШ билан ҳамкорлик қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирган. Унинг айтишича, Европа айнан АҚШ билан ҳамкорлиги сабабли ҳозирги энергия инқирозига кириб қолган. Ўзбекистон эса гўёки бундан сабоқ чиқариши керак. “Америкаликлар қўй терисини ёпиниб келишади, лекин бўрининг иржайиши кўриниб туради”, деди Вячевлав Володин.

Унинг бу огоҳлантиришлари янграган куннинг эртасига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида АҚШ элчиси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда расмий Тошкент Вашингтон билан фаол сиёсий мулоқотни давом эттириши расман таъкидланди. Шу куни вазирликка Украина элчиси ҳам таклиф этилиб, Ўзбекистон ва Украина ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳақида гаплашилди.

Фото: Россия ҳукуматининг матбуот хизмати

Яна бир сиёсий мулоқот Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Россия бош вазири Михаил Мишустин ўртасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон–Россия бизнес форуми учун Самарқандга келган Мишустин, Жиззахда атом электр станциясини қуришни тезлаштиришга чақирди. “Биз атом энергетикаси бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни муҳим деб биламиз. Россия билан АЭСни биргаликда қуриш йирик лойиҳа бўлади. Эришилган барча келишувларни амалга оширишни тезлаштириш керак”, – деди у.

Ўзбекистоннинг бўйнига бўйинтуруқ бўлиши, босим ўтказишнинг янги ричагига айланиши айтиладиган станция қурилиши 2020 йилда бошланиши режа қилинган эди. Лекин ҳозиргача асосий шартнома имзолангани йўқ. Тўрт йил олдин Россия томони лойиҳани 11 млрд доллар атрофида баҳолаётган эди.

Музокаралар чўзилиб кетгани Ўзбекистоннинг АЭС ғоясидан воз кечганини англатмайди. Ўтган ойда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев мунозарали масалаларга тўхталмоқчи эмаслиги, лекин Ўзбекистон атом энергияси бўйича режаларидан воз кечмаслигини айтганди. Агар ҳақиқатан ҳам АЭС керак бўлса, уни нега айнан Россия қуриши керак, нега очиқ халқаро тендер ўтказилиб, энг яхши таклиф танлаб олинмайди, деган саволларга ҳозирча расмийлардан жавоб бўлмаган.

Россиянинг Ўзбекистон энергетика секторига таъсири АЭСсиз ҳам кам эмас. Айниқса газ бўйича шартномалар миллий манфаатларга зидлиги тахмин қилинади. Шу ҳафта бу масалада яна бир янгилик пайдо бўлди. Маълум бўлишича, Владимир Путин Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ўртасида уч томонлама газ иттифоқини тузишни истаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев маълум қилди.

Тўқаевнинг президентлик сайловидан кейинги биринчи хорижий сафари Москвага бўлди. У Путиннинг газ иттифоқи ғоясини қўллаб-қувватлашини, лекин уни амалга ошириш учун музокаралар керак бўлишини айтди. Тўқаевнинг сўзларига кўра, Путин бу масалада Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилишини айтган.

Орадан икки кун ўтиб, ҳақиқатан ҳам Мирзиёев ва Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон президентининг матбуот хизматига кўра, президентлар “кўп томонлама форматдаги, Марказий Осиё минтақасидаги амалий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашган”. Кремлнинг расмий хабарида эса “биргаликдаги истиқболли лойиҳалар” муҳокама қилингани айтилади.

Путиннинг янги таклифи масаласида Ўзбекистон томонидан ҳозирча расмий муносабат бўлмади. Тўқаевнинг матбуот котиби Руслан Желдибай ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Роман Василенко бу ҳозирча фақат таклиф экани, барча манфаатдор томонлар билан муҳокама қилинишини айтди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам бу масалада ҳали музокаралар бўлиши, биринчи босқичда учала давлатнинг газ сиёсатини мувофиқлаштириш бўйича юридик шахс ташкил этилиши мумкинлигини маълум қилди. Песковнинг айтишича, агар бундай орган тузилса, у аввало газ бўйича ички масалаларни ўзаро координация қилади, кейин эса ташқи бозорлар учун инфратузилмани ривожлантириш кўриб чиқилади.

Бу эҳтимолий газ иттифоқи кимга нима бериши борасида ҳозирча батафсил тушунтиришлар йўқ. Айрим тахминларга кўра, Россия ўз газининг асосий харидори бўлмиш Европадан айрилгач, Марказий Осиё орқали Покистон ва Ҳиндистон бозорига янги йўл очишга уринаётган бўлиши мумкин. Яна айрим мутахассислар эса бу иттифоқни Марказий Осиё давлатларининг энергетик мустақиллигига жиддий таҳдид деб кўряпти.

Қирғизистон ва Қозоғистон билан янги келишувлар

Андижон сув омбори / Фото: Kun.uz

Ташқи кучларнинг жиддий босими остидаги Марказий Осиё учун якунланаётган ҳафта тарихий саналар қаторига кирди. Ўзбекистон ва Қирғизистон узоқ йиллик чегара муаммоларини ниҳоят ҳал қилиб олди. 29 ноябр куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров, 30 ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чегара бўйича келишувларни имзолади.

“Чегара чизиғини делимитация қилишни якунига етказиш орқали мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб, ҳеч қандай келишмовчиликка ўрин қолмайди”, – деб эълон қилди Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

Келишувларга кўра, Андижон сув омбори Ўзбекистонга тегишли экани тан олинди ва омборни икки давлат биргаликда бошқарадиган бўлди. Бундан ташқари, ўзаро ер алмашиш орқали 35 та участкада 302 километрлик чегаралар чизиб олинди, яъни делимитация босқичи якунланди.

Ўзбекистон 2018 йилда Тожикистон билан чегарасини ҳам тўлиқ делимитация қилиб олган эди. Эндиликда Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарани демаркация қилиш ишлари деярли бир вақтда олиб борилади. Тез орада Ўзбекистон президенти Қирғизистонга ташриф буюриши айтиляпти.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев эса йил охиригача Тошкентга келишни режа қилган. Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистонда, Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 5 кундан 30 кунга узайтирилиши кутиляпти. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа 27 ноябр куни Қозоғистонда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, июл ойида Иссиқкўлда бўлиб ўтган маслаҳат учрашувида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномани имзолаган эди. Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари бу ҳужжатни кейинроқ имзолашини билдирган.

UzAuto Motors'нинг режалари ва МБ чорлови

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистонда ҳам Cobalt'нинг янгиланган версияси ишлаб чиқарилиши мумкин. UzAuto Motors бу борада General Motors билан музокаралар бошлаган. Жума куни компания Ўзбекистонга синов мақсадида олиб келган янги Cobalt'нинг расмлари интернетда тарқалди.

Бу янгиланган версияни ишлаб чиқариш Бразилияда 2016 йилдан бошланган. UzAuto Motors бу моделни 2019 йилдан бошлаб ишлаб чиқармоқчи бўлган, лекин ўз режасидан воз кечганди. “Биз эски моделлар ортидан қувиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаймиз. Шунга кўра, янги Сobalt ишлаб чиқариш режаси бекор қилинади”, деганди ўшанда “Ўзавтосаноат” раиси ўринбосари Азиз Шукуров.

Cobalt'нинг янгиланган версияси 2024 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилиши мумкин. 2023 йил охиридан эътиборан эса Gentra ишлаб чиқаришни тўхтатиш режа қилинган. Харидорлар Onix'дан кейинги янги моделни 2026 йилга борибгина кўришлари мумкин.

Шу ҳафта эълон қилинган маълумотларга кўра, Trailblazer сотуви тўхтатилмоқда. Компания режаларида 2023 йилдан Captiva ва Cadillac импортини бошлаш кўзда тутилган.

Монополияни тугатиш бўйича ҳозирча янгиликлар йўқ. Аксинча, ҳукумат Жаҳон савдо ташкилотига кириш автосаноатга жиддий зарба бўлишининг олдини олишга уриняпти. Ташқи савдо вазирлиги шу мақсадда ўрганиш ишларини бошлаган. Ўрганишлар якунида Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишнинг автомобилсозлик, электротехника ва бир нечта тармоқларга таъсири баҳоланади ва ЖСТга аъзолик бўйича музокараларда шунга қараб, бу соҳаларни максимал ҳимоя қилишга ҳаракат қилинади.

Бу ҳаракатлар фонида Марказий банк ҳукуматдан монополияларни қўллаб-қувватлашни бас қилишни сўраяпти. Монетар сиёсат органи эълон қилган ҳисоботда бир қарашда оддий, жуда кўп айтиб келинадиган, лекин амалга ошиши эртак бўлиб кўринадиган чоралар санаб ўтилган. Масалан, регуляторнинг таклифига кўра, бизнесга алоқадор ҳамма қарорлар ва фармонлар хатловдан ўтказилиб, улардаги рақобатга зид нормалар бекор қилиниши, имтиёзлардан тўлиқ воз кечилиши керак.

Марказий банк импортга қўйилган тўсиқларни камайтириш, импортёрлар сонини ошириш, темир йўл ва авиацияга хусусий корхоналарни жалб қилиш, монополист компаниялар белгилаётган нархларнинг шаффоф бўлишини таъминлаш, Жаҳон савдо ташкилотига тезроқ аъзо бўлиш, имтиёзли кредитлар беришни тўхтатишни сўраяпти. Қудратли лобби эгаларининг чўнтакларига бориб тақаладиган бу сўровга ҳукуматнинг жавоби қанақалигини эса амалда ҳар ҳафта кўриб турибмиз.

Бунақаси бўлмаган: Очилганига 1 кун бўлган фирмалар ҳам давлат буюртмаларини оляпти

“Онлайн маҳалла” платформасини ясаш учун нақ 755 минг доллар ажратган Маҳаллабай ишлаш агентлиги бу ҳафта ҳам яна эътибор марказида бўлди. Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси 3,4 млрд сўмлик давлат буюртмасини очилганига атиги 1 кундан 4 кунгача бўлган компанияларга берган. Яъни тендер эълон қилинганидан кейин очилган компаниялар тендер ғолиби бўлган. Агентлик ҳолат бўйича текширув бошлаганини маълум қилди.

Шунга ўхшаш ўйинлар фақат Тошкентда эмас, бутун республика бўйича рўй бераётган бўлиши мумкин. Агентликнинг Қашқадарё бошқармаси очилганига 3 кун бўлган компанияга 2,6 млрд сўмлик иссиқхоналар қуришни топширган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу тендер бўйича чиқарилган қарорларни бекор қилиб, амалдорлар жаримага тортилишини маълум қилди.

Маҳаллабай ишлаш ва камбағалликни қисқартириш агентлиги бундан бир йил олдин очилган. Агентлик ҳоким ёрдамчилари орқали ҳар хил дафтарларда турадиган ишсиз аҳолига субсидиялар тарқатиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш билан шуғулланади. Масалан, Тошкентдаги шубҳали тендерларда субсидия ҳисобидан юзлаб тикув машиналари 6 млн сўмдан сотиб олинган. Интернет фойдаланувчиларининг ёзишича, тикув машиналарининг нархи бозорда бундан анча арзонроқ туради.

Фото: Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Камбағалларга субсидия асосида, баъзида жуда қимматига олинган иш қуроллари жойларда тантанали равишда тарқатиляпти. Маълум бўлишича, Шаҳрисабздаги шундай тадбирлардан бирида қоронғи ва совуқ бўлишига қарамай, ўқувчи қизлар юқа кийимда рақс туширилган. Тадбир расмларида совқотаётган қизларнинг ёнида қалин курткадаги туман ҳокими Акром Сулаймонов турганини кўриш мумкин. Бу эса кўпчиликнинг ғазабини қўзғатди, чунки бунақа ҳолатлар биринчиси эмас. Халқ таълими вазирлиги ҳолат учун ҳудуддаги мутасаддиларни айблади. Ҳокимлик эса қизларни тадбирга жалб қилиш таклифи тўгарак раҳбари ва ота-оналардан чиққанини айтиб, ташкилотчиларга нисбатан чора кўрилганини билдирди ва ҳаммадан узр сўради. Кимга ва қанақа чора кўрилгани айтилгани йўқ.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Даулетмурат Тажимуратов / Фото: Олий суд матбуот хизмати

Нукус воқеаларининг 22 нафар иштирокчиси устидан суд бошланди. Суд мажлислари жонли трансляция қилиб бориляпти. АҚШ ва Европа Иттифоқи жараённи диққат билан кузатаётганини билдирди. Судланувчиларнинг бир қисми ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди, бир қисми айбловни қисман тан олди. Бир қатор судланувчилар асосий фигурант Даулетмурат Тажимуратовга қарши кўрсатмалар берди. Лолагул Қаллиханова ҳам унинг алдовига учганини айтиб, ўз қилмишидан пушанмонлигини таъкидлади. Тажимуратов аввалига айбини қисман тан олди, кейинги мажлисда эса инсонлар ўлимида ҳеч қандай айбдорлик ҳиссини туймаётгани, суд курсисида ўтирганларнинг айби йўқлиги, бу воқеаларга давлатнинг хатоси сабаб бўлганини айтди.

1 декабрдан ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими кутилмаганда тест режимида ишга туширилди. Яъни қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади, лекин бу 12 баллдан кейин ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилишга сабаб бўлмайди. Бунақа режим қачонгача давом этиши аниқ эмас. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу иши билан президент қарорини очиқдан очиқ бузди. Қизиғи, айрим Telegram-каналлар бу янгиликни “хушхабар” деб тарқатди, лекин бунинг ҳеч ҳам хушхабарлик жойи йўқ. Юзлаб марта қоида бузган ҳайдовчилар ҳеч нарса бўлмагандек жаримани тўлаб, яна рулга ўтириши, аниқроғи давлатнинг шунга рухсат бериб қўйгани – шармандалик. Бунинг оқибатларини шу ҳафта эълон қилинган рақамлар ҳам кўрсатиб турибди: 2022 йил 10 ойида Ўзбекистонда 7 636та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларда 7 174 киши жароҳатланган, 1 931 киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг 226 нафари – болалар.

Тошкентда Minerva City қурилишини бошлаган, лекин кейин ери олиб қўйилган ҳиндисторлик Мурари Лал Жалан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни унга ноқонуний талаб қўйишда айблади. Унинг айтишича, ҳоким ундан ё лойиҳаларидан биридан воз кечишни, ёки пули борлигининг исботи сифатида 100 млн долларни депозит сифатида банкка жойлашни талаб қилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги унинг сўзларини қатъий рад этиб, Бош прокуратурага мурожаат қилди. Бош прокуратура инвесторнинг иддаоси текширилаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид