Дабдаба: Сенат 2 кунлик саммит меҳмонларини овқатлантиришга 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган
Олий Мажлис Сенати 8-9 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитига келган меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд 56 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Кечки овқат дастурхонидаги гўштли ассорти, дудланган лосос балиғи ва пишлоқ солиқ тўловчиларга салкам 90 млн сўмга тушган.
Сенатнинг саммитга келган меҳмонларни овқатлантириш харажатлари сметасига кўра, 8 сентябр кунги тушлик ва кечки овқат учун 608 млн 120 минг сўм, 9 сентябр кунги кофе брейк ва тушлик учун 448 млн 500 минг сўм, умумий 1 млрд 56 млн 620 минг сўм маблағ сарфланган.
Сенатнинг Бинолардан фойдаланиш ва хўжалик фаолияти бошқармаси овқатлантиришни ташкил этиш учун тўғридан тўғри шартнома орқали “Sky Events” МЧЖ билан 1 056 620 000 сўмлик шартнома тузган.
Дабдабали дастурхондаги энг қиммат таом – ҳар бир порцияси 550 минг сўмдан тушган гўштли ассорти.
Қайд этиш зарур, яқинда журналист Азиза Қурбонова ўзининг Telegram-каналида Учтепа туманидаги поликлиника шифокорларининг ойлиги ҳақида расм жойлаштирган.
Шундан келиб чиқиб ҳисоблайдиган бўлсак, Сенат харид қилган 550 минг сўмлик гўштли ассортинининг пулини топиш учун Учтепа туманидаги поликлиникага 1 ставка ишга кирган ҳамшира 10 кун, кардиолог-шифокор ва болалар офталмолог-шифокори 6 кун ишлаши керак. Албатта, бу ҳали Тошкент шаҳридаги янги ишга кирган тиббиёт ходимининг ойликлари. Ҳудудлар миқёсида ёки бошқа соҳалар бўйича ҳисобланса, бу пулни топиш учун камида 15 кундан ортиқ меҳнат қилиш керак бўлади.
Сенат ахборот хизматининг Kun.uz саволига жавобан маълум қилишича, саммитни ўтказиш харажатлари бўйича қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган.
Давлат реестрига кўра, тўғридан тўғри шартнома асосида хизмат кўрсатган “Sky Events” МЧЖга 100% улуш билан Султонов Шерзод Баҳодирович эгалик қилади.
Бу МЧЖ нафақат саммитга келган меҳмонларни овқатлантириш, балки тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа хизматлар учун ҳам 1,2 млрд сўмлик ва 957 млн сўмлик шартномаларни қўлга киритган.
Sky Events шу йил баҳорда ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам асосий хизмат кўрсатувчилар қаторида бўлганди. Ўшанда 1 порция ош 130 минг сўмдан, 1 дона сомса 70 минг сўмдан, 1,5 литрли Coca Cola 32 минг сўмдан ҳисоблангани муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024