Болтиқбўйидан қувғун қилинаётган «Дождь»: бошловчи нималар деб қўйган эди?
Россияни тарк этиб, Латвиядан қўним топган «Дождь» телеканали бошловчиси Алексей Коростелевнинг эфирда Украинада жанг қилаётган россиялик аскарларга телеканал ёрдам қилиши мумкинлигини айтиши натижасида лицензиясидан маҳрум бўлди.
Телеканал юзага келган эътирозлар ортидан Алексей Коростелев билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилганини эълон қилди. Телеканал ахборот хизмати раҳбари Екатерина Котрикадзе бу борада чиқиш қилди.
Бироқ, шундан сўнг раҳбарият қарорига норози бўлиб, телеканал билан унинг икки машҳур журналисти Владимир Роменский ва Маргарита Лютова ҳам ҳамкорликни узишларини эълон қилишди. Роменский Коростелевнинг ўша дастурида шеф-продюсери бўлгани, эфирда айтилган гаплар учун у ҳам масъуллигини тушунтирган.
Лютова эса инсон «хато қилиш ҳуқуқига эга, очиқ ишдан ҳайдалишдан олдин очиқ тушунтириш бериш ҳуқуқи бор», деб ҳисоблайди.
Коростелев нималар деб қўйганди?
Ўтган пайшанба (30 ноябр) куни «Здесь и сейчас» ахборот дастури жонли эфирида Коростелев таҳририятнинг Россиядаги ҳарбий сафарбарликда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни таҳририят почтасига жўнатиш тўғрисидаги илтимосини ўқий туриб, «Умид қиламизки, жумладан биз ҳам, кўплаб ҳарбийларга фронтда элементар қулайликларга эга бўлишига ёрдам берган бўлар эдик», дея қўшимча қилган.
Жума куни кўтарилган машмашалардан сўнг бу қўшимча эфирдан кесиб ташланган, телеканал бош муҳаррири Тихон Дзядко узр сўраб чиққан. Дзядко Коростелевнинг оғзидан янграган жумла «томошабинларни чалғитиши», «телеканал РФ армиясига ёрдам бераётгани» ҳақида нотўғри таассурот уйғотишини айтган.
«Шуни таъкидлаш муҳимки, телеканал Россия армиясига фронтда ҳам ундан четда ҳам кўмак бериш билан шуғулланмаган, шуғулланмаяпти ва шуғулланмайди», — деб ёзган Дзядко ўз Телеграм-каналида.
Жума куни кечқурун можарога Алексей Коростелевнинг ўзи ҳам изоҳ берган:
«Россия армияси учун дронларга, ҳаттоки пайпоқларга ҳам пул жўнатмаганман, бундай қилишга чорламаганман ҳам. Сўзлар ажойиб кўрсатувнинг контекстидан суғуриб олинмоқда. Барча томонидан оч-наҳор ташлаб қўйилган сафарбарликдаги аскарга ачинаманми? Ҳа. Путин зўрми? Йўқ. Сувайирғич мана шу ердан ўтиши керакдек. Монологда сўз борган аскарларга ёрдам бераманми? Ёрдамим фақат улар ҳақида ҳикоя қилишим», — деган Коростелев.
Латвияга кўчган «Дождь»
Россиянинг Украинага бостириб кирганидан сўнг Россия Мудофаа вазирлигининг расмий ҳисоботларидан ўзга ва фарқланувчи уруш тўғрисидаги ҳар қандай ҳарбий ахборотлар «ҳарбий фейклар» деб аталиб, уларни тарқатиш учун жиноий жавобгарлик жорий этилгач, «Дождь» телеканали таҳририяти аввал ишини тўхтатди, сўнг Россияни тарк этди. Россияда телеканал сайти бош прокуратура талабномаси асосида блокланган. Телеканал Ригадан туриб эфирга чиқади, унинг студиялари Амстердам, Тбилиси ва Парижда ҳам бор.
Телеканал Ригада ишлаши бир неча бор Латвия назорат органлари ва мансабдорларининг норозилигига сабаб бўлди.
Жума куни Латвия электрон оммавий ахборот воситалари миллий кенгаши (NEPLP) телеканални аннексия қилинган Қрим яримороли Россия таркибида кўрсатилгани, Россия армиясини «бизнинг армия» дейилгани учун 10 минг еврога жаримага тортгани маълум бўлди.
Ташкилот бу телеканалнинг иккинчи жиддий қоидабузарлиги эканини айтган. Учта «жиддий қоидабузарлик» рўй берганида кенгаш телеканалнинг Латвияда эфирга чиқиши учун лицензияни олиб қўйишга ҳақли эканини кўрсатган.
Лицензия барибир бекор қилинди
Латвия электрон оммавий ахборот воситалари миллий кенгаши (NEPLP) барибир «Дождь» телеканали лицензиясини бекор қилишга қарор қилди. Сабаб сифатида журналистлар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар кўрсатилган.
Кенгаш раҳбари Ивар Аболиншнинг твиттерда ёзишича, бу қарорга «миллий хавфсизлик ва жамоатчилик тартибига таҳдид юзага келгани» учун келинган.
«Қоидабузарликларни жамлаб чиқиб, кенгаш «Дождь» раҳбарияти қоидабузарликларнинг муҳимлиги ва жиддийлигини англай олмаяпти, шу сабабли Латвия ҳудудида фаолият кўрсатиши мумкин эмас, деган тўхтамга келди», — дея қўшимча қилган Аболинш.
Қарор 8 декабр тунидан кучга киради, «Дождь» шу соатдан бошлаб Латвия ҳудудида телеэшиттириш олиб боришни тўхтатиши керак.
«Дождь» телеканали нафақат телевидениеда, шунингдек YouTube платформасида ҳам трансляция қилиниши эътиборидан, NEPLP Латвияда кўрсатмаслиги учун каналнинг бу платформада геоблокировка қилинишини талаб қилади, деган Аболинш. У шунингдек, телеканал бу қарор устидан судга мурожаат қилишга ҳақли эканини ҳам қўшимча қилган.
«Дождь» бош директори Наталя Синдееванинг айтишича, Латвия ҳукуматининг қароридан сўнг телеканал кабелли тармоқларда трансляция қилишдан олаётган 20 фоиз тушумидан маҳрум бўлади.
«Мен бунга тайёр эмасдим. Мен Латвия ҳокимияти бундай қилмайди деб ишонаётгандим», — деган у «Медуза»га берган интервьюсида. РБК нашрига интервьюсида эса у телеканал бошқа давлатдан лицензия олишга ҳаракат қилишини айтган.
«Кўпчилик Лёшанинг сўзларини гўёки «Дождь» Россия қуролли кучларига ёрдам бераётгандек тушунган. Бу ёлғон. Лёшанинг гаплари шунчаки хато эди. Лекин бу хато барчамиз учун қимматга тушди», — деган Синдеева.
Бу орада Латвия ДХХ ИИВга Коростелевни мамлакатга киритмасликни тавсия берган.
«Хато тасаввурларга мисол»
Латвия ҳукумати қарори Россияни тарк этишга мажбур бўлган кўплаб машҳур рус журналистлари ва активистларининг эътирозларига сабаб бўлган.
«Новая газета. Европа» нашри бош муҳаррири Кирилл Мартинов Латвия ва Европа нашрларини «Дождь» билан бирдамликка чақирган.
Аввалроқ «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти Латвиянинг электрон ОАВ миллий кенгашига «Дождь»нинг лицензиясини сақлаб қолиш борасида мурожаат қилгани маълум бўлди.
«Урушни бошлаган Путин бор. Путин ва унинг уруши ҳақида ҳақиқатни сўзловчи «Дождь» телеканали бор. «Дождь»ни лицензиядан маҳрум қилиш Путинга ёрдам беришдан бошқа нарса эмас», — деган сиёсатчи Алексей Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш.
«Дождь» тугади. Лицензиясидан маҳрум қилинди. YouTube ҳақида гапираётганлардан телеканал ходимлари қаердадир яшаши ҳам кераклигини унутишмоқда. Россия билан дўстона муносабатдаги давлатлар уларни киритмайди, чунки «Дождь» Путинга қарши, РФга нодўст давлатлар эса телеканал руслар ҳақида қайғураётгани учун қўймайди. Давлат пропагандасига бундан зўр совғани ўйлаб топиш қийин эди. Европа Украинадаги урушни молиялаштириб, Россиядан газ харид қилмоқда, энди эса Россия Федерацияси президенти администрациясига ёрдам қўлини чўзиб, мухолиф журналистларни қийнамоқда. Москвадагилар кулгидан ўзини тўхтатолмаётган бўлишса керак», — деб ёзган журналист Иля Жегулёв.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков «Дождь» билан содир бўлган воқеани Ғарбдаги сўз эркинлиги тўғрисидаги сароб дея атаган.
«Доим кимларгадир қаердадир уйдагидан яхшироқ шароит бордек, қаердадир эркинлик уйда ундай эмасдек кўринади. Бу бундай тасаввурлар сароб эканини кўрсатувчи ёрқин мисол бўлди», — деган Песков.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ҳам вазият юзасидан заҳарханда қилишга улгурди.
«Ҳеч янги нарса ўйлаб топишнинг ҳожати йўқ, ўзларининг яқиндаги баёнотларидаги «Россия» сўзларини «Латвия»га алмаштириб чиқишсин», — деган Захарова АҚШ ва Европа мулозимларидан иқтибос келтирар экан.
Путинпараст Ивар Аболинш
Бу орада ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Ивар Аболиншнинг Twitter’да битилган эски постларини топиб олишган. Латвия электрон ОАВ миллий кенгашининг амалдаги директори РФ президенти Владимир Путиннинг Қрим аннексиясига аталган нутқини «ўта ажойиб» деб мақтаган.
«Бугунги кунга қаранг. Путин ким бўлишидан қатъи назар у Россияни ушлаб турибди, бошбошдоқликдан омон сақлаяпти», — деб ёзган у бошқа твитида.
Шунингдек, «Дождь»ни лицензиясидан маҳрум қилган мулозим бир пайтлар Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига ҳам кескин қарши фикр билдиргани маълум бўлди.
Евромайдан чоғида у Европа интеграциясидан қайтган Украина президенти Виктор Януковичга Латвия пул тўлаши кераклиги, чунки Украинанинг жойи ЕИда эмаслигини таъкидлаган.
«Умуман олганда, Латвия Януковичга пул тўлаб, Украина ЕИ билан яқинлашмаслигини худодан ўтиниб сўраши керак. Биз бу ерда бир тўда русийзабон миллионлар билан нима қиламиз?» — деб ёзган Ивар Аболинш 2014 йилнинг 31 январида.
Бу орада «Дождь» телеканали эшиттиришлари Литвада ҳам тўхтатилиши эълон қилинди. Бу ҳақда Литванинг радио ва телеэшиттиришлар бўйича комиссияси қарор чиқарган, деб хабар берди Delfi.
«Дождь» телеканали лицензияси бекор қилингани билан, Латвияда Россиянинг бир неча пропаганда нашрлари ишлашда давом этмоқда. «Газпром» билан алоқадор бу нашрлар Европа мамлакатларини мудом танқид қилишади.
Латвияда Aif Европа газетаси чоп этилмоқда. Бунгача узоқ йиллар давомида ЕИда «Аргументы и факты Европа» нашри чоп этилаётганди, уруш бошлангач у номини инглизчага ўзгартириб, сонлари тартибини ноллаштирган.
1+2 International телеканали ҳам Латвия лицензиясига эга. У Россия телесериалларини ретрансляция қилади ҳамда «Газпром-Медиа»га қарашли ТВ-3 канали билан алоқадор. Икки телеканалнинг логотиплари ҳам ўхшаш.
Ригада болаларнинг Россия фуқароси Надежда Бухарова томонидан асос солинган рус тилидаги Academy KidsTV радио ва телевидение академияси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ёзда унинг ўқувчиси Беларус президенти Александр Лукашенкодан интервью олиб, можаро кўтарилган эди.
Мавзуга оид
00:33 / 09.10.2024
Латвия мудофаа харажатларини қоплаш мақсадида банклар учун солиқ жорий этади
22:05 / 05.10.2024
Швеция ўз ҳарбийларини Латвияга юборади
15:50 / 01.10.2024
Ўзбекистон ва Латвия жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кенгайтиради
01:59 / 30.09.2024