Ўзбекистон | 16:43 / 07.12.2022
11697
3 дақиқада ўқилади

Муфтий пойтахт аҳолисини газ ва электр энергиясини исроф қилмасликка чақирди

«Керак бўлмаса ҳам барча хоналар ёритиб ёки заруратсиз иситиб қўйилаётган бир пайтда қайсидир бир чекка қишлоқда қийналаётган юртдошларимиз борлигини унутмайлик. Охиратда ҳар бир неъматнинг заволи учун жавоб берарканмиз, барча нарсада исрофнинг олдини олишимиз керак», дейди муфтий Нуриддин Холиқназаров.

«Юртимизга совуқ кунлар келиб, энергия етмагани учун ўчириш ҳолатлари бор. Кўп жойларда электр энергияси етмаяпти. Аммо пойтахтимизда электр ёниб турибди, газ бор. Лекин керак бўлмаса ҳам ҳамма хонадонни ёритиб қўйиб, заруратсиз ҳолларда ҳам барча хоналар иситиб қўйилаётган бир пайтда қайсидир бир чекка қишлоқда юртдошларимиз борлигини унутмайлик. Эҳтимол, мен исроф қилмасам уларга ҳам энергия етиб борар, деган тақво билан турсак, бу Аллоҳнинг неъматига шукроналик бўларди», — дейди Мусулмонлар идораси раиси ўз мурожаатида.

Муфтийнинг айтишича, ҳукумат бу борада аҳволни яхшилашга ҳаракат қилмоқда, шу ўринда фуқаролар ҳам неъматларни исроф қилмаслиги керак.

«Бир пайтлар плитадаги газ ўчирилмаган, гугурт чақишни иқтисод қилиш учун. 24 соатлаб ёқилган ҳолда турган. Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан, деганимдек ҳозир қанча муаммо. Тўғри, ҳукуматимиз, давлатимиз раҳбари инсон қадри учун ҳаракат қиляпти. Лекин, биз ўзимиз ҳам исроф қилмасликка ҳаракат қилишимиз керак.

Биз ўзимиз вилоятда яшаб кўрганмиз, электрдаги узилишлар, газ бўлмаслигини ва сувнинг қийинчиликларини. Бугун пойтахтдаги айрим хонадонларда энергетика исроф қилинганини кўрганимизда беихтиёр ўша иссиқлик манбаига муҳтож бўлиб турганлар кўз олдимиздан ўтади. Бу исроф.

Ўзида йўқларга тежашни айтмоқчи эмасмиз, ўзида борлар тежасин, бошқаларга ҳам етиб борсин. Агар ҳаммамиз энергетикани фақат керакли жойда ишлатганимизда, бошқаларга ҳам етиб борарди», — дейди муфтий ўз мурожаатида.

Шунингдек, Нуриддин Холиқназаров юртдошларимизга қиёматда ҳар бир неъматнинг заволи учун жавоб берилишини эслатиб, исрофнинг олдини олишга чақирди.

«Умуман олганда, охиратда ҳар бир неъматнинг заволи учун жавоб берарканмиз, барча нарсада исрофнинг олдини олишимиз керак. Ана ўшанда Аллоҳ бизга зиёда қилиб беради. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Неъматларимга шукр қилсангиз, зиёда қиламан», дея марҳамат қилган».

Мавзуга оид