Кечаги ва эртанги Тошкент. Ўзбекистон пойтахтининг муаммолари ва шаҳар антропологияси ҳақида
Ўзбек медиасида шаҳарсозлик муаммолари кўтарилиши одатий ҳол бўлиб қолди. Сайтларда, блогларда Тошкентнинг урбанистик муаммолари, экологияси, жамоат транспорти ҳақида яхши таҳлилий мақолалар, суҳбатлар чиқишига ўрганиб қолдик. Аслида Ўзбекистон медиасининг охирги олти йиллик тажрибаси ўрганиб қолинган мавзуларга тегишли ташкилотлар ҳам ўрганиб қолиб, реакция билдирмай қўйишини кўрсатмоқда, шунинг учун балки бу мавзуда контент кўпайишининг ўз минуслари ҳам бордир, лекин, нима бўлганда ҳам, ўқувчи оммага урбанистика муаммолари, шаҳар муҳити, ҳаво тозалиги каби тушунча ва масалалар анча таниш бўлиб қолди.
Аммо ушбу мақолада юқорида тилга олинган муаммолар ташқаридаги, шу билан бирга шаҳарсозлик доирасидаги баъзи масалаларга тўхталмоқчиман. Тошкентда яшаш билан боғлиқ муаммо ва ноқулайликлар кўп бор танқид остига олинди, ёритилди. Ечимларга ҳали яқинлашмадик, бироқ, назаримда, масаланинг бошқа қирралари ҳам борки, уларга ҳам эътибор қаратиш керак. Хуллас, муаммоларни кўтаришга, кимнидир танқид қилиш қаратилган мақола эмас, Тошкент шаҳрининг келажаги ҳақидаги субъектив ўйлар деб қабул қиласизлар.
Давлат ташкилотларининг ҳаракатсизлиги-ю ҳокимликларнинг хатолари, ерларни сотиб юбориш, дарахтларни кесиб ташлаш каби муаммолардан ташқари, одамларнинг шаҳарга муносабати, ҳатто одам ва шаҳар муносабатлари ҳам ўрганилишга, ёритилишга муҳтож. Хориж фанида ва матбуотида бу каби масалаларга маълум даражада эътибор берилади, жумладан, антропология фани доирасида ўрганилади. Антропология шаҳарчилик билан қандай боғланишини тушуниш учун аввал бу фаннинг ўзига қисқача таъриф берайлик.
Антропология инсоннинг ташқи қиёфасинигина ўрганмайди
Шунинг учун олтинчи синф тарих дарслигининг кириш қисмида ёзилган таърифни унутинг. Бугунги кунда антропология фанининг моҳияти ва кўлами кенгайиб кетган.
Антропология одам ҳақидаги фандир. Бу фан доирасида одамнинг турли ижтимоий майдонлардаги ҳолати – бир-бири билан, давлат ташкилотлари билан, машиналар билан, табиат билан, маданият билан, дин билан, миллат билан муносабатлари ўрганилади. Унча аниқ тушунтира олмадим деб ўйлаяпман. Ҳозир бошқа томондан тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Биз постмодерн даврида яшамоқдамиз. Аниқроғи, глобал миқёсда шу давр, унинг тушунчалари ҳукмрон, алоҳида жамиятлар (шу жумладан бизнинг жамият ҳам) умумий тараққиётдан бироз орқада ёки бироз олдинда бўлиши мумкин. Модерн даврида инсоният онгида аниқ фанларнинг принциплари устунлик қилар эди; ҳар қандай масалага фан нуқтайи назаридан қараш, илмий ечим қидириш, илмий тадқиқот хулосасига қараб у ёки бу нарсани ҳақиқат деб қабул қилиш, хурофотларни кескин инкор этиш ҳукмрон эди. Постмодернда эса инсон фақатгина совуқ мантиқ эмас, ҳис-туйғуларга ҳам таяниши, ҳар бир инсон алоҳида олам экани, унинг ўзига яраша тушунча ва кечинмалари борлиги, ҳар бир инсоннинг ўз ҳақиқати борлиги эътироф этилади. Шу маънода антропология чинакамига постмодерн фанидир: у инсон ҳаёти давомида ўз ҳақиқатларини, ўз реаллигини яратишини, мутлақ реаллик йўқлигини эътироф этади; антропология “мана бу ҳақиқат, бу эса кимнингдир янглиш фикри” деган хулоса чиқармайди, у “мана бу одам шунга ишонади ва бу ишончига мана бу ҳаётий тажрибаси, ақлидаги ишонч ва қарашлари сабаб” шаклидаги хулосаларни беради.
Антропология фани, моҳиятига мос бўлгани учун бўлса керак, ўзининг ичида янги тадқиқот йўналишлари очилишига жуда эркин қарайди: инсоннинг экологияга муносабатини ўрганяпсанми, экологик антропология йўналиши доирасида ўрган; инсоннинг тилга муносабати тадқиқот объектими, демак, лингвистик антропология мавжуд; инсоннинг маданият билан муносабати эса, табиийки, маданий антропология доирасида тадқиқ қилинади.
Инсоннинг шаҳарга муносабатини ўрганадиган фан йўналиши нима деб аталишини тушундингиз деб ўйлайман.
Шаҳар антропологияси бизга керакми?
Инсон учун шаҳар нима? Шаҳарнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти қандай? Шаҳар билан инсон муносабатларида мувозанатга эришиш, шаҳарни қулай маконга айлантириш учун нималар керак? Шаҳарда яшовчи жамиятларда қандай жараёнлар юз беряпти? Уларнинг қишлоқда яшовчи жамиятлардан, бир-биридан фарқи нимада? Шаҳар антропологияси ана шундай саволларга жавоб қидиради.
Жавоблар бир қарашда аниқ туюлиши мумкин, лекин ҳар бир одамнинг қараши бошқаникидан озми, кўпми фарқ қилади. Айтайлик, ким учундир Тошкент – туғилиб ўсган ота макон, у ўзини тошкентлик ҳисоблайди; ким учундир (масалан, мен учун) Тошкент – меташаҳар. Яъни ўша кимдир Тошкентда яшайди, аммо ўзини тошкентлик ҳисобламайди (у ҳисобласа, тошкентликлар ҳисобламайди); ўзи шу ерда, лекин туғилиб ўсган шаҳрига қатнайди (қариндошларни кўриб келиш, болалиги ўтган уйда бўлиш учун), ота шаҳридаги ижтимоий ришталарни (дўстлар, қўни-қўшни, қариндошлар билан алоқаларни) сақлайди, уларга Тошкентдаги ришталардан кўра муҳимроқ деб қарайди – Тошкентда қўшниларини яхши танимайди, тўйларига бормайди, бироқ ота шаҳрида синфдошининг тўйи бўлса, уч кун олдин етиб боради. Бир сўз билан айтганда, Тошкентга пул, комфорт ва обрў келтирадиган макон сифатида қарайди. Яна кимдир эса кўчиб келиб, ўрнашиб, мослашиб кетиши мумкин. Унинг ҳаётий тажрибаси ва ёндашуви яна бошқача бўлади.
Кўриб турганингиздек, одамлар яшаб турган шаҳарларига жуда бошқача ёндашиши мумкин. Бу уларнинг шаҳардаги ҳаётида ҳам акс этади, масалан, бир умрга кўчиб келган одам уй-жой қилишга интилади, бошқа ерга кўчиб/қайтиб кетаман деган одам эса уйга пул ва вақт сарфламайди.
Хуллас, шаҳар одамда ўзига хос ўзлик шакллантиради. Ўзлик, биз ўйлагандай, фақат миллат туйғусидан иборат эмас; ўзлик кўп қатламли тушунчадир. Фалонча миллатга, динга мансубман десангиз, бу ўзлигингизнинг икки қатламидир; тошкентликман, самарқандликман, десангиз, бу ўзлигингизнинг навбатдаги қатлами; ўзингизни эркак, ўқитувчи, пиёда ва ҳ.к. деб ҳисоблашингиз ҳам ўзликнинг қатламларидир.
“Гапни чўзвординг, мақсадга кўч” дегувчилардан яна бироз сабр сўрайман. Шаҳар антропологияси, шаҳар ўзлиги каби тушунчалар бизга қандай фойда келтиришини, шаҳар муҳитини ташкил этишда, одамларга қулайлик яратишда қандай асқатишини тушуниш учун бир хаёлий эксперимент ўтказсак.
Хаёлий эксперимент
Тасаввур қилинг, сиз бир катта шаҳарнинг энг чеккасида яшайсиз. А шаҳар дейлик. Уйингиздан марказгача масофа 14 километр. А шаҳар кичикроқ Б шаҳар билан қўшни, сиз ўша шаҳарнинг чегарасига яқин ҳудудда турасиз. Уйингиздан Б шаҳар марказигача 2 километр.
Энди бу ҳолат 1) ҳаётингизга; 2) ўзлигингизга қандай таъсир кўрсатишини ўйлаб кўринг. Савдо-сотиқ учун (айниқса майда-чуйда бўлса), шубҳасиз, Б шаҳар марказига борасиз; сифатлироқ маҳсулот ёки хизмат керак бўлса, эринмай А шаҳар марказига борасиз; иш масаласида ҳам яқинроқ жой қидирсангиз ажаб эмас. Аммо “қаерликсан” деб сўрашганида “А шаҳарликман” деб жавоб берасиз.
Бу хаёлий экспериментдан хулоса – шаҳарнинг маъмурий чегаралари билан сиз учун қулай шаҳарнинг чегаралари мос келмайди. Шаҳар антропологияси ва урбанистика мана шу ерда тўқнаш келади. Яъни шаҳарни қуришда, режалаштиришда одамларга қулай чегаралардан келиб чиқиш керак, бу чегаралар эса одамларнинг кундалик ҳаётидан, эҳтиёжларидан шаклланади.
Маъмурий чегаралар ва эҳтиёж чегаралари
Бир амаллаб масаланинг моҳиятига етиб келдик. Демак, шаҳар антропологиясини ўрганиш, одам шаҳарни қандай тушуниши, қабул қилишини, шаҳарликларнинг шаҳарга муносабати ўрганиш амалий аҳамиятга ҳам эга – бу билимлар негизида шаҳарнинг чегараларини белгилаш, шаҳар муҳитини яратиш мумкин.
Бугунги урбанистикада “шаҳарлар одам учун” принципи устувор. Қўпол қилиб тушунтирганда, “поликлиника мана бу ерда, амаллаб етиб кел” дейилмайди, “балки мана шу ерга поликлиника қурсак, ҳаммага қулай бўлади” деган мантиқдан келиб чиқиб бинолар режалаштирилади.
Бундан ташқари, шаҳар инсонга асосий эҳтиёжларидан бири бўлмиш эркинликни тақдим этиши керак; шаҳарда севимли машғулотинг билан шуғулланишга, ижодкорлигингни намоён этишга имконият бўлиши керак. Спортга қизиқасанми? Яқинингда бепул спорт майдонлари бўлиши керак. Китоб ўқийсанми? Жамоат кутубхоналари талаб этилади. Санъатга қизиқасанми? Шаҳрингда санъат музейлари, галереялари, концерт саройлари, ўз суратларингни ёки мусиқий истеъдодингни намоён этадиган эркин майдонлар бўлиши лозим. Шаҳар қиёфасини шакллантиришда истиқоматчиларнинг ижодига мурожаат этиш ҳам кенг тарқалган ҳолдир – бунинг учун деворларга граффити чизишга рухсат берилади, одамлар тўпланиб боғ яратиши учун жой ажратилади, оддий аҳолининг инсталляциялари боғларга жойлаштирилади ва ҳ.к.
Хуллас, антропологлар шаҳарликларни ўрганади, улар тақдим этган билимлар асосида урбанистлар шаҳарларни лойиҳалайди, ўзгартиради.
Мана шу ҳамкорлик негизида олиб борилган ишлар натижасида охирги йилларда Европа шаҳарсозлигида кўп яхши натижаларга эришилди. Европада одамларга қулай, ишлашга, дам олишга, яшашга шароит бор шаҳарлар яратиш авж олган – бу қитъадаги шаҳарларда бирин-кетин боғ-роғлар, машинасиз йўллар вужудга келяпти, жамоат транспорти ривожланяпти.
Афсуски, бу тажрибани доим ҳам шундай олиб, Ўзбекистонга жорий этиб бўлмайди. Кўп ҳолларда ўз фаровонлигимизни ўзимиз мустақил яратишимизга тўғри келади. Айниқса Тошкентга келсак, бу шаҳарни ўргатиш ва ўзгартириш осон бўлмайди. Бунинг асосий сабабларидан бири унинг катталигидир.
Кичик шаҳарлардаги фаровонлик
Шу йили Европанинг икки давлати – Белгия ва Германияда бўлдим. Борган шаҳарларим жуда обод, чиройли, қулай эди. Тошкентда қачондан буён қила олмаётган ишимни ўша ерда қилдим – бир неча кун соатлаб пиёда юрдим. Бир нуқтадан бошқа нуқтага пиёда (ёки машинасиз) етиб бориш анча осон: шаҳар марказлари пиёдаларга мўлжалланган, машина кам ёки мутлақо йўқ, йўллар квадрат шаклида эмас, аралаш бўлгани учун масофани қисқартириб, кесиб ўтиш осон, қолаверса, жамоат транспорти жуда яхши ишлайди. Бир шаҳардан бошқасига бораман десангиз, турли тезлик ва сифатдаги поездлар ҳар 20 дақиқада қатнайди, Кёлндан Боннга, Брюсселдан Брюггега етволиш жуда осон ва арзон.
Очиғи, ҳавасим келди, Тошкентда ҳам шундай муҳит вужудга келишини жуда хоҳладим. Лекин кейинроқ, замонавий урбанистика бўйича китоб ва мақолалар билан танишиб, бу йўлда жиддий қийинчиликлар борлигини тушундим: Тошкент – жуда катта шаҳар, унда битта марказ яратиб бўлмайди, чеккалар жуда узоқ бўлиб қолади. Хаёлий экспериментимиздаги вазият юзага келади. Мен юқорида тилга олган шаҳарларда кам одам яшайди (200-300 минг атрофида), ҳудуди ҳам шунга яраша. Йирик шаҳарларни янги урбанистика қоидаларига мослаштириш эса бошқа давлатларда ҳам муаммолар келтириб чиқармоқда: Нью-Йорк, Сингапур, Ҳонгконг ҳали ҳам улкан, ноқулай, сершовқин, доимо тирбанд мегаполислардир; Дубайда, Москвада йўллар улканлигидан машинангизни истаган жойда тўхтата олмайсиз, айни пайтда машинасиз бир ерга етиб бора олмайсиз; Истанбулнинг маркази анча яхшилангани билан, чеккалари ҳалигача жуда узоқ, тирбанд, ноқулай. Тошкентга ибрат бўладиган йирик шаҳарни топиш жуда қийин. Замонавий Европа урбанистикасининг отаси, даниялик меъмор Ян Гейл (эсингизда бўлса, у Тошкентга таклиф этилган ҳам эди) ўзининг “Одамлар учун шаҳарлар” номли китобида соғлом шаҳар муҳитини яратиш бўйича тавсиялар беради; ўқиш чоғида бир хаёл беихтиёр ақлингга келади – бу тавсиялар йирик шаҳарларда ишламайди ёки унинг бир қисминигина қамраб олади.
Бу муаммоларнинг ечимини, саволларга жавобларни билмайман. Жавобларини билмайдиганим саволларни кўтаришимдан мақсад эса ўқувчиларнинг ва, агар улар орасида бўлса, мутахассисларнинг диққатини уларга қаратишдир. Бошқаларда ҳам шундай саволлар туғиладими, уларга ечимлар борми, бўлмаса, ишлаб чиқиладими? Мана шулар мени қизиқтиради. Тошкентнинг келажаги қанақа бўлишини тасаввур қиламан, бу тасаввурларим бошқаларнинг тасаввурларига қай даражада уйғунлигини ўйлайман. Битта шаҳарда яшовчилар ўз шаҳрининг келажакдаги қиёфасини ҳар хил тасаввур қилиши мумкин, шундай эмасми? Уларнинг барчасини бирлаштириш, барчага маъқул қиёфа яратиш имкони борми?
Катта шаҳарлар қандай ўзгармоқда?
Гапни узоқдан бошлаб, шунча савол бериб, кўтарилган муаммога ўз қарашимни баён этмай кетсам, ўқувчиларим мендан норози бўлса керак. Юқоридаги масалаларнинг жавобини мутахассислар изланишлар қилиб топиши ва ҳаётга жорий этишлари керак деб ҳисоблайман, аммо бу жараён қандай бориши ҳақида тасаввур берадиган китоблар, мақолалар бор. Кўпгина хорижий давлатларда (айниқса ривожланганларида) йирик шаҳарларни соғломлаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда (баъзи ерларда муваффақиятли, баъзиларида муваффақиятсиз); тадқиқотчилар ва экспертлар бу ҳақда ёзган китоблар бизга қизиқ маълумотлар беради.
Масалан, Роб Роггема муҳаррирлигидаги Nature Driven Urbanism китобида Австралия тажрибаси билан танишамиз. Баён этилишича, бу мамлакат урбанистлари шаҳар муҳитини соғломлаштиришда биринчи галда табиат устуворлигига суяниб келмоқда. Унга кўра, шаҳар ичидаги маҳалла-кварталларнинг чегаралари табиий чегараларга мос бўлиши, дарахтзорлар йўқ қилинишига, сув оқимлари ўзгаришига йўл қўймаслиги керак.
Дубай, Нью-Йорк, Сингапур сингари гавжум шаҳарлар тажрибасига қарасак, Ян Гейл мактаби белгилаб берган қоидаларни (паст бинолар, пиёда кўчалар ва ҳ.к.) жорий этиш жуда катта ўзгаришларни талаб қилишини, бу деярли имконсизлигини инобатга олган ҳолда, асосий эътибор дарахтзор ва боғ-роғларни кўпайтиришга қаратилмоқда, шаҳардаги тирбандликларни эса жамоат транспортини ривожлантириш ҳисобига компенсация қилишига уринилмоқда.
Тошкент ҳозирча Нью-Йоркдай улканлашиб кетгани йўқ, лекин Брюггедай осон ислоҳ этилмайди. Унинг ҳозирги ҳолатига, назаримда, Ким Довининг Urban Design Thinking китобида баён қилинган концепция мос келади.
Унга кўра, йирик шаҳарларни соғломлаштириш, қулайлаштиришнинг бир қанча йўллари бор:
- шаҳар эркин қўйилиши лозим, яъни одамларнинг ўзи ўзига муҳит яратишишга қўйиб бериб, жараённи кузатиш, бирмунча назорат қилиш керак;
- шаҳар драма маконига айланиши лозим, яъни кўчаларда ҳис-туйғу, ижодкорлик руҳи бўлиши, қувончли юзлар кўпайиши, ресторан ва боғларда одамлар эркин кулиб, ҳазиллашиб юришига эришиш керак; доимо тунд қиёфалар кўплиги шаҳарнинг умумий руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади;
- шаҳарнинг хотираси бўлиши лозим, яъни ҳар қадамда ҳар бир кўчанинг тарихини акс эттирадиган ёзувлар, ҳайкаллар, бошқа атрибутлар бўлиши керак. Бизда тарихий мерос, тарих деганда масжид-мадрасалар, катта-катта тарихий бинолар тушунилади, лекин шаҳарнинг тарихи унда вужудга келган ҳикояларда, рўй берган кичик маиший воқеаларда акс этади. Тошкентдаги фалонча уйни ким қурган? Фалонча кўчада қандай ҳангома рўй берган? Тошкентлик энг машҳур ошпаз ким эди? Тошкентликлар қайси бир кичик дўкончадан гумма ейишни маъқул кўрар эди? Тошкент ўтмишининг бу саҳифалари мутлақо ёритилмаган ва шаҳар кўчаларида акс этмаган, бунга кўп масъул давлат ходимлари ва зиёлилар жиддий бўлмаган, бефойда машғулот деб қараса, ажабланмайман. Аммо шаҳар хотираси мана шунақа кичик қисмлардан иборат бўлади, улар шаҳарни ўзига хос руҳиятга тўлдиради, ўтмиш билан боғлайди.
Бундан ташқари, Истанбулда бўлганимда баъзи муваффақиятли урбанистик ечимлар жорий этилганига, улар Тошкентда ҳам ишлаши мумкинлигига эътибор бераман. Мен эътибор қаратган жиҳатлар:
- шаҳарнинг маркази пиёда юришга жуда қулай бўлиши, жамоат транспорти зўр ишлаши керак. Истанбулда Фотиҳдан бошланиб, Бейўғлида тугайдиган ўзига хос марказ бор, бу марказнинг у бошидан бу бошигача бир соат пиёда юриб борса бўлади. Бир соат юришнинг ўзи бўлмайди албатта, аммо бу йўлда томоша қиладиган, дам оладиган, завқланадиган жой, объект, машғулот шунчалик кўпки, вақт қандай ўтганини билмайсиз; чарчасангиз, ҳар қадамда ўтириб дам олиш учун скамейка, стул ва бошқа турдаги кўча мебели топилади. Назаримда, Тошкентга ана шундай қувноқ ва қизиқарли марказ етишмайди;
- Истанбулда кичик марказлар жуда кўп. Тошкентнинг катталигини инобатга олсак, унинг маълум ҳудудида яшайдиган аҳолига хизмат қиладиган ана шундай кичик марказлар жуда зарур: ҳар бир туманда камида биттадан марказ бўлиши, у ерда ҳордиқ чиқариш, шоппинг уюштириш, дўстлар билан учрашиш, шунчаки тоза ҳавода кезиш имконияти бўлиши лозим. Қолаверса, давлат идоралари, зарур муассасалар шу марказ атрофида жойлашиши, истаган одам уларга пиёда етиб бора олишини таъминлаш зарур.
Хаёлий экспериментимиз эсингиздами? Шаҳар марказидан узоқда яшайдиган шаҳарликларда ана шундай мураккабликлар вужудга келмаслиги учун маҳаллаларнинг жойлашувига қараб барчага бирдай қулай кичик марказлар яратиш мумкин. Сўнг ана шу марказларда ҳаёт қайнайди, аҳоли ўзини том маънода яшаб турган шаҳрининг бир қисми деб ҳис қилади, барча эҳтиёжларини уйининг яқинида қондира олади.
Эртанги Тошкент қандай бўлади?
Эътибор берган бўлсангиз, сарлавҳада кечаги ва эртанги Тошкентни тилга олдим. Бунинг сабаби – бугунги Тошкент тўлақонли тарих бўлаги сифатида шаклланмади назаримда. Кечаги Тошкент ҳақида кўп нарса биламиз – бу шаҳарнинг тарихида, эски биноларида, маҳаллаларида сақланиб қолган руҳиятда акс этади. Эртанги Тошкент ҳақида, юқорида айтганимдек, ҳар ким ўзига яраша тасаввурга эга. Бундай тасаввурларни баъзида давлат идоралари визуаллаштириб, анимациялар шаклида тақдим этиб туради. Баъзида эса ўзимиз, хаёлимизда гавдалантирамиз.
Ҳозир биз яшаб турган Тошкент эса ўтмиш ва келажак ўртасида аросатда қолиб кетгандек; кечагидан ҳам, эртангидан ҳам фарқ қиладиган ўзига хос қиёфа, ўзига хос руҳият шаклланмаган. Тошкентни яхши кўришни ҳам, ёмон кўришни ҳам билмайсан: бир қарашда замонавий шаҳар, бир қарашда ҳар қадами ноқулайлик, чекловлар. Бугунги Тошкент менда қандайдир ўзига хос бинолар, воқеалар, руҳият билан ассоциация уйғотмайди. У кўпларга, хусусан, четдан келувчи меҳмонларга, туристларга, вилоятлардан кўчиб келаётган фуқароларга ҳам туссиз макон бўлиб туюлмоқда деб қўрқаман.
Бу тузоқдан чиқиб кетиш, Тошкентнинг ўз қиёфасини шакллантириш, одамларнинг эҳтиёжларига мос шаҳар яратиш учун, назаримда, юқоридаги саволларга жавоб топиш, шаҳар антропологияси ва урбанистика тақдим этадиган билимларга, ечимларга мурожаат этишимиз керак. Замонавий илмий ютуқларни, аҳолининг хоҳиш-иродасини инобатга олмай, тор доирадаги масъул шахсларнинг субъектив қараши асосида амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар яхши оқибатларга олиб келмайди – шаҳар баттар ноқулайлашади, экологияси ёмонлашади, кенгайиши ҳисобидан бир нуқтадан бошқасига етиб бориш янада қийинлашади, зерикарли ва туссиз бўлиб бораверади. Одамларга осмонўпар бинолар, ваҳимали шосселар эмас, сўз билан тушунтириш, илмий терминларда таърифлаш қийин бўлган ички хотиржамлик бағишлайдиган руҳият, атмосфера керак. Шаҳарда бемалол яшашга, ишлашга, пул топиб, уни самарали сарфлашга, ҳордиқ чиқаришга, сифатли таълим олишга, сифатли тиббиёт хизматларига эга бўлишга имкониятлар яратилса, одамлар бахтлироқ бўлади, сифатлироқ ҳаёт кечиради, қарабсизки, шаҳарга, кенгроқ миқёсда эса мамлакатга ҳам кўпроқ манфаат келтиради. Соғлом шаҳар муҳити ана шу учун керак.
Элдор Асанов
Мавзуга оид
20:45 / 09.10.2024
Тошкент шаҳри Бош режага кўра 3 та зонага ажратилади
18:30 / 07.10.2024
Қурилиш соҳасида аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳақида маълумот берилди
18:39 / 30.08.2024
Тадбиркор товарларининг Ўзбекистонда эркин ҳаракатланишига доир ҳуқуқи таъминланади
11:43 / 24.08.2024