Кремлда Ўзбекистоннинг «уч томонлама ҳамкорлик»дан воз кечгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди
Дмитрий Песков алоҳида тижорий шартномалар тузилган учтомонлама ҳамкорлик таклифи газни сиёсий шартларга алмаштиришни назарда тутмаслигини айтди.
Кремлда Тошкентнинг Москва ва Остона билан уч томонлама ҳамкорликдан воз кечгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди.
«Алоҳида тижорий шартномалар тузилган учтомонлама ҳамкорлик таклифи газни сиёсий шартларга алмаштиришни назарда тутмайди, гап тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш ҳақида кетмоқда», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
«Ҳар бир томон фақат тижорат шартларига эътибор қаратган ҳолда ўз энергия ресурсларини сотмоқда ва сотишда давом этади. [...] Лекин давлатлар ҳам ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан манфаатдор. [...] Ҳеч ким сиёсий талаблар эвазига газ бериш ҳақида гапирмаяпти», деди у.
Песковнинг айтишича, Reuters агентлиги сўзларни нотўғри талқин қилиб, нотўғри маълумот берган.
«Reuters нотўғри маълумот берди ва сўзларни нотўғри талқин қилди. Биз нима дейилганини биламиз. Ҳеч ким сиёсий шартлар эвазига газ ҳақида гапирмаяпти. Ушбу ҳамкорликни ташкил этиш ғояси контекстида бундай гап айтилмади», деди Песков.
Унинг сўзларига кўра, «мамлакатлар буларнинг барчасини мувофиқлаштиришдан, ҳам рентабелликни, ҳам бир-бири учун фойдани оширишдан ва ҳоказолардан манфаатдор».
«Алоҳида тижорий шартномалар тузилган учтомонлама ҳамкорлик» режалари ҳақида биринчи марта Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувдан кейин айтган эди.
Унинг таъкидлашича, бу ташаббус Россия президенти томонидан чиққан. «Бугун Владимир Владимирович ўзига хос уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклигини айтди. У шу мавзуда Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи. Биз ҳам бу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак», деган эди Тўқаев.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Уч томонлама газ иттифоқи» ҳақидаги саволга жавобан, музокаралар «Иттифоқ эмас, импорт шартномаси орқали» газ олиш ҳақида эканини айтди.
«Маълум ҳажмда импорт қилишга ҳам эҳтиёж туғиляпти. Шу эҳтиёжни қондириш, масалани ечиш мақсадида ҳозирги кунда биз аллақандай алянс, иттифоқ эмас, қўшни давлатлардан ўз эҳтиёжимиз учун зарур бўлган табиий газ ва электр энергиясини импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти», деди Мирзамаҳмудов.
Мавзуга оид
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
11:08 / 10.12.2024
2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди
21:25 / 09.12.2024
Ўзбекистонда метан заправкалар фаолиятига чекловлар киритилади
21:19 / 09.12.2024