Жамият | 21:20 / 09.12.2022
65039
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун сохта сертификатлар тайёрлаган фуқарога суд ҳукми ўқилди

9 декабр куни Янгиҳаёт туманида жойлашган Тошкент имтиҳон марказида жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда 5 нафар фуқарога миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қалбаки сертификат тайёрлаб берган шахсга нисбатан жиноий иш кўриб чиқилди.

Судланувчи шу йил 30 август куни 5 нафар шахсга назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширгани ҳақида қалбаки сертификатларни “Autodriver Study” МЧЖ номидан тайёрлаб берган.

У, шунингдек, ҳар бир номзоднинг шахсий имтиҳон варақасига имтиҳонларни ижобий топширгани ҳақида муҳр босиб берган.

Аммо “Autodriver Study” МЧЖнинг 13 октябрдаги 324-сонли маълумотномасига кўра, 5 нафар шахсга айнан шу МЧЖ томонидан ҳеч қандай сертификат топширилмагани аниқланган.

Айбланувчи бу ишларни пул эвазига эмас, шунчаки ёрдам мақсадида бажарганини айтди.

"Менга 5 нафар ўқувчи мана шу сертификат учун ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Ҳужжатларини ташлаб кетишди. Кейин ўзимнинг ноутбукимда сертификатни чиқаришга ҳаракат қилган эдим, кейин шу сертификатларни уларнинг қўлига бердим. Мақсад фақат ёрдам бериш эди, улардан пул-мул сўрамаган ҳам эдим.

Улар ёшлигидан автомобил ҳайдаб юргани учун ишонч ҳосил қилиб, 100 фоиз ҳайдашни билади деб, тайёрлаб берган эдим. Қилган ишимдан афсусдаман", – деди айбланувчи.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, имтиҳон топшириб, йиқилган 5 нафар шахс сертификатлар сохталигидан бехабар бўлган.

“Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш мақсадида ўқишга бориб, ўқидик. Дарслар тугаганидан сўнг, имтиҳондан ўта олмадик. Кейин ўқитувчимизнинг олдига бориб, бўлган воқеани тушунтириб, "права"ни қандай оламиз деб сўраганимизда, ёрдам қилиб, сертификат тайёрлаб беришди.

Ўқитувчимиз таниш, яқин одам эди. Пул бериш ёки бошқа нарса бериш деган нарса бўлгани йўқ.

Мен қалбаки сертификат қилиб беришни таклиф қилмаганман, имтиҳондан ўтишга ёрдам сўраганман, бўлди.

Ҳужжатларимни ташлаб кетишимни сўрашди, қайтиб чақиришган вақтда сертификатларни бериб юборишган”, – дейди у.

Сертификатлар қалбакилиги гувоҳнома олиш учун Миробод тумани, Файзиобод маҳалласида жойлашган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимларига тақдим қилинганида аниқланган.

Тўпланган далиллар, гувоҳлар кўрсатмаси ҳамда айбланувчи иқрорига асосан суд ҳукми ўқилди.

Унга кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми "б" бандида (қалбакилаштириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил-у 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчи Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида тайинланган жазога олдинги суд ҳукмининг жазосини қисман қўшиш билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси 3 йил этиб белгиланди.

Мавзуга оид