Ўзбекистон | 09:24 / 11.12.2022
16313
2 дақиқада ўқилади

Термизда электр қармоқ билан балиқ овлаган шахслар жаримага тортилди

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Сурхондарё вилояти Термиз туманида 2 фуқаро балиқларни ноқонуний тарзда овлаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.

Бошқарма назоратчилари ҳамкор органлар ходимлари билан Термиз туманидаги «Нурафшон» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Учқизил» каналидан Жарқўрғон туманида яшовчи Т.Т ҳамда А.О.ни тақиқланган усуллар ва тақиқланган ов қуроллари (электр қармоқ) билан балиқ овлаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олган.

Бошқарма ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, ҳуқуқбузарлардан шу ернинг ўзида бир дона резина қайиқ, бир дона аккумулятор, қўлбола электр қармоқ ва овланган балиқлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Айни пайтда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 35- ва 53-моддалари талабини бузган ҳуқуқбузарларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун 45 миллион 180 минг сўм жарима чораси қўлланди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Термиз тумани судида кўриб чиқилади.

Мавзуга оид