Жаҳон | 13:37 / 12.12.2022
7447
2 дақиқада ўқилади

Словакия Украина учун Германия қуролларини таъмирлайди

Словакиянинг Украина билан чегарасида Россияга қарши жанговар ҳаракатлар пайтида шикастланган ҳарбий техникани таъмирлаш маркази иш бошлади, деб хабар берди dpa агентлигига Германия Мудофаа вазирлиги вакили. 

Фото: Bundeswehr

Хусусан, зарурат туғилганда бу ерда Германиянинг PzH 2000 гаубицалари қайта тикланади. Марказ Михаловца шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, Германия ва Словакия ўртасидаги ҳукуматлараро келишувга мувофиқ ташкил этилган. Таъмирлаш ишларини Германиянинг Krauss-Maffei Wegmann мудофаа компанияси ташкил қилади.

"Биз учун бу Украина қўшинларини қўллаб-қувватлашга қўшилган жуда муҳим ҳиссадир. Шу тариқа, биз узатган ва муваффақиятли қўлланган қуроллар имкон қадар узоқ вақт давомида иш ҳолатида бўлишини таъминлашга ёрдам бера оламиз. Бундан ташқари, бу Германия ва Словакия ўртасидаги яхши ҳамкорлик намунаси", - деди Германия бригада генерали Кристиан Фройдинг.

Бундан олдин АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали амалдори биринчи марта унинг мамлакати Германияни Украинани замонавий танклар билан таъминлашга тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этганди. 

АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман 9 декабрь, жума куни Берлинда АҚШнинг Украинага Германиянинг Leopard 2 танклари ҳамда Patriot ҳаво мудофааси ва зенит-ракета тизимларини етказиб беришга эътирози йўқлигини, Киев уларни қатъийлик билан талаб қилаётганини айтди. Бу ҳақда dpa агентлиги хабар бермоқда.

«Иккала ҳолатда ҳам бизнинг позициямиз ўзгармайди: Германия нима қилиши кераклиги Германиянинг ўзи томонидан ҳал қилинади», деди Шерман. Унинг қўшимча қилишича, Берлин «Германиянинг ўзи учун тўғри қарор» қабул қилади.

Германия канцлери Олаф Шольц бир неча бор Германия Ғарбда ишлаб чиқарилган танкларни Украинага битта ўзи етказиб беришни истамаслигини таъкидлаган, шунинг учун баъзи таҳлилчилар НАТОнинг бундай етказиб беришни қабул қилиб бўлмаслиги борасида бирлашган қарори мавжуд, деган фикрда эди. Шу пайтгача НАТО давлатлари Украинага фақат совет иттифоқида ишлаб чиқарилган танкларни етказиб берган.  

Мавзуга оид