Ўзбекистон | 14:16 / 14.12.2022
6787
4 дақиқада ўқилади

“Географиямизни кенгайтириш устида ишлаяпмиз” — вазирлик мулозими миграция йўналиши Россия билан чекланиб қолаётгани ҳақида

Кеча, 13 декабр куни АОКА мажлислар залида фуқароларни хорижий давлатларга ишга жалб қилиш ва хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Зоҳид Асқаров

Тадбирда Kun.uz мухбири томонидан Ўзбекистон фуқароларининг миграция йўналиши фақат Россия бўлиб қолаётгани, бу стратегик томондан ҳам давлатни хавфга қўяётгани борасида савол билан мурожаат қилинди. Саволга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаров жавоб берди.

Унга кўра, ҳукумат бу масалани тушунади ва ҳозирда миграция географиясини кенгайтириш устида ишланмоқда.

“Бизда бу бўйича махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шу йил 22-23 ноябр кунлари ўтказилган халқаро меҳнат миграцияси форумининг асосий мақсади ҳам меҳнат географиясини кенгайтиришдан иборат эди. Чунки бугунги кунда 1 миллион 500 мингдан ортиқ фуқароларимиз Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини олиб боряпти. Лекин буни кенгайтириш бир ёки икки кунда бўладиган иш эмас. Чунки Россиядаги фуқаролар асосан қурилиш соҳасида ёки юқори малака талаб қилинмайдиган соҳаларда ишламоқда.

Биз ҳозир бу борада кўплаб давлатлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Сафарларга бориляпти. Лекин ҳамма жойда махсус малака талаб қилинади. Бу стратегик масала бўлгани учун ҳам фуқароларни хорижга кетишидан олдин тилга ва касбга ўқитиш йўлга қўйилган. Бу шу йўлдаги ишларнинг бир босқичи. Хорижга кетаётганларда ҳеч бўлмаса, қайта малака бўлиши керак.

Биз барча келишувларимизда махсус малака бўлмаганда, қайта тайёрлов бўйича сертификат тан олинишига эришишга ҳаракат қиляпмиз.

Бизда бир йил аввал фуқаролар Англия, Германия ёки Европанинг бошқа давлатларига ишга юборилмаган. Ҳозир бу давлатларда ҳам ишга борган фуқаролар 10 ой давомида тилга ўқитиляпти. Шундан кейингина ишга олиняпти. Фақат мавсумий ишларда тил кўникмаси талаб қилинмайди. Ёки Япония ва Жанубий Кореяда ҳам тил кўникмаси талаб қилинади. Шунинг учун ҳам биз Мономарказларимизда тил ва касбга ўқитиш курсларини ташкил қилганмиз.

Биз бугунгача ҳа Россия бор-ку, дея чегараланиб қолганмиз. Лекин ҳозир секин-секин бошқа давлатларга ҳам йўллар очяпмиз. Болгария, Руминия... Хусусий бандлик агентликлари ҳам тўхтаб тургани йўқ. Улар ҳам излаяпти.

Авваллари Европа давлатларига оддий шенген виза олиш ҳам мураккаб эди. Ҳозир уларга талаб ошгани учун туризмга ҳам йўл очиляпти. Ишчи визалар ҳам берилишни бошлади”, – деди у.

Аммо вазирлик мулозимига кўра, бу борада муаммо бўлаётган қатор масалалар ҳам бор. Масалан, ишга юборилган фуқароларнинг ўз иш жойини ташлаб ноқонуний ишлар учун чиқиб кетиши хорижий давлатлар билан иш олиб боришни қийинлаштирмоқда.

“Фақат келгусида бизникилар бориб, ўзига берилган мажбуриятларини бажариши керак. Чунки эртага улар нолегал ҳолатга чиқиб кетса, яъни меҳнат шартномасини бузиб чиқиб кетса, келгусида борадиган бошқа фуқароларимизга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади. Аввалроқ Жанубий Кореяга биринчи бор йўналиш очган эдик. Лекин биз юборган 420 нафар фуқародан 307 нафари иш жойини ташлаб қочиб кетгани учун тўхтатиб қўйилган. Бу бўйича матбуот анжумани ҳам ўтказганмиз. Яъни бизнинг фуқаролар ҳам ўз мажбуриятларини бажариб, айтилган жойда ишлаб, ўз салоҳиятини кўрсатса, бу география кундан кунга кенгайиб боради”, – деди Зоҳид Асқаров.

Мавзуга оид