Жаҳон | 07:04 / 14.12.2022
6292
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Босния ва Ҳерцеговинага номзод мақомини беришга рози бўлди

Босния ва Герцеговинага Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини бериш бўйича расмий қарор 15 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда қабул қилиниши керак.

Фото: AFP

Европа Иттифоқининг Европа ишлари бўйича вазирлари Брюсселдаги йиғилишда Босния ва Ҳерцеговинага (БҲ) ҳамжамият аъзолигига номзод мақомини беришни тавсия қилди. Бу ҳақда 13 декабрь, сешанба куни дипломатик доиралардаги манбаларга таяниб, AFP ва Reuters агентликлари хабар берди.

Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари 15 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда Босния ва Ҳерцоговинага бундай мақом бериш бўйича расмий қарор қабул қилишлари кутилмоқда.

Мамлакати ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Чехиянинг Европа ишлари бўйича вазири Микулаш Бекнинг айтишича, аъзо давлатлар «Европа Иттифоқини кенгайтиришга содиқликлари ҳақида кучли сигнал юборишади».

Босния ва Ҳерцеговина 2016 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган, бироқ 2022 йилнинг октябридагина Европа комиссияси (ЕК) Европа Иттифоқи кенгашига мамлакатга номзод мақомини беришни тавсия қилган эди. Ўшанда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел айтганидек, бу қарор мамлакатда туб ислоҳотлар ўтказилишига умид билан боғлиқ.

«Босния ва Ҳерцеговина сўнгги ойларда катта ислоҳотларни амалга оширди», деди Германия ташқи ишлар вазири қошидаги Европа ишлари бўйича давлат вазири Анна Люрман Европа Иттифоқи давлатларининг Европа ишлари бўйича вазирлари қарорини шарҳлар экан.

Июнь ойида Украина ва Молдова тезлаштирилган аъзолик учун ариза бериб, ЕИ аъзолигига номзод сифатида тан олинган эди. Грузия ҳам худди шундай ариза юборган, бироқ унга фақат «Европа истиқболи» мақоми берилган. Еврокомиссия Тбилисига Европа интеграцияси йўлида кейинги тараққиёт учун 12 мезондан иборат рўйхатни юборди.

Ҳозирда Украина ва Молдовадан ташқари Албания, Шимолий Македония, Сербия, Черногория ва Туркия Европа Иттифоқига аъзоликка расмий номзодлар саналади. Бироқ, бу давлатларнинг ҳеч бири учун Европа Иттифоқига кириш шартлари аниқланмаган.

Мавзуга оид