Жаҳон | 17:58 / 16.12.2022
30327
4 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб янги ракета зарбалари. Асосий маълумотлар

Киевда иссиқлик йўқ, Харкивда тўлиқ ток ўчган, Кривий Риҳда турар жойга зарба келиб тушиши оқибатида қурбонлар ва жабрланганлар бор.

Фото: Reuters

Россия қўшини Украина бўйлаб навбатдаги марта ёппасига ракета зарбалари йўллади. 16 декабр тонгида мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат 13:00 ҳолатига кўра, россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб 76 ракета учирган, шундан 60 таси уриб туширилган. Украина ҳукумати ва ОАВ бир қанча регионларда, жумладан Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушганини маълум қилган.

Янги ҳужумлар туфайли бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида фавқулодда узилишлар рўй берган, бу ҳақда Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко маълум қилди. Энергетика вазири ўринбосари Герман Галушченко эса ракета зарбалари оқибатида Украина шарқи ва жанубида энергетика объектлари шикастланганини айтган. «Укрэнерго» фавқулодда ҳолат ҳақида эълон қилган, чунки зарбалар туфайли Украина энергия тизими қувватининг 50 фоиздан ортиқ қисмини йўқотган.

Киев мэри Виталий Кличко шаҳарнинг учта районида портлашлар рўй берганини маълум қилди: Деснянский, Днепровский ва Голосеевский. Унинг айтишича, шаҳарда энергетика инфратузилмалари шикастланиши оқибатида сув таъминотида узилишлар юзага келган. Шунингдек, маҳаллий аҳоли айрим районларда иссиқлик таъминотидаги муаммолар ҳақида хабар берди. Метрода поездлар ҳаракати тўхтатилган, станциялар бомбапанагоҳ сифатида ишлашга ўтган. Киевда зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Киевда мобил алоқа ва интернетда ҳам муаммолар кузатилмоқда.

Киев областининг Бровари посёлкасида уриб туширилган ракета парчалари аҳоли уйлари устига қулаган, жабрланганлар йўқ.

Кривий Риҳда турар жой биноси зарбага учраган, Кирилл Тимошенконинг маълумотига кўра, кўп қаватли турар жой биносининг бешта подъездидан бири вайрон бўлган. Област маъмурияти раҳбари Валентин Резниченконинг маълумотига кўра, бу уйда яшовчилардан икки нафари ҳалок бўлиб, яна саккиз киши жароҳатланган. Жабрланганлар орасида уч бола ҳам бор.

Кривий Риҳда 16 декабр тонгидаги зарбалар оқибатида вайрон бўлган турар жой биноси
Emergency Service of Ukraine / Reuters / Scanpix / LETA

Украинанинг бир қанча йирик шаҳарларида ток ўчиб қолган.  Харкив мэри Игор Тереховнинг сўзларига кўра, шаҳарда инфратузилма объектлари ракета зарбасига учрагач, электр энергияси йўқолган. Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов Россия қўшини региондаги критик инфратузилмаларга учта зарба йўллаганини, бутун регион бўйлаб эса ўнта ракета учиб келганини маълум қилган. Бутун Харкив области бўйлаб ток ўчган — қарийб 1,3 миллион киши электр энергиясисиз қолган. Харкив метроси фаолияти тўхтаган, метро бекатлари одамлар учун бошпанага айланган.

Полтава области маҳаллий расмийларига кўра, областнинг шу номдаги марказида электр таъминоти бутунлай ўчган, Кременчуг эса ҳам токсиз, ҳам ичимлик сувисиз қолган. Миколайив шаҳри ва Миколайив областида, област раҳбари Виталий Кимнинг хабар беришича, электрни фавқулодда ўчиришга тўғри келган. Днепрда метро ва электр транспорт фаолияти тўхтаган.

Харкив, Кировоград, Донецк ва Днепропетровск областларида энергетика объектлари шикастланиши туфайли қатор темирйўл участкаларида ток ўчган. Камида 15 та ракета учиб келган Запорижжя области раҳбарияти маҳаллий аҳолини электр ўчиришига тайёр бўлишга чақирган. Аввалроқ ракета зарбалари хавфи туфайли Украинанинг қатор областларида электр таъминотида профилактика мақсадларида фавқулодда узилишлар жорий этилганди.

Сўнгги икки ойда Россия бир неча бор Украинанинг энергетика объектларига ёппасига зарбалар берди. Украина бош вазири Денис Шмигал 11 декабр куни, Украинада давомли зарбалар туфайли барча иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектрстанциялари шикастланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид